Пайғамбар солаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат

Пайғамбар солаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат

Пайғамбар солаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат

وعن أنس رضي الله عنه قال : قال رسول الله صلى الله عليه و سلم :  لا يؤمن أحدكم حتى أكون أحب إليه من والده وولده والناس أجمعين                                     

Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сизлардан бирортангизнинг иймони мен унга ота-онаси фарзанди ва барча инсонлардан ҳам кўра суюклироқ бўлмагунимга қадар комил бўлмайди.” Муттафақун алайҳ.

Ушбу ҳадиси шарифнинг ровийси Анас ибн Молик р.а.дирлар. У зотнинг кунялари Абу Ҳамзадир. “Ҳамза” сўзи бир ўсимликнинг номи бўлиб, Анас р.а. уни ҳуш кўрганлари туфайли шу ном билан аталганлар. У зот ўн йил давомида Пайғамбаримизнинг хизматларида бўладилар. Оналарининг исми Умму Сулайм р.а. Набий алайҳиссалом у кишининг ҳақларига тўрт дуони қилганлар: умрига, фарзандларига, ризқига барака ва гуноҳларнинг кечирилиши. Мана шу дуонинг баракаси ўлароқ у зот ҳаётлари давомида унинг ижобатини кўрадилар.

Ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом у зотнинг ўзларига уммат томонидан бўладиган муҳаббатни баён қилмоқдалар. Яъни, бирор кишининг иймони Набий алайҳиссаломга бутун борлиғи билан муҳаббат қўймагунига қадар комил бўлмайди. Ҳатто ўз ота-онаси, фарзандлари ва бошқа барча инсонларга бўлган муҳаббатдан устун бўлиши зарур. Ваҳоланки, муҳаббат қалбнинг иши бўлса, киши унга ўз ихтиёри билан молик бўлолмайди. Бу ўринда киши ўзини ўз ихтиёрида бўлмаган нарсага мажбурлаш лозим келмайдими, деган савол юзага келса, унга шундай жавоб берилади: муҳаббат аслида икки хил бўлади: табиий ва ақлий. Табиий муҳаббат инсоннинг ихтиёрисиз, ўзи ҳам билмаган ҳолда бир инсонга боғланиб, уни яхши кўриб қолишидир. Ақлий муҳаббат эса, бир инсоннинг камолоти ва етуклиги ҳақида тафаккур қилгандан сўнг ўша шахс ва зотга нисбатан қалбда муҳаббат пайдо бўлади. Бу худди аччиқ дорининг шифоси борлигини билиб, ўзи ихтиёр қилиб истеъмол қилишга ўхшайди. Шу сабабдан ҳам ҳадиси шарифда таржиҳ берилаётган муҳаббат бу – ақлий муҳаббат саналади.

Баъзи уламолар бу ердаги муҳаббат табиий муҳаббат дедилар. Чунки, муҳаббатнинг сабаблари топилган вақтда, ўз-ўзидан табиий муҳаббат юзага келиши мумкин. Демак, муҳаббат пайдо бўлишининг сабаблари ҳусн, саҳоват, комиллик экан. Бу сабаблар эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда энг мукаммал даражада мавжуд эди. Аллома Дархос р.а. айтадиларки: “Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳуснлари бемисл бўлган ва у зотнинг гўзалликлари ёнларида ҳозир бўлган инсонларга ҳам акс берарди. Шу туфайли у зотни сўраб келган аъробийлар дарҳол у зотни таний олмаган.” У зотнинг саҳоватлари ҳам бениҳоя кенг бўлган. Билол р.а.га келган инсоннинг қўлини қуруқ қайтармасликка, қарз олиб бўлсада унга бирор нарса бериб жўнатишга амр қилганлар. Шу туфайли Пайғамбар алайҳиссаломда муҳаббатнинг барча сабаблари мукаммал тарзда топилиши туфайли табиий муҳаббат ҳам ҳосил бўлар экан.

Бошқа ривоятларда Умар р.а. Пайғамбар алайҳиссаломга бўлган муҳаббатлари ўз нафсларидан кейинги ўринда эканини айтганларида, у зот ҳатто ўз нафсига бўлган муҳаббатдан ҳам устун муҳаббатда бўлишларини айтадилар. Шундан кейин Умар р.а. ўз нафсларидан ҳам кўра Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатлироқ бўладилар. Бу ҳолат эса, нафақат Умар р.а. балки, бутун уммати Муҳаммадияга тегишли бўлган ишдир.

 

Муҳаммадий қори Эргашев 

Aҳмаджон қори жоме масжиди имом-хатиби