Қибламиз Саудияда, аммо Саудия қибламиз эмас! (биринчи мақола)

Қибламиз Саудияда, аммо Саудия қибламиз эмас! (биринчи мақола)

Қибламиз Саудияда, аммо Саудия қибламиз эмас! (биринчи мақола)

Жамиятимизда бир тоифа кишилар бор. Улар ҳар ишда Саудияга кўз тикиб ўрганиб қолган. Тўғри, қибламиз бугунги Саудия давлати ичида, Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзаи муборакалари ҳам шу ҳудудда. Бу ҳол ҳар қандай мусулмоннинг шу тарафга қалбан талпинишига, юракнинг шу томонга қулоқ тутишига туртки бўлади. Албатта, бу яхши, шундай бўлиши керак, зеро, бу – иймоннинг тақозоси. Аммо биз муқаддас замин билан у ерда ҳукмрон бўлиб турган тоифаларни фарқлай билишимиз керак. Фурсатдан фойдаланиб, шу мавзудаги айрим фикр-мулоҳазаларни очиқлаш орқали баъзи нотўғри тушунчаларни тўғрилаш қасд қилинди.

Мен Саудия давлатининг ички ва ташқи сиёсатидаги чиркин ишлар, Ислом умматига келтирган ва ёғдираётган зарарларини, хиёнатларини бирма-бир санаб чиқмоқчи эмасман. Ислом оламидаги ҳозирги урушлар, инқилоблар, тўкилаётган бегуноҳ қонлар, мусулмон юртларининг вайрон бўлишида, бой берилишида бу давлатнинг «беминнат хизматлари» ҳақида тўхталмоқчи эмасман. Буни бугун ҳар қандай ақлли, фаросатли одам ўзи билиб турибди. Мен биз учун муҳими ‒ у ердаги диний мафкуранинг, салафийлик ақийдасининг оқибатларига урғу бермоқчиман. Мазкурлардан келиб чиқиб, айрим одамларга «Барака топкур, Саудия дин эмас, давлат», демоқчиман.

Шундай одамлар борки, Саудияга ёндашишда холисликдан четланиб, таассубга ўтиб олишади. Саудия ва унинг идеологияси гўё уларнинг дини бўлиб қолган, Саудияни худди ақийдани ҳимоя қилгандек ҳимоя қилишади. Унга қарши гапирсангиз, балога қоласиз, сўзингизга қанча далил келтирманг, қабул қилишмайди, нима бўлса ҳам ўз мафкураларининг ушбу ўчоғини айбсиздек оқлашга уринишади. Агар бу иш холис бўлса, бошқа гап эди, афсуски, одатда ундай бўлмайди. Айрим мисолларни эслаш мумкин.

Ҳаммамиз ҳар йили Рамазон ва ҳайит кунларини белгилашда Саудияга қулоқ тутиб турамиз. Аммо бир тоифа кишилар бу масалада шундан бошқани қабул қилмайди, бошқа жойларга солиштирмайди. Бу йил Мавританияда ойни кўрдик, дейишган эди, бошқалар кўрмагани учун, фалакий ҳисоб-китоблар ҳам ўша куни ҳилолни кўриш имкони йўқлигини таъкидлагани учун уларнинг гапи олинмади. Ҳолбуки, айни шу ҳолат ўтган йили Саудия мисолида ҳам бўлган эди: Саудиянинг биқинидаги мамлакатлар ҳилолни кузатиб, уни кўра олмаганини эълон қилган, фалакий ҳисобга кўра, ҳилолни кўриш мутлақ имконсиз бўлган бир пайтда, Саудия ой кўрганини айтган эди. Одатга кўра, айрим кишилар Саудияда ой кўринди деб, дарров шов-шув кўтаришди, оғиз очамиз деб тўполон қилишди. Аммо бу йил Мавританиядагилар ҳилолни кўрдик деса, уларга ҳеч ким қулоқ солмади. Одатда Австралияда ҳилол бошқа жойлардан бир кун олдин кўринади. Буни ҳеч ким инобатга олмайди, ҳеч ким уларга қизиқмайди ҳам. Ҳар замон Саудияда ой кўринганида шовқин кўтариб, тўполон қиладиганларимиз ҳам бунга келганда негадир жим туришади. Нима, ҳилолнинг кўриниши эмас, унинг қаерда кўриниши муҳимми ё? Ёки Саудияда ой кўринишининг алоҳида имтиёзи борми? Йўқ, аслида бу ерда маълум бир тарафга таассубнинг ёмон натижаси бор, холос.

Саудия ҳукумати тиклангач, салафийлик хуружи ортидан деярли барча исломий осори атиқалар ширку бидъат деган даъво билан йўқ қилингани айтилса, айрим кишилар ўйламай-нетмай: «Яхши қилган. Бўлмаса одамлар ширкка ботиб, қабрпараст бўлиб юрарди», дейишга тушишади. Нима, Ислом уммати, икки ҳарам аҳолиси 1300 йил ширку бидъатда яшаган эканми? Ўйлаб гапиряпсизми? Сиз олдин бу муборак заминнинг тарихи, у ерда яшаб ўтган, фаолият олиб борган олиму алломалар билан бир танишиб чиқинг, кейин сўзланг.

Яқинда «Ал-Жазира» телеканали тайёрлаган бир видео тарқалди. Уни Азон.тв ходимлари ўзбек тилига таржима қилиб, тақдим қилишди. Унда Каъба атрофидаги осорлар бузилиб, ўрнига ажнабийча осмонўпар меҳмонхоналар қурилгани танқид остига олинган. Аслини олганда бу видеода жуда ҳам юмшоқ, енгил ва қисқа сўзланган, чунки ҳолат воқеликда ундан кўра анча аянчли ва оғир. Аммо шунда ҳам бу ҳаққоний таҳлил кимларгадир ёқмади.

Мен ўзим ўтган йили умрага борганимда Маккаи Мукаррама ва Мадинаи Мунавварада Исломнинг бир минг тўрт юз йиллик тарихини бизга ҳикоя қилиб бера оладиган осори атиқаларимиз йўқ бўлиб кетганидан ачиниб, тўғриси, беихтиёр йиғладим. Агар сизда тарих борасида озгина билим ва виждон бўлса, бу ҳолатга сиз ҳам ич-ичингиздан йиғлашингиз аниқ. Чунки 1300 йил уммат тарафидан кўз қорачиғидай сақлаб келинган, бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни, саҳобалар замонини, улардан кейинги даврларни жонли суратда ўзида намойиш этадиган ашёлар батамом йўқ қилиб ташланган.

Агар улар ҳозир ҳам турган бўлса, қандай ҳам гўзал бўлар эди? Улар бизга энг суюкли кишиларимиздан ёдгорлик эмасмиди? Улар саодат замонининг хуш ифорини асрлар оша ташувчи бетакрор ашёлар эди-ку? Бундан юз йил олдин у жойларга борганда ўзингизни саодат асрига тушиб қолгандек ҳис қилардингиз, саҳобалар ва мўминлар оналаринининг ҳайбатини туярдингиз.

Бу диёрлар ўзи нимаси билан қадрли? Айнан ўша шонли ўтмиши билан, қадимийлиги билан эмасми? Замонавий осмонўпар бинолар дунёнинг ҳамма жойида ҳам тўлиб ётибди-ку. 

Мўмин киши ҳадисларда, асарларда зикр қилинган маконларни кўргиси, ўша жойларда тўйиб нафас олиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни ва у зотнинг асҳобларини ёдга олгиси келиши табиий. Афсуски, бугун бу ҳузурнинг имкони йўқ, ёдгорликлар деярли қолмаган ва уларни энди қайта тиклашнинг иложи йўқ.

Буни қарангки, уларни бузиб, йўқ қилиб, бугун энди ўша қадимий уйлар ва нарсаларнинг суратини, макетини ясаб, одамларга намойиш қилиб ўтиришибди. Шунинг ўрнига ўша нарсаларнинг ўзи, асли турса бўлмасмиди? Бироз тузатиб, шишалар билан ҳимоялаб қўйилса, бугун уммат ўз ёдгорликларини ўз кўзи билан томоша қилар эди. Саҳобаларнинг, оналаримизнинг Бақиъдаги қабрларини текислаб ташлаб, уларнинг рўйхатини кўчага илиб қўйишган. Шунинг ўрнига ўша қабрлар ўз эгаларига оид ҳолида сақланса, бунинг нима ёмон жойи бор эди? Булар сал қолса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзаларини ҳам бузиб, кўчирмоқчи бўлишган, ҳатто бунга «фатво»лар ҳам чиқариб қўйишган эди. Жаҳолат ҳам шунчалик бўладими?

Аҳмоқ ҳукумат Ислом умматининг бетакрор ёдгорликларини йўқ қилиб ташлаб, энди бу мамлакатда туризм учун янги, «замонавий» шаҳарлар қурмоқда. «Агар сен муборак осорларни авайлашни билганингда, дуч келган жойдан келган, бетаҳорат, ярим-яланғоч туристлар эмас, мўмин-мусулмонлар, ўзининг, динининг ўтмишига мухлис сайёҳлар чўнтагингни керагича тўлдириб берар эди», дейдиган одам йўқ.

Бу осори атиқаларни йўқотишни ширку бидъатга боғлаш ўтакетган аҳмоқлик, калтабинлик ва ғулувдан бошқа нарса эмас. Ахир 1300 йилдан бери шунча уламо ва умароларнинг ақли шунга етмаган эканми? Ёки Ислом уммати 1000 йилдан ортиқ ширкда ва бидъатда бўлганми? Йўқ, асло! Бундай бўлиши мумкин эмас! Аллоҳ бу умматни ҳақ йўлда собитқадам қилишини, уларнинг аксарияти ҳидоятда бўлишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баён қилганлар.

Мазкур видео ортидан бир тоифа кишилар ушбу вайронкорликларни ёқлашга, бунинг учун ширку бидъатни хаспўшлашга енг шимариб киришиб кетишди. Бу ҳам ўтакетган саводсизлик ва бирёқламаликдир.

Тўғри, сўнги йилларда Икки Ҳарам ҳудудида кўп яхши ишлар қилинди, ҳожилар учун жуда катта имкониятлар, қулайликлар яратилди. Бироқ, бунинг учун исломий ёдгорликларни бузиш шарт эмас эди. Уларни сақлаган ҳолда ҳам худди шу қулайликларни, балки бундан ҳам яхши имкониятларни яратиш мумкин эди. Бу ерда муаммо ҳожиларга шароит яратиш, Ҳарамни кенгайтирш заруратида эмас, балки исломий ёдгорликларни писанд қилмаслик, аксинча, уларни йўқотишга ундайдиган ақийдададир. Мана шу нозик нуқтага кўпчилик эътибор бермаяпти. Зеро, мазкур мафкурадаги ширку бидъат васвасаси муқаддасот, одоб, ўзлик тушунчаларини емириб ташлаган. Ҳамма иллат мана шунда.

Йўқ қилинган ёдгорликлар умматнинг, динимизнинг тарихи эди. Ширкни йўқотиш керак, аммо нега исломий ёдгорликларни бузасан?

Табиий савол туғилади: саудлар ўз давлатларининг нари борса бир-икки асрлик ёдгорликларини асрашади-ю, нега Ислом умматининг минг йиллик осор-атиқаларини пайҳон қилишади? Осор-атиқаларни сақалашни билишар экан-ку! Шу пайтгача мусулмонлар бу ёдгорликларни нима учун шунчалар асраб келган, ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Саҳобалардан тортиб, тобеъинлар ва улардан кейинги уламолар ширкпараст ёки аҳмоқ бўлмагандир?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин орадан 1200 йил ўтгач, Исломни фақат Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ва унинг тобеъларигина тўғри тушунибди-ю, бошқалар жоҳил бўлган эканми? Сал ақл юритиб кўринг ахир!

Саудлар фақат қабрларни бузган деб ўйламанг. Улар ҳар қандай ёдгорлик ва осорларни йўқ қилган. Уҳуд жангида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йиқилиб тушиб, тишлари шикастланган чуқур яқингача сақлаб келинган экан. Одамлар бориб, шу жойни томоша қилса, ширк қиляпсан деб, ўшани ҳам кўмиб, йўқ қилишди. 

Бугунги кунда Бадрга борсангиз, ўртасига ҳожатхона қуриб қўйишган, ҳаммаёғи ахлат бўлиб ётибди. Ахир бу замин мусулмонларнинг илк зафарига гувоҳ бўлган, фаришталар тушган жой-ку! Нега шундай азиз, табаррук маскан бунчалар қаровсиз? Бир борган одам дили хира бўлиб, Аллоҳ кечирсин-у, қайта боргиси келмайди. Нима, қаторлатиб қасрлар қураётган, денгиз бўйига замонавий шаҳарлар тиклаётган жаноблар шу озгина жойни тоза тутишга қодир эмасми? Ёки уларнинг бунга ақли етмайди деб ўйлайсизми? Йўқ, гап шундаки, уларнинг ақийдаси шунга йўл қўяди, балки шунга ундайди. Иллат мана шу ерда.

Уҳудда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий нозил бўлган жой ҳам сақланиб қолган бўлиб, Ислом уммати уни неча асрлардан бери йўқотмай, белгилаб, авлоддан авлодга танитиб келган эди. Ҳозир ўша жойни симлар билан ўраб қўйишган, ҳеч қандай белги қўйилмаган, бунинг қандай жойлигини билмаган одамлар эса у жойга ахлат ташлаб, ифлос қилиб юришибди. 

Қубо масжиди олдида Биърул-хотам бор эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сув ичган етти қудуқнинг бири бўлиб, Самҳудийнинг таъкидлашича, Мадинада суви энг ширин қудуқ шу бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу қудуқнинг сувидан ичишни яхши кўрганлар. Имом Бухорий Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан қилган ривоятга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша қудуқ устида ўтириб, учта халифага жаннат башоратини берганлар. У зотдан кейин ҳам саҳобалар атай келиб, шу қудуқдан сув ичишар эди. Усмон розияллоҳу анҳу ушбу қудуқда таҳорат олаётиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан халифалар орқали мерос бўлиб келаётган узукни қудуққа тушириб юборганлар. Узукни уч кун обдон қидирилади, аммо топилмайди. Шундан сўнг бу қудуқ Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг узуклари борлиги учун Биърул-хотам, яъни «Узук қудуғи» деб аталган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак жисмларига теккан ҳар бир нарса табаррукдир, бу масалада уммат уламолари ҳеч қачон хилоф қилмаган. Шу эътибордан, бу қудуқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг узукларини ўзида сақлаши билан табаррук ҳисоблаб келинган ва одамлар ўн тўрт аср давомида унинг зилол сувидан баҳраманд бўлиб келишган.

Асрлар оша мусулмонлар уни асраб-авайлашган, амирлар таъмирлаб, устига қубба қуриб, эҳтиётлаб келганлар. Бироқ, саудлар Қубо масждини кенгайтириш баҳонасида бу қудуқни ҳам текислаб ташлашди. Аҳоли ўртасида норозилик кучайиб, уни қайта очиш ҳаракати бошланганда Ибн Боз буни эшитиб, шахсан ўзи ташаббус кўрсатиб, қайта тиклаш ҳаракатларини куч билан бостирган. Унинг даъвоси қуйидагича: «Қудуқни ўз ҳолига қайтариш жоиз эмас, балки уни ҳозирги таксилар тўхташ жойи ҳолида қолдириш ёки кўмиб, ер билан битта қилиб текислаб ташлаш вожибдир… Уни жоҳиллар табаррук қилмасин учун ҳам кўмиб ташлаш вожибдир» (Ибн Бознинг Мадина масъулларига ёзган хатидан иқтибос).

Шундай қилиб, ўн тўрт асрдан бери сақлаб келинган, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ёдгорлик бўлиб қолган ушбу муборак қудуқ ҳозир йўқ, унинг ўрнига асфальт ётқизиб, ўртасига чим экиб, қудуқдан асар ҳам қолдиришмаган. Бир пайтлар бу ерда ана шундай муборак қудуқ бўлганини китоб ўқиган одамлар билмаса, бошқаларнинг хабари ҳам, иши ҳам йўқ.

(давоми бор)

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид