Хушхабар! Масжидлар фаолият бошламоқда

Хушхабар! Масжидлар фаолият бошламоқда

Хушхабар! Масжидлар фаолият бошламоқда

Барчамизга маълумки, Республикамиз аҳолиси орасида коронавирус тарқалиши олдини олиш мақсадида жорий этилган карантин сабабли деярли уч ойдан бери турли ишхоналар, таълим даргоҳлари ва масжидларнинг фаолияти вақтинча тўхтатилган эди. Мана, алҳамдулиллаҳ, вақтинча ёпилган масжидлар аста-секинлик билан очиляпти. Бу каби ишлар аҳолининг саломатлигини сақлаш мақсадида тажрижий тарзда амалга оширилмоқда. Яъни ҳозирча фақат яшил ҳудудларда жойлашган масжидлар фаолиятини бошлайди. Секин-аста бошқа ҳудудлар ҳам яшил ҳудудга ўтиши билан у ерда жойлашган масжидлар ҳам ўз фаолиятини давом эттираверади.

 

Баъзи бирларимиз истиқомат қилиб турган ҳудудлар яшил ҳудудлардан бўлмагани сабабли масжидлар ҳали фаолият бошламай турган бўлса, бундан жазавага тушмайлик, норози кайфиятда ҳам бўлмайлик. Аввал айтилганидек, буларнинг барчаси аҳолининг саломатлигини сақлаш мақсадида эҳтиёткорлик билан тадрижий тарзда амалга ошириладиган ишлардир. Шундай экан, бу каби масалаларда соҳа мутахассисларига итоат қилишимиз лозим бўлади. Зеро, динимизнинг талаби ҳам шудир. Чунки саломатлик ва офият энг катта неъматлардан бири ҳисобланади.

 

Якка шахс учун ҳам, жамият ва давлат учун ҳам омонлик ҳаётнинг энг муҳим пойдеворидир. Фиқҳ китобларимизда ибодатларни адо қилиш учун омонлик шарт қилинган. Буни қисқача баён қиламиз. Омонликдан мақсад – жон, мол-мулк, шаън, дин ва ақлнинг саломатлигидир. Булар – дин ва дунё манфаатлари амалга ошиши учун лозим бўлган заруратлардир. Дарҳақиқат, инсон ибодатларга мукаллаф бўлиши учун жони, моли ва шаъни борасида омонда бўлиши шарт эканига фақиҳлар иттифоқ қилишган. Ибн Нужайм раҳматуллоҳи алайҳнинг “Ал-Ашбоҳ ва-л-назоир” номли китобида шундай дейилган: “Ибодат сабабли зарарга дуч келишдан кўра, дунё ва охират манфаатлари учун жон ва аъзоларни муҳофаза қилиш муносиброқдир”.

 

Булар қуйидаги мисолларда янада намоён бўлади:

Таҳоратда:

Намознинг шартларидан бири – покловчи сув ёрдамида кичик ёки катта бетаҳорталикдан покланишдир. Лекин сув билан унинг орасида душман, қароқчи, йиртқич ҳайвон ёки илон кабилар бор бўлиб, сув олиш сабабли жони ҳалок бўлишидан ёки қаттиқ зарарланишидан хавфсираса, унга таяммум қилиш мубоҳ бўлади. Чунки жонни ҳалокатга ташлаш ҳаромдир. Шунингдек, жароҳати ёки касали бўлиб, сув ишлатса, жонига талофат етишидан хавфсираган шахс ҳам таяммум қилади.

 

Намозда:

Намознинг шартларидан бири киши омонликда бўлганида қиблага юзланишидир. Агар душман ёки йиртқич кабилардан хавсираш сабабли омонлик рўёбга чиқмаса, қиблага юзланиш соқит бўлади ва намозини ўз ҳолича ўқийди.

Жума намози фарздир. Лекин жони ва молига хавфсираган киши учун у вожиб эмаслигига ижмо қилинган.

Жамоат намози фақиҳлар ўртасидаги ихтилофга кўра суннат ёки фарзи кифоядир. Лекин жон, мол ёки шаънга хавф бўлса, жамоат соқит бўлади.

 

Ҳажда:

Ҳажнинг вожиб бўлиши учун йўлнинг жон, мол ва шаън борасида хавфсиз бўлиши шарт қилинади. Ким бу борада бирор душман ёки йиртқич ёки ўғри-қароқчи ёки бундан бошқалардан хавфсираса ва ундан бошқа хавфсиз йўлни топмаса, унга ҳаж лозим бўлмайди. Масалан, ҳажга денгиз орқали боришдан бошқа йўл бўлмаса ва саломат етиб бормаслик эҳтимол қилинса, ҳаж вожиб бўлмайди.

 

Амри маъруф ва наҳий мункарда:

Амри маъруф ва наҳий мункар қилиш фарзи кифоядир. Унинг вожиб бўлиш шарти инсон ўз жони ёки оз бўлса-да, моли ёки ундан бошқа нарсалари борасида хавфсиз бўлишидир.

 

Демак, саломатлигимизни биринчи ўринга қўйишимиз динимизнинг талаби экан. Шунинг учун айни кунларда агар аҳоли ўртасида вируснинг тарқалиб кетиш хавфи бор бўлса ва яшил бўлмаган ҳудудларда масжидларнинг очилиши бироз кечикаётган бўлса, буни тўғри қабул қилишимиз, сабр ва дуода бўлишимиз лозим бўлади.

 

Аллоҳ таолодан бизларни ушбу кунларда Ўзига яқин қиладиган амалларга муваффақ қилишини, бу синовлардан офиятда ўтишимизни, ушбу ғамни бу умматдан кетказишини ёлвориб сўраймиз ва ёмонликлардан паноҳ тилаймиз. Ушбу касалликка чалинганларга тезда шифо беришини, шунингдек, бу касаллик сабабли вафот этган мусулмонларни раҳматига олишини сўраймиз!

Эй Аллоҳ, дунё ҳаётимизни яхши амалларни зиёда қилишимизга сабаб қилгин!

Қудратуллоҳ Сидиқметов