Муҳимини муқаддам қўйинг!

Муҳимини муқаддам қўйинг!

Муҳимини муқаддам қўйинг!

Уламолар Аллоҳ таолонинг ҳузурида қайси касб афзал экани, яъни қайси касбнинг савоби кўпроқ экани борасида ихтилоф қилишган:

 

Баъзилари касбларнинг энг афзали деҳқончилик, чунки озиқ-овқат ва ҳаёт мана шу биландир, дейишди ва ушбу ҳадисни ҳам далил қилишди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир мусулмон бир кўчат ўтқазса ёки бир экин экса-ю, ундан қушми, инсонми, ҳайвонми еса, бу ундан садақа бўлади”, дедилар”(1). Яъни, ундан манфаатланиб турилар экан, унинг номидан садақа бўлиб тураверади.

 

Баъзи уламолар касбларнинг энг афзали саноатчилик деб, ушбу ҳадис билан далилланишди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳеч ким қўл меҳнати билан (яъни, ўз меҳнати, пешона тери билан) топиб еганидан кўра яхшироқ таом еган эмас. Аллоҳнинг набийси Довуд алайҳиссалом ҳам ўз қўл меҳнати билан кун кўрар эди”, дедилар”(2). Ҳа, Довуд алайҳиссаломга Аллоҳ таоло мол-дунё берган бўлса ҳам, у зот ўз меҳнати билан, яъни Аллоҳ таоло унга совут ясаш санъатини ўргатган эди, у зот алайҳиссалом шу меҳнатлари билан кун кўрардилар.

 

Баъзи уламолар қуйидаги ҳадисга биноан тижоратни энг афзал касб дейишди: “Набий алайҳиссалом: “Ростгўй, омонатдор тижоратчи набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир”, – дедилар (3). Бундан ташқари кўпчилик саҳобалар тижорат билан шуғулланишганини ҳам далил қилишган.

 

Баъзи уламолар эса шундай дейишган: Ҳақиқат шуки, бирор бир касб мутлақ афзал бўлмайди. Албатта, энг афзал касб жамият энг кўп эҳтиёж сезиб турган касбдир. Гоҳида жамият озиқ-овқатга кўпроқ эҳтиёж сезади. Бу пайтда зироатчилик энг афзал касб бўлади. Гоҳида зироат сероб бўлади, лекин саноатда нуқсон бўлади. Масалан, бугунги кунда биз мусулмонлар саноатни пухта қилмаймиз. Ҳадид сурасининг уммати бўла туриб, ишлаб чиқаришни, саноатни ҳар тарафлама пишиқ, бекаму кўст қилмаймиз. Мана шу томон билан машғул бўлинг, умматнинг номидан фарзи кифояни бажаринг, уммат бой бадавлат бўлиб, ўзгадан беҳожат бўлади ва тўлиқ таъминланади.

 

Шайх Юсуф Қарзовий

 

* Ҳа, жамият учун муҳим бўлган ишларни муқаддам қўйиш керак. Иймон-эътиқод масаласини олайлик. Жамият аъзолари шаҳодат калимаси борасида қониқарли жавоб беролмай турган бир пайтда Аллоҳ таолонинг зоти ёки сифати ҳақида баҳс қилиш, Унга макон исбот қилиш ёки қилмаслик ҳақида жанжаллашиш, мавлид жоиз ёки ножоиз деб тортишиш, “сен фалонийсан”, “сен писмадоний” деган танқидлар ўринли бўлмаса керак. Минг йиллардан бери давом этиб келаётган бу каби баҳслар бизда ҳам барҳам топмаса керак. Шундай экан, жамият учун энг манфаатли бўлган ишларни қилайлик, муҳимини муқаддам қўяйлик, муҳими билан машғул бўлайлик!

 

Айниқса, бугунги кунда даҳрийлар ўзаро бирлашиб, Исломга қарши турли фитналар уюштириб турган бир пайтда, мусулмонлар ўзаро келишмовчиликда бўлишлари янада ачинарлидир. Аллоҳ таоло шундай деган: “Кофир бўлганлар ўзаро бир-бирларига дўстдирлар. Агар шуни қилмасангиз, (яъни сизлар мўминлар билан ўзаро дўст бўлмасангиз,) ерда фитна ва катта фасод бўлур”(4).

Қудратуллоҳ Сидиқметов

 

(1) Имом Бухорий ривоят қилган.

(2) Имом Бухорий ривоят қилган.

(3) Имом Термизий ривоят қилган.

(4) Анфол сураси, 73-оят.