Deprecated: Methods with the same name as their class will not be constructors in a future version of PHP; interface_custom_tag_widget has a deprecated constructor in /home/nasihat1/public_html/wp-content/themes/interface/inc/widgets/interface_widgets.php on line 130

Deprecated: Methods with the same name as their class will not be constructors in a future version of PHP; interface_service_widget has a deprecated constructor in /home/nasihat1/public_html/wp-content/themes/interface/inc/widgets/interface_widgets.php on line 200

Deprecated: Methods with the same name as their class will not be constructors in a future version of PHP; interface_promobox_widget has a deprecated constructor in /home/nasihat1/public_html/wp-content/themes/interface/inc/widgets/interface_widgets.php on line 309

Deprecated: Methods with the same name as their class will not be constructors in a future version of PHP; interface_recent_work_widget has a deprecated constructor in /home/nasihat1/public_html/wp-content/themes/interface/inc/widgets/interface_widgets.php on line 379

Deprecated: Methods with the same name as their class will not be constructors in a future version of PHP; interface_Widget_Testimonial has a deprecated constructor in /home/nasihat1/public_html/wp-content/themes/interface/inc/widgets/interface_widgets.php on line 527

Deprecated: Methods with the same name as their class will not be constructors in a future version of PHP; interface_featured_image_widget has a deprecated constructor in /home/nasihat1/public_html/wp-content/themes/interface/inc/widgets/interface_widgets.php on line 695
МАРКАЗИЙ ОСИЁ ҚИРОАТ ИЛМИ ТАРИХИ – Nasihat.uz

МАРКАЗИЙ ОСИЁ ҚИРОАТ ИЛМИ ТАРИХИ

МАРКАЗИЙ ОСИЁ ҚИРОАТ ИЛМИ ТАРИХИ

МАРКАЗИЙ ОСИЁ ҚИРОАТ ИЛМИ ТАРИХИ

Қуръони карим динимизнинг асосий муқаддас китоби, ибодат манбаи ва Роббимиз Аллоҳ таолонинг биз бандаларга хитобидир. Марказий Осиёда марказлашган давлатларнинг юзага келиши, иқтисодиёт ривожланиб, карвон йўлларининг тикланиши, савдо-сотиқнинг кенгайиши, ҳунармандчилик ва қишлоқ хўжалигининг ўсиши ўз навбатида маданий-маънавий юксалишга туртки бўлди. Шу билан бир қаторда, турли ўлкалардаги олимларнинг Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг марказий шаҳарларига тўпланишлари ҳам бунга ўзининг ижобий таъсирини кўрсатди. Бу нарса, айниқса, Темурийлар ва ундан кейинги даврларда анча ривожланди. Бу даврларда яратилган Марказий осиёлик олимлар яратган қироат ва тажвидга оид юзлаб асарлар бордир.

Қироат илми тарихини Марказий Осиёда илм-фан ва маданият жуда ривожланган Темурийлар даври ҳақида Д. Юсупова ўз тадқиқотида ёзишича, Темурийлар даврининг ўзида Мавлоно Муъиниддин Фароҳий (ваф. 907/1501-1502), Амир Ихтиёриддин Ҳасан Турбатий, Мавлоно Муъиниддин Воиз, Жамолиддин Атоуллоҳ (ваф. 905/1499-1500), Амир Сайид Аслиддин Абдуллоҳ Ҳусайний (ваф. 883/1478), Ҳофиз Ғиёс (ваф. 872/1468), Шамсиддин Муҳаммад ибн Шарафуддин Усмон (ваф. 901/1495), Низомуддин Абдуллоҳ, Хожа Имодуддин Абдулазиз Абҳарий, шайхулислом Сайфуддин Аҳмад Тафтазоний (ваф. 916/1511), Камолуддин Ҳусайн Воиз Кошифий, Шамсуддин Муҳаммад Табадгоний (ваф. 891/1486) каби (тафсир, ҳадис, фиқх, тасаввуф, қироат ва бошқа) диний илмларнинг  етук олимлари фаолият олиб борганлар[1]. Буларнинг номларини бизнинг диёрларда Аллоҳнинг каломи хизмати учун умрларини бағишлаган “Қуръон ходимлари” сифатида биз авлодлар билишимиз лозим.

Соҳибқирон Амир Темур даврида Самарқандга таниқли қироат олими Муҳаммад ибн Жазарий (1350-1430) келган бўлиб, ўзининг машҳур тажвидга бағишланган манзумаси –“Муқаддимат ал-Жазариййа” (Жазарийга кириш)асарини шу ерда яратган. XVI асрда самарқандлик олим Ёрмуҳаммад Самарқандий ўзининг қироат ва тажвидга оид “Қавоид ал-Қуръон” (Қуръон ўқиш қоидалари) номли асарини ёзган. Унда Имом Осим ва унинг ровийларининг қироатлари услуби ва қоидаларини муфассал зикр қилган. Унинг қўлёзма нусхалари ЎзР ФА Шарқшунослик институтида ҳам сақланади. Мазкур асардан ҳатто Мавлоно Алий ал-Қори ҳам “Муқаддимат ал-Жазариййа”га ёзган шарҳида фойдаланган.

“Ҳофизи калон” (катта ҳофиз) лақаби билан танилган Ҳофиз Бадриддин Бухорий ҳам қироат илмига оид “Дуррат ал-фарид” (Терилган гавҳар) номли асар ёзган. XVII асрда эса Ҳофиз Дўст Муҳаммад ибн Ёдгор ал-Вазирий “Мажмаъ ал-ажойиб” (Ғароиботлар жамланмаси) номли асар битган бўлиб, унда етти, ўн ва шозз қироатларни бирма-бир баён этган. Муҳаммад Боқий ибн Турсун Муҳаммад ибн Бобожон ибн Мавлоно Мирон ал-Бухорий ас-Соктарий эса Субҳонқулихонга бағишлаб Имом Шотибийнинг қасидасини тўла равишда форсийда шарҳлаб чиққан. Ушбу асар Тошкентда 1914 йили Мавлоно Алий ал-Қори ва Муҳаммад Шўъланинг шарҳлари билан бирга нашр этилган.

Ўзбек халқининг буюк шоири Алишер Навоий ҳам Қуръони карим, унинг қироати ва тажвидига оид билимларга эга бўлган ва ушбу фанларни яхши кўрган. У “Мажолис ун-нафоис”  тазкирасида тарихчи Шарафуддин Али Яздийга (ваф. 1454) бағишлаган мақоласида, ўзининг олти ёшлик вақтидаги бир воқеани эслайди: “Иттифоқо манзил аларнинг (Али Яздийнинг) хонақоҳи эшигида воқеъ эрди… тахминан олти ёшимда бўлғай эрдим… Фақир алар (Али Яздий) сори борурға муваффақ бўлдум. Ҳар неки сўрадилар, жавоб айтдим. Табассум қилиб, таҳсин қилдилар, дағи сўрадиларким:

Мактабга борурмисен?

Дедимким: – Борубмен.

Дедиларким: – Не ергача ўқубсен?

Дедимким: –– Таборак” [2]  сурасиғача,

Дедиларким: бу жамоат атфолидин биз тилағонда сен келиб, биз била ошно бўлдунг, сенинг учун фотиҳа ўқули деб, ўз фотиҳаларини мушарраф қилдилар” [3].

Бу ҳикоятдан кўриниб турибдики, Шарафуддин Али Яздий Алишердан ўқиётган китоби – Қуръони каримнинг қайси сурасига етганини сўраган. Суҳбатдан Шарафуддин бир гуруҳ болаларни билимларини синамоқчи бўлиб чақирганида биринчи Алишер Навоий келгани ва ўша даврда болалар учун дастлабки таълим Қуръон ўқишни ўрганишдан бошланиши маълум бўлади. Навоийнинг олти ёшидаёқ Қуръон илмидан муайян даражада билимга эга бўлган.

Навоийнинг Қуръон илмлари ривожи учун кенг имкониятлар яратгани унинг толиби илмларга қилган ғамхўрликларида ҳам кузатилади. Бунга мисол тариқасида “Хамсат ул-мутаҳаййирин” (Ҳайратга солувчи бешлик) асарида қайд этилган бир воқеани келтириш ўринлидир. Унда айтилишича, Навоий ва Жомийнинг яқин мусоҳибларидан бўлган шоир Хожа Деҳдорнинг Қуръонни мукаммал ёдлаб ҳофиз бўлишида Навоий бевосита ҳисса қўшган экан.Мазкур воқеа тафсилоти қуйидагича: Бир куни Хожа Деҳдорга тушида Абдураҳмон Жомий: “Қуръон ўқи!”, – дебди. Орадан 7-8 йил ўтгач, Хожа Деҳдор кўрган тушини  Навоийга сўзлаб беради. Навоийнинг тавсияси ва ҳаракати билан маълум вақтдан сўнг, Хожа Деҳдор Қуръонни ёдлаб, яхши ўқийдиган ҳофиз бўлиб етишган. Орадан бир қанча муддат ўтгандан сўнг, Навоийнинг топшириғи билан Астрободга юборилган Хожа Деҳдор, Жомийнинг вафотидан бир неча соат олдин Ҳиротга қайтиб келган бўлади. Иттифоқо ўша пайтда Жомийнинг бошида Қуръон тиловат қиладиган ҳофиз йўқ экан. У дарҳол Қуръон ўқий бошлайди ва хатм қилиши асносида Жомийнинг жони узилади. Навоий бу воқеа ҳақида гапирар экан Жомийнинг каромати 34 йил вақт ўтгач натижа берди, деб таъкидлайди [4].

Алишер Навоийнинг Қуръоний илмларга қўшган ҳиссаси унинг ўз даврида Қуръони каримга бир нечта тафсирлар ёздирганида ҳам кузатилади. Жумладан, бу тафсирларнинг иккитаси – “Жавоҳир ат-тафсир ли туҳфат ал-Амир” (Амирга аталган тафсирларнинг жавоҳири) ва “Мавоҳиби Алийя” (Юксак ҳадялар) шахсан шоирнинг бевосита таклифи ва ҳомийлигида ёзилган.

Амир Темур давридаги маданият ҳақида изланиш олиб борган Н.Норқулов унинг саройида меъмор ва наққош Муҳаммад Юсуф, олим, хаттот ва мусаввир Хожа Абдулқодир Гўянда, чапдаст хаттот Умар Ўқта, рассом Пир Аҳмад Боғишамолийлар ижод қилганини ёзади[5]. А.Мадраимов эса, мазкур хаттотлардан Умар Ўқта Қуръони каримнинг ажойиб нусхасини кўчириб Соҳибқиронга ҳадя қилгани ҳақида Қози Аҳмад Қумийнинг “Гулистони ҳунар” (Санъат гулистони) номли асаридан парча келтиради[6].

Маданий ҳаёт тараққиёти аввало бунёдкорликнинг турли соҳаларида кўзга ташланади. Чунончи, Марказий Осиёда меъморчилик бир неча босқичларда ривожланганини кўриш мумкин. Масалан, мавжуд бинолар таъмирланган бўлса, ўз навбатида, фан ва таълим соҳасига хизмат қилувчи муҳим иншоотлар барпо этилган. Жумладан, “Дорулҳуффоз”(Қуръони Карим ёд олувчилар уйи) номли меъморий иншоот Марказий Осиёнинг қарийб барча йирик шаҳарларида қурилган бўлиб, уларда Қуръони карим қорилари ва барча қироатларни илмий ўрганиб чиққан ҳофизи Каломуллоҳлар тайёрланган[7].

Ўрта асрларда 20 мингдан ортиқ ҳадисни ёд билган ёки Қуръонни камида етти қироатда ёд олган қорилар ҳофиз деб номланган.

Марказий Осиёда – Самарқанду Бухоро, Тошкент, Қўқон шаҳарларида XVIII-XIX асрларда ҳам қироат ҳамда тажвидга оид ўнлаб асарлар яратилган бўлиб, ҳалигача тадқиқотчиларини кутиб ётган бўлса ажаб эмас. Умуман, Марказий Осиёлик олимларнинг ҳам қироат ва тажвид илмларига бошқа исломий илмлар қатори буюк ҳиссалари борки, ҳалигача улар етарлича ўрганилган эмас.

Ушбу маълумотлардан маълум бўладики, тарихдан ўзбек халқи Аллоҳнинг каломи – Қуръони каримга муҳаббатли, уни ёд олган ҳофизи Қуръонларга ҳурмат ва эҳтиромда бўлишган. Буни яққол далили аждодларимиз томонидан ёзилган Қуръон тафсири ҳамда тажвидига оид китоблар ва Қуръон ёдлатиш мадрасаларида ўз ифодасини топади. Бугунги кунимизда ҳам диёримизда Тошкент шаҳри Олмазор тумани Олимпия даҳасида Тошкент ислом институти “Таҳфизул-Қуръон” (Қуръон ёдлатиш) кафедраси ўз фаолиятини олиб боряпти ва ушбу зиё даргоҳида 70 нафар Қуръон ҳофизлари Қуръон ёдлаш билан бирга диний ва дунёвий илмларни пухта эгаллашмоқда.

Аллоҳ! Ҳаммамизни каломинг шафоатига муяссар қилгин!

Аҳмадхон РАШИДОВ,

Тошкент ислом институти “Таҳфизул-Қуръон”

кафедраси ўқитувчиси