МАЪРУФ ИЛА ЯШАНГИЗ

МАЪРУФ ИЛА ЯШАНГИЗ

МАЪРУФ ИЛА ЯШАНГИЗ

Аллоҳ таоло эрларга насиҳат қилиб, Қуръони каримда шундай дейди: “… Ва улар ила яхшиликда яшангиз. Агар уларни ёқтирмасангиз, шоядки, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса” (Нисо сураси, 19-оят)

Ушбу таржимадаги “яхшилик” сўзи оятнинг арабча матнида “маъруф”, деб келган. Араб тилида яхшиликни ифодалайдиган бошқа сӯзлар ҳам бор. Лекин “маъруф” сўзи “яхшилик” маъносини ифодалайдиган бошқа сўзлардан кўра кенгроқ маънони қамрайди. Инсон ўзининг ота-онаси, ака-укаси, опа-синглиси ва қариндошлари каби ўзи ёқтирган кишиларга яхшилик қилиши табиий ҳолдир. Чунки қариндошлик ришталари бор бўлгани учун уларга яхшилик қилсагина унинг қалби хотиржам бўлади. Бу ҳам яхшилик қилиш дейилади. Аммо “Маъруф” сўзи умумий бўлиб, ўртада қариндошлик ёки меҳр-муҳаббат бўлмаса ҳам ўз ихтиёри билан қилинадиган яхшликни ифодалайди.
Шунинг учун “маъруф” сўзи билан бошқа “яхшилик қилиш” сўзлари орасида фарқ бор. Масалан бир киши ўзи ёқтирмаган кишига яхшилик қилса, бу маъруф дейилади.
Аллоҳ таоло бизларни оилавий ҳаётда маъруф ила яшашга буюряпти. Оилалар бузулмаслиги, саодатли бўлиши учун барча мусулмонлар ушбу оятга риоя қилиши вожибдир.

Ғарб ўлкалари каби оилани фақатгина севги ва муҳаббат устига қурамиз деганлар катта хато қилади. Чунки фақатгина севги-муҳаббат сабабидан қурилган оилада агар муҳаббат сўниб қолса, у оила хароб бўлади.
Шунинг учун Аллоҳ таоло “Улар ила маъруф (яъни, яхшилик)да яшангиз”, деб марҳамат қилди. Бу дегани ўртангизда муҳаббат бўлмай қолса ҳам, уларга яхшилик қилинг, талоқ қўйманг, улар билан яхшилик ила яшанг, деганидир. Баъзи эрларга аёлининг ёқмай қолишида биргина сабаб унинг кўриниши ўзгарганлиги бўлади. Аёлининг кўриниши унинг ҳис-туйғуларини қўзғатмаётган бўлади.

Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига бир киши келиб: “Эй мўминларнинг амири, мен хотинимни ёқтирмай қолдим. Шунинг учун уни талоқ қилмоқчиман”, деди. У зот: “Нима, оила фақатгина севги устига қуриладими, унда қадр-қиймати қаерда қолди?”, деб жавоб бердилар.
Мазкур киши аёлини худди ёшлигидагидек бир умр қалбини ром этади, деб ўйлаган эди. Умар розияллоҳу анҳу унга бу нарса аввалда бўлишини, кейин эса эр-хотинни боғлаб турадиган бошқа нарсалар вужудга келишини тушунтирдилар.

Шунинг учун Аллоҳ таоло: “Агар уларни ёқтирмасангиз, шоядки, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса”, деб марҳамат қилди.
Яъни, эр ёқтирмай қолган томондан Аллоҳ таоло унга кўплаб яхшиликлар эваз қилиб беради. “Шоядки” лафзи аслида умидни ифодалайди. Лекин Аллоҳ таоло томонидан айтилганда аниқ амалга ошишини ифодалайди.

Йигитнинг оила қуришдан мақсади уни кўриши биланоқ ҳис-туйғуларини қўзғатадиган аёлга уйланиш бўлмасин, балки ҳис-туйғулари қўзғалганда, унга сокинлик бахш этадиган аёлга уйланиш бўлсин. Чунки ҳис-туйғулари учунгина уйланса, фақат чиройи учун уйланган бўлади ва аёл билан фақат жинсий алоқа учунгина яшайди. Аёлнинг фақат биргина сифатини кўзда тутиб уйланмаслик керак. Балки бошқа томонлари, яъни, диндорлиги, илми, одоб-ахлоқи, насл-насаби каби муҳим томонларини ҳам ҳисобга олиш лозим бўлади.

Шуни унутмаслик керакки, Аллоҳ таоло фазилатларни барча халойиққа тақсим қилиб берган. Бирига гўзаллик, бирига ақл, яна бирига ҳикмат, бошқа бирига омонат, бирига вафо, бирига эса муваффақият берган. Бундай фазилатларни кўплаб санаш мумкин. Эр агар ҳикмат билан иш қилмоқчи бўлса, биргина томони, яъни ҳусни-жамолининг ўзигагина қараб қолмасдан, балки бошқа томонларини ҳам ҳисобга олиши лозим бўлади. Чунки аёлнинг қадр-қиймати унинг ҳусни-жамоли билангина ўлчанмайди.

Оятнинг нозик бир нуқтасига эътибор қаратайлик: “Агар уларни ёқтирмасангиз” дейилмоқда. Бу ишда эр ҳақли бўлиши ҳам, ёки ноҳақ бўлиши ҳам мумкин. Лекин шундай ҳолатларда ҳам аёлига маъруф ила муомала қилган эрларга: “Шоядки, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса”, деб марҳамат қилмоқда. Шунга кўра агар эрларга аёлларининг иймон-эътиқоди ва динига тегишли бўлмаган бошқа бир томони ёқмай қолса, сабр қилсинлар. Агар сабр қилсалар, Аллоҳ таоло аёлининг бошқа томонидан кўплаб яхшиликларни албатта инъом этади.

Қудратуллоҳ Сидиқметов