КАМТАРОНА КИЙИНИШ

КАМТАРОНА КИЙИНИШ

КАМТАРОНА КИЙИНИШ

Мусулмон киши барча ишлари сингари кийинишда ҳам камтар бўлиши лозим:
Муоз ибн Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким (қимматбаҳо) либосларга қодир бўла туриб, камтарлик қилиб, Аллоҳ учун уни тарк қилса, Қиёмат куни Аллоҳ таоло уни одамлар орасидан чақириб, иймон (эгалари киядиган жаннат) либосларидан хоҳлаганини танлаб кийишига имкон беради”, дедилар.
Имом Термизий ривоят қилган

Мусулмон киши қимматбаҳо кийимларга берилмай, камтарона кийинадиган бўлса, тақводор ва тавозели кишиларга яқин бўлади. Қайси бир банда камтарликни лозим тутса, у кибр, исроф ва ўзга инсонларнинг ҳасадидан узоқда бўлади.

Шунингдек, одамлардан ажралиб туриш ва бошқаларни ҳам ўзига қаратиш мақсадида хоҳ қимматбаҳо бўлсин, хоҳ йиртиқ-ямоқ бўлсин, муайян кийим кийиш шариатимизнинг кўрсатмаларига хилофдир. Қуйидаги ҳадиси шарифда шундай дейилган:

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бу дунёда (одамларни ўзига қаратадиган) шуҳрат кийимини кийса, Аллоҳ таоло Қиёмат куни унга хорлик кийимини кийдиради”, дедилар.
Имом Аҳмад ривоят қилган

Қудратуллоҳ Сидиқметов