Қибламиз Саудияда, аммо Саудия қибламиз эмас! (иккинчи мақола)

Қибламиз Саудияда, аммо Саудия қибламиз эмас! (иккинчи мақола)

Қибламиз Саудияда, аммо Саудия қибламиз эмас! (иккинчи мақола)

Бундан бир неча йил олдин асли қўқонлик, ҳозирда Мадинада яшайдиган, Мадина ҳарамини белгилаш ҳайъатида бевосита иш олиб борган олим, доктор Абдулазиз қори ака бир куни шогирдларини айлантириб юриб, Мадинадаги ана шундай тарихий жойларни таништирар экан, «Бу жойларни бизга устозларимиз танитган, аммо манавилар бу осорларнинг ҳаммасини йўқ қилишди», деб хафа бўлгани бежиз бўлмаган. 

Афсуски, Саудия ҳукумати ва раҳбарияти тарафидан йўқ қилинган бу каби исломий ёдгорликлар, осори атиқалар сон-саноқсиз. Бу нарсалар аслида фақат уларнинг эмас, балки бутун Ислом умматнинг маънавий мулки эди. Шунинг учун ҳам Малайзия расмийлари исломий ёдгорликларни ҳимоя қилишга бошқаларда ҳам имкон бўлсин деб, Икки Ҳарамдаги осорларни сақлаш учун уларни мустақил ҳудуд қилиш таклифини ҳам илгари сурган. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун башариятга пайғамбар, у зотнинг асҳоблари бутун умматга устоз эканлар, уларнинг ёдгорликлари мусулмон умматининг мероси ҳисобланади. Бу меросни йўқ қилиб, умматнинг тарихини поймол қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бу иш кечирилмас, унутилмас оғир жиноят аслида. Аммо бузуқ дунёқараш, бузуқ ақийда бу жиноятларни «оқлаб», олқишлаб бермоқда.

Бу ақийдани яхшироқ ўргансангиз, шунақанги қоқ-қуруқ, сувсиз, бўйсиз бир «дин»ки, у Ислом уммати асрлар оша билган дин эмас, қандайдир бошқача, қотиб қолган, шафқатсиз, виждонсиз, туйғусиз бир ақийдадир. Шунинг учун бу мафкура қаерга кирса, ўша ерда ихтилоф, жанжал, адовату нафрат урчийди, ҳаммаёқ вайрон бўлади. Уларга тўғри йўлни кўрсатиб, раддия берганларга эса ихтилоф чиқармаслик, бирликка интилишни тавсия қилишади. Бу ақийда неча йилдирки, исломий уйғониш ва тараққиётнинг кушандаси бўлиб келмоқда. 

Баъзи кишилар қайси фаҳм, қайси виждон билан Ҳарам ҳудудларида қилинган бу вайронгарчиликларини оқламоқчи бўлишади, ҳайронсан. Ундан ҳам ўтиб тушиб, биттаси ўзича «Саҳиҳи Муслим»дан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яшаган уй Ақил ва Толибга ўтиб кетгани ҳақидаги хабарни далил қилиб, бу уй у зотга тегишли эмас, демоқчи бўлибди. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйи бўлмаган жойда Хадижа розияллоҳу анҳо ва Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг уйи ҳақида гапириш эса бўрттириш бўлармиш. Далилларни қаранг! Фаҳму фаросат қаерда қолди, биродар? Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросини талашяпмизмики, уйнинг кимга мулк бўлгани ҳақида сўзланса! Бизга шу жойда у зот алайҳиссаломнинг яшаб ўтганлари муҳим, унинг тарихий қиймати, Ҳабибимиздан ёдгорлик экани қадрли. Мана шу жиҳатдан уммат уни асрлар оша бузмай асраб келган эди, бўлмаса, улар минг йил йил олдин, ўша сиз айтаётган ҳадис ривоят қилинган даврдаёқ уни бузиб юборган бўлар эди. Шуни ҳам тушунтириш керакми? Одамларнинг савияси шунчалар пасайиб, юзакилашиб кетганки, ўша беўхшов далилларни улашиб, унга «ёқди» тугмасини босиб ётишибди. Ҳай барака топкурлар, ҳадис келтиришнинг ўзи сўзни қувватламайди, балки унинг далолати тўғри бўлиши ҳам керак.

Яна биттаси айтадики, гўё Исломда ашёларнинг эътибори йўқ, шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг аҳлларидан қолган ёдгорликларнинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ эмиш, чунки Исломда суратга эмас, фақат маънога эътибор берилган эмиш. Ким айтди буни сизга? Исломда суратга ҳам, маънога ҳам ўзига яраша эътибор берилган. Чунки сурат ва маъно ўртасида ҳамиша боғлиқлик бўлади.

Аллоҳ Қуръонда Мақоми Иброҳимни намозгоҳ қилишни буюрган ва ўша тош ҳозиргача Каъба ёнида сақлаб келинади. Хўш, ибодат фақат Ўзига бўлса, Ўзининг Байти турган бўлса, бу мақомнинг нима аҳамияти бор? Бунда нимадир ҳикмат, маъно борки, Аллоҳ шу жойда намоз ўқишни буюрди. Балки Аллоҳ бу билан ҳақ динни ўргатган, Ҳаққа хизмат қилган кишиларнинг ёдгорликларини асрашни, уларни қадрлашни ўргатгандир? Ҳаждаги кўплаб амаллар ва жойларда айни шу маъно бор эмасми?

Сиз «Булар энди оят-ҳадис билан собит бўлган нарсалар, ундан бошқасини сақлаш бидъат-да», дейишингиз мумкин. Лекин сиз айтган шу гапни саҳобалар, улардан кейинги тобеъинлар билмаганмики, улар ёдгорликларни сақлаб, табаррук қилиб келишибди, ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Ахир сиз салафи солиҳларга эргашишни даъво қилиб, ҳамманинг бошини урмай ёрасиз-ку доим? Тўғри, Китобу Суннатда фазилати қайдланган жойларга бошқа ҳеч бир нарса тенглаша олмайди, уларнинг мубораклиги ваҳий билан собит бўлган. Бироқ, шундан хулоса олиб, исломий ёдгорликларни асраса, бунинг нима ёмон жойи бор? Буни ман қилишга қандай далил бор?

Бир нарса деса, «Умар розияллоҳу анҳу Ҳажарул асвадга: «Сен оддий тошсан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўпгани учунгина сени ўпяпман», деган. У киши остида Ризвон байъати қилинган дарахтни кестириб юборган», деб гап бошлашади. Тўғри, у киши шундай қилган, аммо бу истисно равишдаги чоралар бўлиб, ҳамма нарсада қўлланмаган. Бўлмаса, у киши нега ҳамма ёдгорликларни, осорларни буздириб, ҳозиргилардек текислаб юбормаган? Йўқ, аксинча, у киши ҳам аслида ёдгорликларни асраган.

Умар розияллоҳу анҳу Фаластинни фатҳ қилгач, Масжидул Ақсога борганда у ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам меърожга чиққанларида оёқларини қўйган тош олдига намозгоҳ қилдилар. Кейинроқ 68-72 ҳижрий саналарда Абдулмалик ибн Марвон айнан шу жойга ҳозирги «Масжидус-сахра» (Харсанг масжиди) деган намозгоҳни бино қилди. Хўш, улар нега айнан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам меърожга чиқишда босган шу тошнинг ёнини намозгоҳ учун танлашди? Шу жой мусулмонларга Расулларидан ёдгорлик бўлгани учун эмасми? Ҳолбуки, бу тошни яҳудийлар қибла санашар эди. Нега уни яҳудийларнинг қибласи экан деб ёки «энди мусулмонлар Набийнинг қадами теккан тошни зиёрат қилиб, мушрик бўлиб кетишади» деб, парчалаб, йўқ қилиб ташлашмади? Аксинча, у жойга масжид қуришди ва ўша тошни масжиднинг бағрида сақлаб қолишди. Бу ишлар саҳобаларнинг ҳаётлик чоғларида содир бўлган, зиёратда ғулувга кетган кишилар ўша пайтда ҳам топилган. Лекин салафлар беш-тўртта аҳмоқни деб, исломий осорларни вайрон қилмаган, балки бу ёдгорликларнинг диндаги ўрни, хизмати катта эканини яхши англашган. Ўша харсанг тош ҳозир ҳам ўша бўйи турибди.

Фаластин билан бир танишинг, бориб кўринг ёки видеоларини томоша қилинг, у ерда аввалги пайғамбарларнинг қадамжолари, меҳроблари, қабрлари ва бошқа ёдгорликлари қандай сақлаб қолинганини бир кўринг. Нега Умар розияллоҳу анҳу у жойни фатҳ қилганда салафларга эргашиш даъвосидаги жанобларга ўхшаб, ўша ёдгорликларни текислаб, ер билан яксон қилиб ташламадилар? Нега улардан кейинги 1200 йил шу ерда ҳукмронлик қилган мусулмонлар бу осори атиқаларни асраб-авайлаб келдилар? Хўш, шу билан фаластинликлар мушрик бўлиб ёки хурофотчи бўлиб кетдими? Тарих гувоҳ, мусулмон уммати бошқа пайғамбарларнинг меросхўри сифатида уларнинг ҳам ёдгорликларини асраб келган. Ҳатто Иброҳим алайҳиссалом ва у кишининг оила-аъзоларининг мақбаралари масжид бағрида ҳануз сақлаб келинмоқда. Аммо ҳеч ким бу ҳолатни инкор қилмаган. Бизнинг Маккамиз ва Мадинамизда ҳам ана шундай табаррук ёдгорликлар яқинларгача сақлаб келинган эди, аммо манави тоифа уларнинг ҳаммасини йўқ қилди.

Исломда ашёларнинг қадри йўқ, деб бонг ураётганлар Умму Салама розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўйи муборакларини бир идишга солиб, унга сув қуйиб, ўша сувни беморларга бериб юрганларини ва бундан кўп одам шифо топганини билишармикин? Улар Асмо розияллоҳу анҳо Набиййимизнинг бурдаларини асраб, уни табаррук қилиб, сақлаб юрганини эшитганмикин? Хўш, Умму Салама розияллоҳу анҳо ёки Асмо розияллоҳу анҳо ҳам бидъатчи, жоҳила бўлганми? Ёки улар Исломни сизларчалик тушуниб етмаганми? Ёки диннинг маъно-мазмунини англамаган ашёпараст одамлар бўлишганми? Йўқ, улар Исломни фақат суратан эмас, балки руҳи билан, унинг ҳис-туйғуларга бой гўзалликлари билан англаган зотлар эди…

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид