Мусулмон

Мусулмон

Мусулмон

Мавлоно Муҳаммад Шафиъ Усмоний раҳматуллоҳи алайҳнинг Муҳаммад Закий исмли тўнғич ўғиллари хат-саводлари чиқиб, мактуб ёзишни ўрганган вақтларида оталари “Биринчи мактубингизни устоз Ашраф Алий Таҳонавийга ёзинг”, деб маслаҳат берибди. Муҳаммад Закий [раҳматуллоҳи алайҳ] устозларига мактуб йўллаганларидан сўнг, Ашраф Алий Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳдан у кишига жавоб мактуби келибди. Жавоб мактубида шундай дейилган эди: “Азизим Муҳаммад Закий салимаҳу, Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу. Менга сизнинг мактубингиз етиб келди. Уни ўқиб жуда хурсанд бўлдим. Аллоҳга ҳамд бўлсинки, сиз ёзишни ўрганиб олибсиз. Мактуб ёзишни янада мукаммаллаштиришга ҳаракат қилинг. Шу билан бирга “Мактубимни ўқийдиган кишиларга азият етмасин”, деган ниятда бўлиб, шунга интилинг. Қарангки, мен сизни ҳозирдан сўфий қиляпман”.

Жавоб мактубидаги сўнгги жумлага қаранг! Унда сўфиликнинг моҳиятига ишора қилинмоқда. Бугунги кунда сўфий деганда биз сочи ўсган, кийимлари бир аҳволда бўлган кишини кўз олдимизга келтирамиз. Аслида эса сўфийликнинг туб моҳияти ўзгаларга азият бермаслик экан. Диннинг асосий руҳи ҳам шу – бошқаларга азият етказишдан сақланишдир. Бу ўринда Ашраф Алий Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ ёш болани огоҳлантириб, ҳуснихат билан ёзишга тарғиб қилмоқдалар. Хатингиз хунук бўлса ҳам, уни ўқиган киши озор чекади. Шундан сақланинг, демоқдалар.

Бундан кўринадики, тасаввуфнинг асл мақсади, дуо-ю зикрлар, муроқаба-ю мукошафалар эмас, Аллоҳ таолонинг розилиги, Унинг махлуқотларига раҳм қилиш ва улардан азиятни даф қилиш экан.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон – қўли ва тилидан мусулмонлар омонда бўлган кишидир”, дедилар”. Имом Бухорий ривоят қилган.

Ушбу ҳадисда бандаларнинг ҳаққи баён қилинган. Иймоннинг тақазосига кўра қилинадиган амалларнинг қуйи даражаси бошқа инсонга озор бермасликдир. Энг олий даражаси эса озор бермаслик билан бирга унга фойда етказиш ва унга ғамхўрлик ҳам қилишдир. Ундан юқори даража бошқа одамга фойда етказиш. Ундан ҳам юқори даража бор. унда нафақат фойда етказиш, балки ўзига яхши кўрган нарсани бошқага ҳам яхши кўришидир. Ундан ҳам юқори даражаси бошқа инсонга бўлган муҳаббат сабабли уни ўз жонидан ҳам ортиқ кўриш, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у зот алайҳиссаломни ўзининг жонидан ҳам ортиқ яхши кўриш.

Ундан ҳам юқори даражаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қилиш сабабли у зотга алоқадор бўлганларни ҳамда у зот алайҳиссалом яхши кўрган кишиларни ҳам яхши кўришдир.
Юқорида келтирилган ҳадисни мусулмоннинг таърифи дейиш мумкин. Яъни Мусулмон – қўли ва тилидан мусулмонлар омонда бўлган кишидир. Демак, мусулмон киши ўзга инсонга озор берса, ушбу таърифга хилоф иш қилган бўлади. Шундай экан, барча мусулмонлар унинг озоридан омонда бўлсин, бирон бир мусулмон унинг тили ва қўлидан озор чекмасин.

Қудратуллоҳ СИДИҚМЕТОВ тайёрлади

«Ҳикматлар чашмаси»дан

@nasihatuz