Қибламиз Саудияда, аммо Саудия қибламиз эмас! (учинчи мақола)

Қибламиз Саудияда, аммо Саудия қибламиз эмас! (учинчи мақола)

Қибламиз Саудияда, аммо Саудия қибламиз эмас! (учинчи мақола)

Ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган минбарни силаб, кўзларига суртар, уни табаррук қилар эди. Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочларини дубулғасида асраб юрар эди. Хўш, улар ҳам Исломни яхши тушунмаган эканми? Ёки улар диннинг сизлар етган мағзига етиб бормаганми?

Буларнинг яна бир «кучли далил»ини кўринг: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон ва Суннатни қолдирдим, деганлар, мўйимни, уйимни қолдирдим, демаганлар, шу боис, бу нарсаларнинг эътибори йўқ эмиш.

Буни қаранг-а, шу ҳадисни ўз қулоғи билан эшитган ва ривоят қилган саҳобалар, улардан кейин ушбу ҳадисни асрлар оша нақл қилган уламолар сиз айтган гапга ақли етмай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўйи муборакларини, ёдгорликларини асраб-авайлаб, аҳмоқ бўлиб юришган экан-да? Нима бало, фаҳму фаросатдан биратўла мосуво бўлганмисизлар? Ахир бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаёт манҳажи қилиб олишда шу икки манбани ушлашни таъкидламоқдалар, лекин бундан Қуръон ва ҳадисдан бошқа ҳамма осорларни йўқ қилиш керак ёки маҳв этса бўлаверади, деган гап чиқмайди, биродар! Сал каллани ишлатиш керак. Ўзи шунақа, зоҳирпараст одамлар далил келтиришни ҳам «боплаб» қўйишади.

Шуни билингки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўйи муборакларини «туклари» деб ёки шу каби у зотдан қолган табаррукларни беписанд тилга олиш иймонга хатар, нифоққа кўприк бўлади. Чунки у зот алайҳиссаломга тааллуқли ҳар бир нарса табаррук ҳисобланади, аҳли сунна бу борада ихтилоф қилмаган. Ҳатто ўзини салафий деб билган олимлар ҳам буни эътироф этади. Зеро, бунга набавий суннатнинг ўзида далиллар тўлиб ётибди.

Мазкур видео ким тарафидан тақдим этилган бўлмасин, ундаги эътироз ҳақли равишда билдирилган. Ҳарам атрофидаги осмонўпар биноларни чет эл ширкатлари қурган. Агар ўша ширкатларга янги биноларни қуринглар, лекин мазкур ёдгорликлар сақланиб қолсин деб талаб қилинса, улар бунинг юз хил имкониятини тақдим қилган бўлишар эди. Чунки улар бу борада жуда катта тажрибага эга, ўзларининг катта-кичик тарихий осори атиқаларини бағоят эҳтимом билан асраб-авайлаб келишади.

Бу муҳташам иморатларнинг ертўласига тушсангиз, кенглигига кўз етмас майдонлар бор. Шундай экан, ўзлигимизни эслатиб турадиган набавий ёдгорликларимиз қанча жой эгалларди? Нари борса, ярим гектар бўлади-да! Ўша бепоён биноларнинг бир чеккасида тураверар эди. Лекин буни кимлардир истамади.

Ёдгорликларни маҳв этишнинг ҳожиларга қулайлик яратишга, Каъбага яқин меҳмонхоналар қуришга ҳеч қандай боғлиқлиги йўқ, балки бу ўша жойда ҳукмрон бўлган ақийда, мафкуранинг ва дунёга муҳаббатнинг аччиқ мевасидир. Ҳамма гап мана шунда. Бўлмаса, Ҳимолай тоғидек келадиган бу биноларни қураётган пайтда ўша осори атиқаларни сақлаб қолиш нима деган гап? Қўл учида битадиган иш, холос. Фақат буни хоҳлаш керак. Ўнлаб ажнабий ширкатларга жой ажратганда, майдонни кенгайтириш учун шу озгина исломий ёдгорликларнинг ўрни нимани ҳал қиларди? Ўзингиз инсоф билан ўйлаб кўринг.

Яна бир ҳақиқат: Маккадаги Ҳарамдан чиқишингизда амирларнинг тоғдек қасрлари бор. Подшоҳлар у ерга бир йилда бир келса келади, бўлмаса, бўм-бўш бўлиб, чанг босиб ётади. Хўш, таҳоратхонани Хадича розияллоҳу анҳонинг уйи ўрнига қилмай, сал нарироққа, ўша қасрнинг бир четига қилса бўлмасмиди? Нима, шу ўнлаб, юзлаб гектарлик водийда ҳожатхона қуриш учун исломий ёдгорликларнинг ўрнидан бошқа жой қуриб кетганмиди?

Агар ўша ёдгорликларни бироз таъмирлаб, сақлаб қолинса, қандай улуғ иш бўлар эди! Бу ашёлар Ҳарамнинг шукуҳига шукуҳ, файзига файз бахш этар эди… Энг асосийси ‒ бизга ўзлигимизни эслатиб турар, бизни мозийга сайр қилдирар эди. Афсус, ғулувга кетган ақийда бунга имкон бермади.

Мўмин одамга оғир ботадиган ҳолатлардан яна бири ‒ Ҳарамнинг атрофи ажнабий ширкатлар, меҳмонхоналар билан тўлалигидир. Инглизча, ғарбча номлардан кўнглингиз озай дейди. Айримлари яҳудийларнинг компанияларига тегишли эканини кўриб, яна ҳам асабингиз ўйнайди. Ҳозирда «ахлоқ»и ҳаммага маълум бир аёлга қарашли бўлган Ҳилтон меҳмонхонасини Ҳарам олдида кўрсангиз, иймонингиз ҳуркимайдими? Ҳарамга энг яқин меҳмонхоналарни кўринг, ҳаммаси ғайримуслимларга қарашли. Улар сабаб ҳаж ва умра қимматлашиб кетди, табақалашиб кетди.

Хўш, нега ўша меҳмонхоналарни ҳукумат, ерлик бойлар ўзлари қурмаган? Пули йўқ эмас, тиқилиб ётибди-ку! Қаёққа сочишни билмай, мусулмон юртлардаги урушларга миллардлаб доллар сарфлаб, Американинг муддати ўтган бомбаларига пул тўлаб ўтиришибди-ку! Нега шунинг ўрнига ўша меҳмонхоналарни ўзлари қура қолишмайди? Ҳар қандай эси бор одам «Мусулмонча қилиб, ўзлари қурса бўлмасмиди, қандайдир ёт миллардерларнинг компанияларини Ҳарамга қабул қилмай?» дейди бехос.

Кўп одамлар Масжидул Ҳаромни ҳукумат қуряпти деб ўйлайди. Аслида ундай эмас. Аксинча, улар зиёратдан даромад қилади, холос. Ҳукумат фақат назорат қилиб, рухсат бериб, йўллаб турса, бас. Пул вақфдан ёки хорижлик сармоядорлар тарафидан киритилади. Ҳарамнинг подшоҳ Фаҳд пайтидаги кенгайтирилишлари асосан Бин Лодин оиласига тегишли ширкатлар пулига амалга оширилган. Кейинги пайтларда ҳукумат уларнинг тасарруфларини аста-секин қисқартириб, охири бундан 5-6 йил олдин Ҳарамда бир краннинг қулаши баҳонасида қурилиш ишларини тўхтатиб қўйиб, алоҳида вазирликка топширди. Аммо ўшандан бери Ҳарамда ҳеч қандай ўзгариш йўқ, эски бинолар қаровсиз, янги иншоотлар қурилиши келган жойида тақатақ тўхтаган. Ишонмасангиз, бориб кўринг.

Бу сўзлар мўмин кишининг қалбида Икки Ҳарамга бўлган муҳаббат ва ихлосни қалқитгани учун уларни қабул қилиш қийин. Лекин бор ҳолат ўзи шу, ҳеч қандай муболағаси йўқ. Фақат буларни пайқаган пайқайди, эътибор бермаган одам билмайди. Шу билан бирга, бу ҳолат бизнинг бу муқаддас заминларга ‒ Икки Ҳарамга бўлган ихлосимизни, шавқимизни сусайтирмайди, чунки бу маконларни Аллоҳ Ўзи улуғлаб қўйган, шунинг ўзи етади. Бандаларнинг бу муқаддасотларга бўлган беодоблиги эса қадимда ҳам бўлган, бундан кейин  ҳам бўлиши мумкин. Бу ҳам бир синов. Кимнингдир номаи аъмолига шу исломий осори атиқаларни бузди деб, кимгадир уларни авайлаб, сақлади деб ёзилмоқда, холос. Зеро, саҳиҳ ҳадисларда охирзамонга яқин ҳатто Каъбани ҳам бузишлари зикр қилингани бежиз эмас.

Шуни ҳам айтиш керакки, бу ердаги мулоҳазалар бирор давлатга нисбатан адоват ёки фитна учун эмас. Лекин булар замон кишиси билиб қўйиши керак бўлган ҳақиқатлардир. Айтмоқчи бўлганимиз шуки, сиз олдин кимларнинг тарафини олаётганингизни билиб олинг, ўзингиз суйган тарафни оқлаш учун ҳамма нарсани қурбон қилаверманг.

Аслида ушбу номақбул бузғунчиликларга асосан салафийлик мафкураси сабаб бўлди. Бўлмаса, бу ёдгорликларни 13 аср авайлаб келганлар ҳам аслида шу ерлик инсонлар бўлишган, аммо тушунчалар бузилгач, осорлар ҳам бузиб юборилди. Шу билан бирга, бу бузғунчиликлар шунчаки, бемақсад бўлганига ишониш қийин. Бу ерда қандайдир кучларнинг ҳам ғимирлаши бор. Мол-дунё олдида муқаддасотлар айрим доираларнинг кўзига кўринмагандир, аммо уламолар тўғри ақийдада бўлганида, бу осори атиқаларни сақлаб қолиш мумкин эди.

Хуллас, нима бўлганда ҳам, бу ножўя тасарруфлар умматнинг тарихини йўқ қилишдан бошқа нарса бўлмади. Эҳтимол, бу билан улар Ислом тарихини фақат ўзларидан иборат қилиб талқин қилишга уринаётгандир.

Мен бундан ажабланмайман. Чунки у ердаги ақийда Исломнинг маънавий меросларини йўқотиш учун ҳам етарлича курашиб келди. Аввалига фиқҳни, фиқҳий мазҳабларни танқид остига олди. Айниқса, дунё мусулмонларининг деярли ярми эргашиб келадиган ҳанафий мазҳабини аёвсиз қувғин қилди. Кейин қарашса, фиқҳсиз ҳамма ишлар чалкашиб кетяпти. Шунинг учун дунё уламоларидан таъна эшитавергач, фиқҳ борасида бироз ўнгланиб қолишди. Бироқ, уларнинг аҳли суннанинг ақийда мазҳабларига ва тасаввуфга қарши ҳужуми ҳамон тингани йўқ. Аллоҳ инсоф бериб, пешонаси деворга тегса, буни ҳам тушуниб қолишар.

Улар шу зайлда гўё Исломни асл, соф ҳолига қайтариш, ширку бидъатни йўқотиш даъвоси билан ўзлари билган-билмаган ҳолда исломий илмлар илдизига болта уриб, минг йиллик илмий бойликларни қадрсизлантириш ва заифлаштиришга ҳаракат қилишди. Ислом тарихининг маънавий бойликларига ана шундай муносабатда бўлган кимсалар унинг моддий бойликларига ҳам беписанд бўлиши табиий. Шундай бўлди ҳам. Қолаверса, бу иш олдингисидан кўра енгилроқ ҳам.

Тарихсиз келажак йўқ деганларидек, улар ўтмишни хароб қилибгина қолмай, ушбу қотган мафкуралари билан замон билан ҳамнафас исломий тараққиётга ҳам тўсқинлик қилиб келишмоқда. Шунинг учун уларнинг ўзлари ҳам, ҳатто олимлари ҳам бугунги Туркияга қаршиликларини яширмаётирлар.

Сиз Ислом оламининг маркази бўлган ушбу юртдаги ёшларнинг бугунги онгини, мақсадларини бир ўрганинг, уларнинг қанчалар ночор, ғарбпараст, дунёпараст бўлиб қолганини кўрасиз. Шундай муқаддас заминда яшаб, бутун мусулмонлар талпиниб келаётган қиблада туриб, маънавий аҳволлари қанчалар аянчли эканини ҳис этасиз. Ана шунда исломий осорларни йўқ қилишинг оқибати қандай бўлишига ўзингиз гувоҳ бўласиз, бу каби ёдгорликларни йўқотиш ўзликни қандай емиришини ўз кўзингиз билан кўрасиз. Зеро, кўпинча қилинган ишларнинг натижаси янги авлодларда рўй-рост бўй кўрсатади.

Муқаддасотлари топталган халқ ич-ичидан нураб бораверади. Унинг қайта ўзига келиши амри маҳол. Буни яхши тушунган маккалик мухлис кишилар ушбу кенгайтиришларда исломий осор-атиқалар пайҳон бўлаётганидан роса дод дейишди, аммо фойдаси бўлмади, чунки ҳукмрон табақанинг мафкураси уларни тингламас эди.

Мусулмон оламида етакчилик даъвосида бўлган бу мамлакат раҳбариятининг бугун Ислом ерларини, муқаддасотларини, жумладан, Қуддусни ҳам осонгина бошқаларга тортиқ қилишида балки шу пасткаш тушунчаларнинг тасъири бордир? Ким билади дейсиз, балки айнан шунинг учун ҳам бу мамлакатнинг мафкураси дунёдаги айрим сиёсий кучларни хурсанд қилиб келаётгандир.

Сўнги йилларда Ислом олами бошидан ўтказаётган кулфатларда салафийлик мафкурасининг ҳиссаси жуда катта. Ироққа бўлган босқин ва унинг натижасида юзага келган беқрорлик, хунрезликлар дейсизми, Мисрдаги давлат тўнтаруви ва унинг оқибатида урчиган истибдод, сиёсий‑иқтисодий таназзулни айтасизми, Сурия ва Ямандаги урушлар ва террорларни оласизми, барчасида мазкур мафкура ва унинг намоёндалари асосий омил бўлиб келмоқда. Неча йилдирки, бир неча аср оламининг маркази, илм ва таддун бешиги бўлган юртлар бугун урушлар, қатағонлар гирдобида. Булар етмагандек, айни дамда Ливияда нотинчлик чиқариш учун миллионлаб пул сарфлаб, Генерал Ҳафтар бошчилигидаги инқилобчиларни пул ва қурол билан таъминлаб, улар билан бир сафда БМТ тан олган ҳукуматга қарши жанг қилиб, қўпорувчиликларни амалга оширишмоқда. Бу Ҳафтар дегани Америка разведкасига алоқадор экани расмий хабарларда очиқ-ойдин турибди, хоҳлаганлар ўқиб кўрсин. Уни асосан Россия, қолаверса, Ақш ҳам дастакламоқда. Энг қизиғи, ҳозир Саудиядаги салафийлар ҳам уни очиқчасига қўллаб-қувватлаб ётишибди. Бу қанақа дин, қанақа ақийда, англамайсиз. Хуллас, гапирса, жуда гап кўп. Бу сўзларнинг бирортаси муболаға ёки ёлғон эмас, айни воқеълик, ахборот ўқийдиган одамлар учун янгилик эмас, ҳамма жойда ёзиб ётишибди. Ишонмасангиз, ўзингиз ўрганиб кўринг. Энди айтингчи, шу мафкура эгалари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёдгорликларига тўғри муносабатда бўлиши мумкинми? Шундан кейин ҳам уларни ҳимоя қиламан деб, ўзингизнинг асл эътиқодингизга қарши юрасизми?

Қайси бир инсонда, қайси бир халқда муқаддасотлар бўлмаса, унинг инсонийлиги қолмайди ва виждонсиз еталамага айланади. Буни яхши билган душманлар турли хил ҳийлалар билан Ислом умматининг тарихини маҳв этишда давом этишмоқда ва бутун уммат бугунги кунда бунинг аччиқ мевасини тотмоқда.

 

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид