ҚУРЪОННИ ТЎҒРИ ЎҚИШГА ҲАРАКАТ ҚИЛИНГ

ҚУРЪОННИ ТЎҒРИ ЎҚИШГА ҲАРАКАТ ҚИЛИНГ

ҚУРЪОННИ ТЎҒРИ ЎҚИШГА ҲАРАКАТ ҚИЛИНГ

Қуръоннинг тўғри қироат қилиш жуда ҳам муҳим бўлгани учун Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ҳам ҳар йили Жаброил фариштага уни ўқиб бериб, ўтказиб турганлар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «… Жаброил алайҳиссалом Рамазоннинг ҳар кечасида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан учрашиб, Қуръонни ўзаро бир бирига ўқиб берар эдилар». Имом Бухорий ривоят қилган.

Уламолар ушбу ҳадисни шарҳлаб шундай деганлар: Жаброил алайҳиссаломнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан дарс қилишларининг сабаби – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръонни тажвид билан ўқишни ва ҳарфларини ўз махражларидан чиқаришни ўргатиш ҳамда Қуръонни устоздан оғизма-оғиз ўтказиб олиш лозим эканини умматга билдириш учун бўлган эди. Чунки Қуръонни мустақил ўрганиб бўлмайди.

Қуръон – шогирд устоздан оғизма-оғиз таълим олиб ўрганиши лозим бўлган китобдир.
Ҳар бир мусулмон Қуръон ўқишни билиши зарур бўлгани учун балоғатга етмаган ёш болаларга Қуръони каримни ҳатто таҳоратсиз ушлашга ҳам рухсат берилган. Бунинг сабаби шуки, агар Қуръон ёдлаётган ёш болалар ҳам таҳорат олишга буюрилса, улар таҳорат қилишга малолланиб, Қуръон ўқишдан тўсилиб қолади. Қуръонни ёдлаш ўта аҳамиятли бўлгани боис динимиз ёш болалар Қуръондан узоқлашиб кетмасин деб, уларга Қуръонни таҳоратсиз ушлашга ҳам рухсат берди.

* Ҳаммамиз яхши биламизки, намозда Қуръони каримдан қироат қилиш намознинг рукни ҳисобланади. Шунга кўра, намозда қироат сабабли йўл қўйилган айрим хатолар намозни бузади. Бизнинг оғриқли нуқталаримиздан бири ҳам шуки, айрим намозхонлар намознинг қироати ва баъзи зикрларини нотўғри талаффуз қилишади. Шу унутмайликки, қироат, сано, такбир ва шу каби зикрлардаги баъзи камчиликларимиз намозимизни буткул бузиб юборади. Ҳатто баъзи жойларда намозга иқтидо қилганимизда, имомликка ўтган кишининг қироати, ҳатто такбирларидаги камчиликлари сабабли намозни яна қайта ўқишга мажбур бўлиб қоламиз. Бунга эътиборсиз бўлмаслик керак. Чунки Қиёматда иймондан кейин намоздан сўраламиз.

Умуман олганда барча мусулмонлар, хусусан жамоатга намоз ўқиб берадиган масжид ходимлари бу нарсаларга ўта аҳамият беришлари лозимдир. Чунки оддий киши фақат ўзининг намозига жавоб берса, имомлар уларга эргашган барча муқтадийларнинг намозларига жавоб берадилар.

Қудратуллоҳ Сидиқметов

«Ҳикматлар чашмаси»