СОКИНЛИК МАСКАНИ

СОКИНЛИК МАСКАНИ

СОКИНЛИК МАСКАНИ

“Ва сизларга сокинлик топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратганлиги ҳамда ораларингизда муҳаббат ва меҳрибонликни солиб қўйгани (ҳам) Унинг оят-белгиларидандир. ..” (Рум сураси, 21-оят)

Оила қуришнинг асл сабабларидан бири эр-хотин бир бирларидан сокинлик топишларидир. Эр кундузи меҳнат билан овора бўлиб, кунни кеч қилади ва уйига чарчаб келади. Шунда унга аёлидек сокинлик бера оладиган кимса бўлмайди. Мана шундай сокинлик сабабли у яна тетиклашади ва эртанги кунги касби учун янги ғайрат ҳосил қилади.

Шунингдек оиланинг оғир-енгилликларини бирга кўтаришлари учун Аллоҳ таоло уларнинг ўртасига муҳаббатни ҳам солиб қўйди. Эр уйдан ташқарида оиланинг зарур бўлган таъминоти учун машғул бўлса, аёл уйнинг тадбири ва фарзанд тарбияси билан машғул бўлади. Бу нарсалар уларнинг ўртасида ўзаро муҳаббатни ҳосил қилади.

Шунингдек уларни бир бирига меҳрибон қилиб қўйди. Оятда аввал муҳаббат, кейин эса меҳрибонлик зикр қилинди. Одам боласи борки, вақт ўтиши билан хилқати ўзгариши ва куч-қувватнинг кетиши ҳақиқатдир. Аёлнинг гўзаллигига ҳам кунларнинг ўтиши ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди.

Бир нарсага эътибор қилишимиз лозим бўладики, инсон ёши ўтганидан сўнг аввалгидек сокинлик топа олмагани сабабли ўзаро муҳаббат йўқолиши мумкин. Чунки аёл эрининг хизматини аввалгидек қила олмайди. Эр ҳам аввалги ҳолидек касб қилиб бера олмай, камбағал бўлиб қолиши мумкин. Ана шунда улар бир бирига суянчиқ ҳамда меҳр-шафқатли бўлишга муҳтож бўлишади. Шунинг учун Аллоҳ таоло уларнинг орасига меҳрибонликни солиб қўйган. Қарилик етганда улар бир бири ҳақида: “Ёшлигини мен учун, менинг қувончларим учун фидо қилган эди, энди қариганда меҳрибон бўлишим керак” деб, бир бирига суянчиқ бўлишлари лозим.

Агар Аллоҳ таоло уларнинг ўртасига меҳр-муҳаббат солиб қўймаганида эди ёки уларнинг ўртасидаги меҳрибонлик худди ошналар, улфатлар ёки шериклар ўртасидаги меҳрибонлик каби бўлганида эди, оддий келишмовчиликлар сабабли оилалар бузилиб, юз кўрмас бўлиб кетаверар эди. Уларнинг ўртасида бунчалик меҳр-муҳаббат бўлиши эса Аллоҳ таолонинг мўъжизаси ҳамда У зотнинг чексиз қудрат соҳиби эканига далилдир.

Қудратуллоҳ Сидиқметов