ЗУЛМГА БЕРПАВО БЎЛСАНГИЗ, …

ЗУЛМГА БЕРПАВО БЎЛСАНГИЗ, …

ЗУЛМГА БЕРПАВО БЎЛСАНГИЗ, …

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Сизлардан ким бирор мункар ишни кўрса, қўли билан ўзгартирсин, агар (қўли билан ўзгартиришга) қодир бўлмаса, тили билан (ўзгартирсин), агар (тили билан ўзгартиришга ҳам) қодир бўлмаса, қалби билан (шу ишни ёмон кўрсин) ва бу иймоннинг заифидир”, деб айтаётганини эшитдим. Имом Муслим ривоят қилган.

Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло ман қилган нарсалардан сақланувчилар ва (ман қилган нарсаларни) қилувчиларнинг мисоли кемада қуръа ташлаб, баъзилари кеманинг устига, баъзилари эса унинг пастига минган қавм кабидир. Пастдагилар сув оладиган бўлишса, устидагиларнинг олдидан ўтишар эди. Улар: “Биз ўз ҳиссамиздан бир жойни тешсак, юқоридагиларга озор бермасдик”, дейишди. Агар юқоридагилар уларни хоҳлаганини қилишларига қўйиб беришса, ҳаммалари ҳалок бўлишади. Агар уларнинг қўлларидан тутсалар, улар ҳам, булар ҳам нажот топишади”, дедилар. Имом Бухорий ривоят қилган.

Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Эй инсонлар, сизлар албатта ушбу оятни ўқийсизлар: “Эй, иймoн кeлтиргaнлaр! ўзингизгa қaрaнг! мoдoмики, ҳидoят тoпгaн экансиз, aдaшгaнлaр сизгa зaрaр кeлтирa oлмaйди. …” (Моида сураси, 105-оят) Ҳолбуки, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Одамлар золимни кўрганларида уни (тўхтатишга қодир бўла туриб) тўхтатишмаса, тезда Аллоҳ таолодан уларга оммавий азоб келади”, деётганларини эшитганман, дедилар. Имом Термизий, Абу Довуд ва Насоийлар саҳиҳ санад билан ривоят қилишган.

Ҳа, ушбу оятнинг зоҳирига қарасак, ўзгаларнинг залолатда юриши ҳидоят топган кишиларга таъсир қилмайдиганга ўхшаб кўринади. Яъни, сиз ўзингиз ҳидоятда экансиз, бошқалар қандай ҳолатда бўлишининг сизга аҳамияти йўқдир, деётгандек кўринади. Баъзи инсонлар ушбу оятдан мақсад шудир деб, “Ўзингни бил, ўзгани қўй”, деган нотўғри тушунчага бориши ҳам мумкин. Аслида оятнинг мақсади бу эмас. Чунки Аллоҳ таоло мазкур оятда “мoдoмики, ҳидoят тoпгaн экансиз, aдaшгaнлaр сизлaргa зaрaр кeлтирa oлмaйди” деб, ҳидоятда бўлишни шарт қиляпти. Киши ҳидоятда бўлиши учун эса яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариши лозим бўлади. Мусулмон кишидан талаб қилинадиган нарса фасод ва бузғунчиликларнинг олдини олиш, уларга қарши курашиш ҳамда огоҳ ва хушёр бўлишдир.

Қудратуллоҳ Сидиқметов