Бомдод намозига тура олмаслик (ва унинг давоси)

Бомдод намозига тура олмаслик (ва унинг давоси)

Бомдод намозига тура олмаслик (ва унинг давоси)

Савол: Бир қардошим шундай деб шикоят қилди: “Кўпинча бомдод намозини ўтказиб юбораман. Камдан-кам ҳолда ўз вақтида адо қиламан. Аксар ҳолатда қуёш чиққандан кейин уйғонаман. Мабодо уйғонсам ҳам жамоатни қўлдан бой берган бўламан. Уйғониш учун кўп ҳаракат қилдим. Лекин фойдаси бўлмади. Бу муаммонинг ечими нима?”

Жавоб: Аллоҳ таъолога беадад ҳамду санолар бўлсин. Энди, бу муаммонинг ечими – бошқалари каби – икки жиҳатдан иборатдир: Илмий жиҳат ва амалий жиҳат.

Илмий жиҳат: У ҳам икки қисмдир.

Биринчи қисм: Мусулмон кимса Аллоҳ таъолонинг наздида бомдод намозининг қадри қанчалар улуғ эканлигини билиши керак.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

“Кимки бомдод намозини жамоат билан адо этса, бутун кеча намоз ўқиган кимса кабидир” (Имом Аҳмад ривояти).

“Мунофиқга энг машаққатли бўлган намоз: хуфтон ва бомдод намозидир. Агар у иккисида нималар борлигини билганида эди, судралиб бўлсада келган бўлар эди” (Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).

“Ким бомдод намозини адо этса, у Аллоҳ таъолонинг ҳимоясидадир. Аллоҳ таъоло ҳимояси учун сиздан бирор нарса сўрамайди” (Имом Табароний ривояти).

“Сизларни кечаю-кундуз доим кетма-кет таъқиб этадиган фаришталар бордир. Улар бомдод ва аср намозида тўпланадилар (учрашадилар). Сизлар билан кечани ўтказганлар самога кўтариладилар. Аллоҳ таъоло (улардан яхшироқ билгани ҳолда): “Бандаларимни қандай ҳолатда тарк қилдингиз?” деб сўрайди. Фаришталар: “Биз уларни тарк этаётганимизда намоз ўқиётган эдилар ва ҳузурларига борганимизда ҳам намоз ўқиётган эдилар”, дейдилар” (Имом Бухорий ривояти).

“Аллоҳ таоъолонинг наздида энг фазилатли намоз, жума кунидаги жамоат ила ўқилган бомдод намозидир” (Абу Наъим ривояти).

Иккинчи қисм: Мусулмон кимса бомдод намозини ўз вақтида адо қилмаслик нақадар оғир ва хатарли эканлигини билиши керак.

Қуйида келган ҳадиси шариф бу хатарни баён қилади:

“Мунофиқга энг машаққатли бўлган намоз: хуфтон ва бомдод намозидир. Агар у иккисида нималар борлигини билганида эди, судралиб бўлсада келган бўлар эди” (Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда, “биз хуфтон ва бомдод намозида (жамоатда) кўринмаган кимса ҳақида ёмон гумонда бўлар эдик (яъни, уни мунофиқ деб ёмон гумон қилар эдик)” дейилган (Имом Табароний ривояти).

Ёмон гумонда бўлишлик фақат шу икки намозга келмаган кимса ҳақида эди. Чунки, бу икки намозни муҳофаза этишлик, кишининг иймони ва содиқлигининг ўлчовидир. Бу ўлчов яна унинг ихлосини ҳам ўлчайди. Чунки, бу икки намоздан бошқа намозларда (пешин, аср, шомда) инсоннинг зарур иши борлиги ёки уйғоқлиги сабабли бирор муаммо йўқ эди.

Бомдод ва хуфтон намозини муҳофаза этиш учун ҳеч ким куч сарфламайди, фақатгина қатъиятли ва садоқатли бўлса бўлди. Бунга ҳам яхшилик умид қилинади.

Яна бомдод намозини ўз вақтида адо этмасликнинг хатарига ишора қилувчи ҳадиси шарифлардан бири ушбу ҳадисдир. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Кимки бомдод намозини адо этса, у Аллоҳ таъолонинг ҳимоясидадир. Аллоҳ таъоло ҳимояси учун сиздан бирор нарса сўрамайди. Кимки Аллоҳ таъолонинг ҳимоясидан чиқишни хоҳласа, унга эришади. Сўнгра Аллоҳ таъоло уни юзтубан жаҳаннамга улоқтиради”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Бу икки қисм, бомдодни тарк этаётган мусулмон учун шавқ ила қалбини аланга олдиришга кифоядир. Биринчи қисм, бомдод намозидаги савобни олишда ким ўзарга ундайди. Иккинчи қисм эса, насиҳат этиш ва таҳдид қилиш учундир. Нафснинг гуноҳда қолиб хор бўлишидан қайтариқдир.

Амалий жиҳат: Бу муаммони муолажа қилишда мусулмон учун бир қанча амалий босқич бор. Агар бу амалий босқичларга риоя қилса, янада қатъият кўрсатиб тартибли равишда бомдод намозини жамоат ила бардавом адо этади.

У амалий босқичлар қуйидагилардир:

1. Эрта ухлашлик. Саҳиҳ ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хуфтондан олдин ухлашликни ва хуфтондан кейин гаплашиб ўтиришликни ёқтирмас эдилар дейилган. Мусулмон кимсага хуфтондан олдин ухлаши тўғри келмайди. Бу борада гувоҳ бўлинган нарса шуки, хуфтон намозидан олдин (хуфтон намозини ўқимасдан) ухлаганлар, кўпинча бутун кечаларини ҳолдан тойган ва ғам-қайғули ҳолда ҳамда хаста каби ҳолда ўтказадилар.

Хуфтон намозидан кейин гаплашиб ўтириш ҳам тўғри келмайди. Илм аҳллари бунинг сабабини шундай баён қиладилар: у уйқусизликка сабаб бўлади. Бундай тарздаги уйқу кеча намозига турмай қолишликка сабаб бўлиши қўрқилади. Ёки бомдод намозини фазилатли, энг афзал кўрилган ёки жойиз бўлган вақтларда адо этилишига тўсиқ бўлиши мумкин.

Хуфтон намозидан кейин макруҳ бўлган гаплашиб ўтиришлик, илм аҳллари айтганларидек, бирор фойдаси бўлмаган, беҳуда нарсаларни гаплашишликдир. Аммо мусулмонлар учун фойдали бўлган ёки хайрли бўлган ишларни гаплашишлик макруҳ эмасдир. Илмий музокаралар, солиҳларнинг ҳаёти ва фазилатларини ўрганиш, меҳмонлар билан гаплашиш, оиласи ва фарзандлари ила бирга бўлиш ва улар билан ҳазил-мутойиба қилиш каби мубоҳ сабаблар туфайли хуфтондан кейин гаплашиб ўтиришлик макруҳ эмасдир.

2. Ухлашдан олдин таҳоратли бўлиш ва зикрларни ўқишга ҳаракат қилишлик. Чунки, булар бомдод намозига туришга ёрдамчи бўлади.

3. Бомдод намозига туришга қатъиятли бўлиш ва ниятида содиқ ҳолда ухлашлик.

4. Уйғонган заҳоти Аллоҳ таъолони зикр қилишлик. Баъзи инсонлар уйғонадилар, сўнгра яна бироз ухлайдилар. Шу билан батамом ухлаб қоладилар. Аммо Аллоҳ таъолони илк тургандаёқ зикр қилишга ҳаракат қилса, шайтоннинг унга боғлаган тугунларидан бирини ечган бўлади. Бу уни туришга ундайди. Таҳорат олганида мақсадига етиб, шайтондан узоқлашган бўлади. Намоз ўқиганда эса, шайтонни уялтирган ва тарозуси оғир босган бўлади. Шу тарзда ўзини яхши ҳис қилиб, фаол ва ғайратли бўлади.

5. Бомдодга туришлик учун ўзгалардан ёрдам олишлик. Бу хусусда бир-бирига тавсияда, насиҳатда бўлишлик керак. Оила аъзоларидан ва солиҳ кимсалардан ёрдам олишлик керакдир. Шубҳасиз, бу ҳолат Аллоҳ таъолонинг ушбу ояти карималари остига киради:

Аллоҳ таъоло шундай марҳамат қилади:

“Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг” (Моида сураси, 5 оят мазмуни).

“Аср билан қасам. Албатта, инсон хусрон (зиён)дадир. Магар, иймон келтирганлар ва солиҳ амаллар қилганлар, бир-бирларини ҳақ йўлга чақирганлар ва бир-бирларини сабрга чақирганлар (ундоқ эмасдир)” (Аср сураси, 1-3-оятлар мазмуни).

Ота фарзандларини имтиҳони бор, чарчаган, ухлайверсин демасин. Бу иш хатодир. Бу ота-онанинг раҳмат ва шафқатидан саналмайди. Чунки, фарзандларга раҳмат ва муҳаббат кўрсатиш, уларни бомдодга уйғотишдир. Аллоҳ таъоло Қуръони каримда шундай дейди:

“Аҳлингни намозга буюр ва ўзинг унга сабр қил” (Тоҳа сураси, 132-оят мазмуни).

6. Банда бомдод намозини адо этишлик учун Аллоҳ таъоло уни муваффақ қилишини дуода сўрашлик. Чунки, дуо ҳар нарсада муваффақият қозонишлик учун энг улуғ сабабдир.

7. Жирингловчи асбобларни қўллашлик. Уйғотгич соатни муносиб жойга қўйишлик. Баъзи инсонлар уни боши тепасига қўяди, жиринглаганда уни тезда ўчириб, яна уйқуга кетадилар. Бундай одати бор кимса, сезиб уйғониши учун соатни бироз узоқроқ жойга қўйсин.

8. Ухлаётган кимса турмаса, юзига сув сепишлик. Кеча намози (таҳажжуд)га туришни хоҳлаган кимсани мақтаган ҳадиси шарифда бўлгани каби. Унда шундай дейилади: “Аёлини уйғотади, агар рад этса, юзига сув сепади”. Кеча намози (таҳажжуд)га туришни хоҳлаган аёлни мақтаган ҳадиси шарифда эса шундай дейилади: “Эрини уйғотади, агар рад этса, юзига сув сепади” (Имом Аҳмад ривояти).

Баъзи инсонлар бу шаклда уйғотилганларида жаҳллари чиқиб, койиши, таҳдид қилиши мумкин. Шунга қарамай уйғотувчи ҳикмат ва сабр ила ишни охирига етказиши керак. Бу ҳолат бомдодга уйғотишига тўсиқ бўлмаслиги керак.

9. Ёлғиз ухламаслик. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кишининг ёлғиз ўзи ухлашидан қайтарганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Эҳтимол, бу ҳадиси шарифдан тушунилган бир ҳикмат, уйқу инсонга ғолиб келиб, уни намозга уйғотадиган бирор кимса унинг ёнида бўлмай қолишлигидир.

10. Узоқ жойларда ухламаслик. Яъни, инсонларнинг фалон жойда ухлаяпти деб хаёлига келмайдиган жойларда ухламаслик. Масалан, оиласига хабар бермасдан уйининг томида ухлаган кимса, узоқ юртда ухлаган кимса кабидир.

11. Уйғониш вақтида қатъиятли бўлишлик. Бир маротабада туришлик. Уйғотувчи кимса уйғотишга келса, кетганидан кейин яна қайта ухлашга ётмаслик.

12. Намоз вақти киришидан анча олдинга уйғотгич соатни қўймаслик. Киши ўзини билади, агар бу вақтда турганида, ўз-ўзига ҳали анча вақт бор, бироз яна ухлаб олайин дейиши мумкин ва, одатда, бомдод ўқимай ухлаб қолади. Ҳар ким ўз нафсининг ҳолатини билади, шунга кўра ҳаракат қилиши керак.

13. Уйғонган заҳоти чироқни ёқишлик. Чунки, чироқ ёруғлиги уйқуни даф қиладиган катта бир таъсирга эгадир.

14. Кечаси бедор туришликни чўзиб юбормаслик, ҳатто таҳажжуд намози учун ҳам бедорликни чўзиб юбормаслик. Баъзи инсонлар таҳажжуд намозини чўзиб юбориб, бомдод намозига бироз вақт қолганда ухлайдилар. Бундай тарзда бомдод намозига туришлари қийинлашади.

15. Уйқудан олдин кўп емаслик. Кўп ейишлик уйқунинг сабабларидан биридир. Кўп еган кўп чарчайди, кўп чарчаган кўп ухлайди. Бундай ҳолатда кўп зарар етади. Инсон кечки таомига енгилроқ нарса ейишга ҳаракат қилиши керак.

16. Таҳажжуд намозини бомдоддан бироз олдинроққа қўйсин. Шундай ҳолатдаки, витр намозини тугатганда, бомдод азони айтилсин. Шунда, ибодатлар кетма-кет келган бўлади. Бундай тарзда таҳажжуд намози кечанинг учдан бирининг энг сўнги қисмига тўғри келган бўлади. Бу ҳам афзал бўлган вақтдир. Шу тарзда бомдод намозига фаол ва ғайратли ҳолда киришади.

17. Ухлаганда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ухлаганлари шаклда ухлашлик. Шундайки, ўнг тарафга ёнбошлаб, ўнг ёноғини ўнг қўлининг ичига қўйиб ухлашлик. Бундай ухлашлик бомдодга уйғонишликни осонлаштиради. Энг хайирли ҳолат Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳолатларидир. Бундан бошқа шаклларда ухлашлик, бомдодга туришликни қийинлаштиради.

18. Қайлула уйқусидан қувват олишлик. (Қайлула уйқуси суннатдир. Чошгоҳ вақтидан пешиндан бироз кейингача давом этади. Бу уйқу кечаси ибодатга туришликга сабаб бўлгани учун суннатдир. Ярим соатлик қайлула уйқуси, кеча уйқусининг икки соатига тенгдир). Бомдод намозига туришда ҳам анча қувват бўлади.

19. Асрдан кейин ухламаслик. Аср ва шомдан кейин ухламаслик керак. Чунки, бу икки вақтда ухлашлик, кечаси донг қотиб ухлашга сабаб бўлади. Кимки уйқусини бу тарзда ўтказса, бомдодга уйғониши қийин бўлади.

20. Энг сўнгиси, Аллоҳ таъоло учун ихлосли бўлишлик. Бу инсоннинг бомдодга туриши учун энг яхши сабабдир. Бу бутун сабаб ва василалардан энг аввалда келади. Агар виждонни уйғотган ва қалбни алангалатган ихлос бўлса, бу иншаа Аллоҳ унинг жамоат ила бомдод намозига уйғониши учун кафилдир. Ҳатто, бомдод намозидан бир қанча дақиқалар олдин ухлаган бўлса ҳам.

“Sabah namazına kalkamamak – Бомдод намозига тура олмаслик” китобидан. 

Турк тилидан Абдулқаййум Комил таржимаси