Қибламиз Саудияда, аммо Саудия қибламиз эмас! (тўртинчи мақола)

Қибламиз Саудияда, аммо Саудия қибламиз эмас! (тўртинчи мақола)

Қибламиз Саудияда, аммо Саудия қибламиз эмас! (тўртинчи мақола)

Ёдгорликларни сақлаш ҳақида сўзлаган одамни дарров қабрпараст, бидъатчига чиқаришга шошилманг. Биз ҳам ширкка қаршимиз, биз ҳам бидъатни қоралаймиз. Ҳеч қачон Аллоҳдан ўзгага сиғинишни қабул қилмаймиз, динга ўзгартириш киритишни ёқламаймиз. Аммо бунинг учун исломий тарихимизни маҳв этиш керак эмас, балки уни асраб, рўй-рост ўргатиш, тўғри талқин қилиш керак. Чунки одамларни тарбияласа бўлади, аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалардан қолган осорларни қайтиб тиклаб бўлайди. Шунинг учун саҳобалар ва улардан кейинги уммат олимлари ширкни қалбдан йўқотишга ҳаракат қилишган, қалбларни тарбия қилишган, аммо ёдгорликларни бузишмаган, зоҳир билан олишиб юришмаган. Қолаверса, битта-иккита эътиқоди чалкаш, жоҳиллар ҳамиша бўлган, улар ҳар қандай шароитда ҳам ўзининг ширку бидъатидан қолмайди, қабрларни текислаб ташласангиз ҳам, нималаргадир сиғиниб ётаверишади. Мана, Бақиъга боринг, ҳозир ҳам айрим шиалар бориб, ўша жойда оли байтга сиғиниб ётибди. Бу каби жоҳилларга ўчакишиб, ёдгорликларни йўқ қилиш эса ўта кетган калтабинликдир. Бургага аччиқ қилиб, кўрпани куйдириш аҳмоқликдан бошқа нарса эмас.

Шунинг учун бидъату ширкка қарши туришда ҳам тўғри, мўътадил йўл тутиш керак, бузғунчилик эмас, бунёдкорлик керак. Оғрияпти деб, қўлингизни чопиб ташламайсиз ёки бадбўй экан деб, бурнингизни кесиб юбормайсиз-ку!

Бу сўзларни англаш учун киши Ислом тарихидан бохабар бўлиши ва у билан фахрлана олиши керак. Ҳали бу борада ҳеч нима ўқимасдан олдин, бориб, у ердаги вазиятни кўрмай туриб, ҳис қилмай туриб, уйда ўтириб олиб жавраш – жоҳилликдир. Агар ҳолатни атрофлича ўргансангиз, шундагина юқоридаги гапларни тўғри тушунасиз ва Ислом уммати нима учун бу осорларни минг йиллар оша сақлаб келганини англайсиз.

Тарихимизнинг энг қадрли дамларини, саодат асрини эслатиб турадиган ёдгорликларни йўқ қилиш билан динимиз соф бўлиб қолмайди. Бошқа жойларда ҳамма осори атиқаларимиз сақланмоқда, нима, ҳамма мушрик бўлиб кетяптими? Мана, Миср, Туркия ва бошқа жойларда исломий ёдгорликлар сақланган, қандай гўзал! Нима, шу билан у ердаги ҳамма мусулмонлар мушрик бўлиб қолибдими? Йўқ, аксинча, уларда ўзлик яхшироқ сақлаб келинмоқда.

Бизда босқинчи руслар мадраса ва масжидларимизни бузган, харобага айлантирган. Бу муборак даргоҳларнинг ҳали ҳам ўз ҳолига қайтмаганлари кўп. Бироқ, бу бузғунчиликни душман қилган, унинг бори шу. Қолаверса, биздаги исломий осорлар асосан шу ерлик мусулмонларга оид. Аммо Икки Ҳарамдаги осорлар бутун Ислом умматиники, бевосита Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламга тегишли, қолаверса, уларни мусулмонлик даъвоси билан йўқ қилингани ниҳоятда аламлидир. Шу боис, бу икки ҳолатни бир-бирига қиёслаш нотўғри, орада ер билан осмонча фарқ бор. Аниқроғи, бир жойдаги бузғунчилик бошқасини оқламайди.

Айрим жойларда маҳалла масжидлари ёпилгани ҳам тамоман бошқа масала. Шу билан бирга, буни ҳам ҳеч ким оқлаётгани йўқ. Қанчадан-қанча қадимий мадраса ва масжидлар ишламай, музей бўлиб ётгани ҳам қувонарли ҳолат эмас. Улар аждодлар қилган ниятларга кўра, ўз вазифаларини бажариши керак. Аммо бу иншоотларнинг сақланиб тургани бизга юпанч берадики, вақти-соати келиб, халқимиз ўзлигини англагани сари бу даргоҳлар аслига қайтишини умид қилса бўлади. Лекин бу бинолар бузиб ташланса, у ҳолда халқ ўз ўтмишидан буткул айрилади. Аллоҳ Ўзи асрасин!

Тарих китобларини ўқисангиз, ҳар бир қўшин ўз юртининг, ўз ақийдасининг рамзи сифатида жангга байроқ кўтариб кирганини кўрасиз. Хўш, сизнингча, бу байроқ ҳам ширк бўлса керак? Фатҳу нусрат фақат Аллоҳдан дейсиз-да? Аммо унда нима учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам жангга байроқ кўтариб кирганлар? Нима учун саҳобалар ана шу байроқни, қўли кесилиб тушса ҳам, йиқитмай, тик ушлаб туришга ҳаракат қилиб, шаҳид бўлишган? Шу бир парча латтани деб, ўзини майиб қилиш шартмиди деб кўрингчи? Мана шу нуқтада сизларнинг ширк ҳақидаги тушунчангиз қанчалик тор, саёзлиги кўриниб қолади. Биз йўқ қилинганига ачинаётган, сиз эса жоҳиллик қилиб, писанд қилмаётган осори атиқалар ҳам мусулмон уммати учун гўё ўша байроқдек азиз, табаррукдир.

Рус босқинчилари шаҳар-қишлоқларимизни ўққа тутганда «Минораларни йўқ қилинглар, улар бизга бу халқнинг эгилмас қаддини эслатяпти», деб буйруқ берган экан. Бу ҳам ушбу осорларнинг қанчалар аҳамиятли эканини кўрсатади. 

Осори атиқалар уларни бунёд этган тамаддун билан ҳамиша чамбарчас боғлиқ бўлади. Бинобарин, уларга берилган зарба унга боғлиқ маданиятнинг илдизигача бориб етади. Шунинг учун ҳам исломий ёдгорликларни йўқотиш Ислом душманларининг азалий орзуси ва энг катта мақсадларидан бўлган. Яқин Шарқдаги урушларда ҳам айнан шу ҳолат кузатиб келинади. Душманлар жуда узоқни ўйлаб иш қилишмоқда. Улар мусулмонларнинг шонли тарихини имкон қадар йўқотиш, ер юзидан супуриб ташлаш ҳаракатида. Бунинг учун эса бизнинг бидъатшунос, ширкшунос жонбозларнинг ғоялари ва нодон шоввозлари айни муддао бўлмоқда. Балки шунинг учун ҳам улар ҳар қанча кўпорувчилик қилмасин, оғаларининг назаридан қолмай, қурол ва пул билан таъминлаб келинаётгандир.

Буни қарангки, исломий осорларга ана шундай беписанд бўлган кишилар ўз давлатининг тарихини сақлаш учун унга оид осорларни асрашни жуда яхши билади. Ибн Боз, Ибн Усаймин ‒ Аллоҳ уларни мағфират қилиб, раҳматига олсин ‒ каби олимларнинг кўзойнакларигача сақлаб, ёдгорликларини эҳтиёт қилишади. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг осорларини сақлашни бидъат дейишади, табаррук қилишни ҳаром дейишади, ширк дейишади. У зотнинг мавлидларини нишонлаш бидъат экан, аммо Ибн Бознинг туғилган кунига юбилей ташкил этиш жоиз экан. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мадҳларида қасида айтиб, мавлид ўқишни бидъат деб, қувиб солишади, ўзлари эса Ибн Бознинг мадҳида жўровоз бўлиб, ғазаллар айтишади. Бу зиддиятни қандай изоҳлаш мумкин, билмадим.

Бу сатрларда маълум бир тоифани ёмонлаш ёки мусулмонлар ўртасига адоват солиш мақсад қилинмаган. Биз фақат воқеликни билиб қўйишга ва бундан керакли хулоса олишга чақирмоқчимиз. Фақат кўр-кўрона эргашиш, ҳимоя қилиш эмас, балки воқеликка басират билан, қалб кўзи билан назар солишни ўрганишни урғуламоқчимиз. Шу билан бирга, бидъат ва ширк мавзусида ғулувга кетишнинг оқибати қанчалик ёмон эканини, мусулмонлар ўз тарихига нисбатан эҳтиромда бўлишлари лозимлигини, унга оид ҳар бир нарсани асраб-авайлашлари кераклигини уқтирмоқчимиз.

Дин фақат Саудияда эмас, илм фақат улар билан чекланиб қолмаган. Аксинча, Ислом оламининг илм ўчоқлари, соф исломий тушунчалар бошқа жойларда кўпроқ сақланиб қолган. Мана шу ҳақиқатни ҳам унутмаслик керак. Айрим тоифаларнинг баландпарвоз гаплари, зоҳирлари сизларни алдаб қўймасин.

Бировни ҳимоя қилишдан олдин масалани атрофлича ўйлаб, чуқурроқ ўрганинг ва холис бўлинг. Бир қавмга бўлган адоват туфайли адолатсизлик қилишдан огоҳлантирар экансиз, бир қавмга бўлган муҳаббат ҳам айнан ушбу эҳтиёкорликни тақозо қилишини унутманг! Шу билан бирга, мутаассиблик қилиб, ҳозирги саудияликларнинг ёнини оламан деб, олдингиларини мушрикка чиқариб қўйманг!

Ғарбликлар ўзларининг тарихий шахсларига тегишли дафтар-қалам, чойнак-пиёлаларини ҳам сақлаб келишади. Шу билан улар авлодларни аждодларга боғлашга ҳаракат қилишади. Аниқроғи, улар шу орқали ўз одамларини керак бўлса, Исломдан тўсишга ҳам эришишмоқда. Аммо биз мусулмонлар ўзлигимизни ўз қўлимиз билан йўқ қилиб, кейин фарзандларимизнинг ғайридинларга маҳлиё бўлганидан ёзғириб ўтирибмиз.

Кимдир ўзича: «Ислом даъват билан, таълим билан етказилади ва сақланади, бу ашёларнинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ» деб, ақллилик қилиши мумкин. Бу ўта саёз гап. Тўғри, Ислом аввало таълим-тарбия билан қоим бўлади, аммо исломий ёдгорликлар айнан шу мақсадга тиргак бўладиган, даврлар ўтиши билан ҳам аслиятни таништиришда асосий аҳамият касб этадиган ашёвий далиллар ҳисобланади. Қолаверса, илмни ҳамма ҳам уқмаслиги, англамаслиги мумкин, аммо осорлардан ҳар қандай ақли соғлом одам таъсир олади.

Хулоса қилиб айтганда, қибламиз бугунги Саудия давлатида бўлгани, у ерда айрим яхши ишлар бўлаётгани улардаги хатоларни оқлашга йўл бермасин. Хатони хато денг, нима қиласиз қорани оқ деб, ўзингизни қийнаб? Шунингдек, қибламиз ўша ерда бўлгани ақийда ва фиқҳда сизни алдаб қўймасин.

Биргина саудиялик олимларнинг тарафини олиб, бошқа жойлардаги уламоларни писанд қилмаслик ҳам инсофсизлик. У ерда ҳам бир қанча аҳли сунна олимлар ҳукмрон ақийданинг кўп қилмишларидан жабр чекишяпти. У ердаги ҳамма олимлар ҳам бу бузғунчиликларга рози бўлган деб ўйламанг. Макка аҳли ушбу ёдгорликлар учун қон қақшаб йиғлаганини мухлис кишилар яхши билишади. Аммо сиёсатга қарши чиқиш имконсиз бўлгани учун дардини айта олмайди. Чунки ҳа деса, қабрпарастга, ширкпарастга чиқариб, ҳукуматга қарши қўйиб қўйишлари мумкин. Баъзи ўринларда холис олимларга қарши қилинаётган тасарруфлар бошқа жойлардагидан ҳам оғир. Шунинг учун зоҳирдан хулоса чиқаришга шошилмаслик керак, ботинда жуда гап кўп. Хуллас, «Қибламиз Саудияда, аммо қиблангиз Саудия бўлмасин!»

Шуни ҳам таъкидлаш ўринлики, юқоридаги ҳолатларнинг кўпчилиги маълум доираларга тегишли бўлиб, оддий халққа алоқаси йўқ, чунки одатда омма содда мусулмон, мухлис мўмин бўлаверади. Шу билан бирга, хатокор бўлса-да, у ердаги ҳар бир мусулмон иймондаги биродаримиз ҳисобланади, шу боис уларнинг феълларидан норози бўлсак‑да, ўзларини мўмин сифатида яхши кўраверамиз. Бироқ, бу ҳол бизни воқеликни тўғри англашдан, тўғри фикр юритишдан чалғитиб қўймаслиги керак. 

Аллоҳ таоло ҳаммаларимизнинг ҳолимизни ислоҳ этсин, Ислом умматига ўзлигига яхшилик билан қайтиб, асл Ислом билан зафар қучишини насиб айласин!

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид