Итоат қилинг, офиятда бўласиз!

Итоат қилинг, офиятда бўласиз!

Итоат қилинг, офиятда бўласиз!

Офият, соғлик-саломатлик энг катта неъматлардан экани ҳаммамизга маълум. Унинг қадрига етмоқ, уни асраб авайламоқ бизнинг зиммамиздаги бурчимиздир. Ҳадиси шарифларда шундай дейилган.

Убайдуллоҳ ибн Миҳсон ансорий хотмий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан ким оиласи тинч, тани соғ ва бир кунлик егулиги бор ҳолатда тонг оттирса, унга дунё тўлиғича берилибди”, дедилар”. Имом Термизий ривоят қилган.

Яна бир ҳадисда шундай дейилган: “Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу минбарга чиқдилар, сўнгра йиғлаган ҳолларида шундай дедилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи йил (яъни ҳижрий биринчи йил)   минбарга чиқдилар, сўнгра йиғлаб: “Аллоҳдан (гуноҳларга) авфни ва офиятни сўранглар, чунки ҳеч бир кимсага иймондан кейин офиятдан кўра яхшироқ нарса берилмаган”, дедилар”. Имом Термизий ривоят қилган.

Муҳаддис уламолар пайғамбар алайҳиссалом келажакда умматлари турли фитналарга дуч келишларини, мол-дунёга берилиб кетишларини билиб йиғлаганлар ва шу сабабли умматига офият сўраб дуо қилишни буюрганлар, дейишган.

Бугунги кунда коронавирус инфекцияси бутун жаҳонни эгаллаб, нотинч қилиб тургани ҳаммамизга маълум ва машҳурдир. Бундан асло ғафлатда қолмаслигимиз, унга бепарво бўлмаслигимиз лозим. Инсонни ҳалокатга учратадиган мусибатларнинг энг ёмони бу – ғафлатдир. Ғафлат кўринмас касаллик. Мажбуриятларимизга бепарво қарашимиз, жумладан, Роббимиз, жамиятимиз, оиламиз, ватандошларимиз олдидаги бурчимиздан ғафлатда қолишимиз, унга бепарво бўлишимиз катта мусибатларнинг келишига сабаб бўлади. Шунинг учун Аллоҳ таоло жаҳаннамга тушадиган, унга ўтин бўладиган инсонларни Қуръони каримда баён қилиб шундай дейди:

Жинлар ва инсонларнинг кўпчилигини жаҳаннам учун яратганмиз. Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан “англамайдилар”. Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан “кўрмайдилар”. Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан “эшитмайдилар”. Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки, улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир. (Аъроф-179)

Айнан ўшалар ғофиллардир”, дейилмоқда. Дарҳақиқат, айнан ўшалар ғофиллардир. Чунки Аллоҳ таоло уларга мана шу аъзоларни омонат қилиб берганди, лекин улар бу аъзоларни хароб қилдилар, ҳаққини адо қилмадилар. Қалб ва ақл ҳақни англамаса, кўз ибрат назари билан қарамаса, қулоқ ҳақни тингламса, уларнинг қиймати қанча?. Бунга уларнинг ғафлати сабаб бўлган.

Шундай экан, биз бундай таҳликали ҳолатларда бепарво бўлмаслигимиз, ундан ғафлатда қолмаслигимиз, бир лаҳза ҳам хушёрлигимизни йўқотмаслигимиз лозим.

Бугунги кун карантин ҳолати. Кўчага чиқманглар дейиляпти. Зарурат йўқ экан, уйдан чиқмаслигимиз лозим. Бу талаб раҳбарлар талаби, бу талаб тиббиёт соҳаси ходимларининг талаби, бу талаб дин пешволаримиз талаби. Улар биз кўрмаётган хатарларни кўриб тургани учун биздан шуни талаб қилишяпти. Бизга яхшиликни раво кўришгани учун биздан шу нарсаларни талаб қилишятпи. Бу хатарлардан бизни саломат олиб чиқишни истаганлари учун биздан уйдан чиқмасликни талаб қилишяпти. Ушбу ишларда раҳбарларнинг буйруғига бўйсуниш лозим. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:

Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга итоат этингиз ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга!.   (Нисо;59)

Эътибор берайлик, Аллоҳ таоло “Эй инсонлар” деб хитоб қилмади. Балки, “Эй иймон келтирганлар” деди. Демак, модомики, мўмин эканмиз, Аллоҳга итоат қилайлик, Расулига итоат қилайлик, ўзимиздан бўлган бошлиқларга итоат қилайлик!. Чунки Аллоҳ таоло бу оятда ўртага иймонни қўйиб хитоб қиляпти. Ўзимиздан бўлган бошлиқларга итоат қилишда, модомики, Аллоҳга ва Унинг Расулига исён бўлмас экан, уларга итоат қилишимиз лозим бўлади.

Жамиятда бир кишига итоат қилинадиган бўлса, ўша жамият салоҳиятли, кучли ва қудратли жамият бўлади. Жамоатчилик билан ишлайдиган корхоналар, таълим муассалари ва шу кабиларда ҳам бир раҳбарга итоат қилинади. Шунда иш барқарор, хотиржам давом этади. Агар баъзилар итоат қилиб, қолганлар итоат қилмаса, у ерда беқарорлик вужудга келиши ҳаммамизга кундек равшан.

Демак, Аллоҳ таолога, Расулига ва ўзимиздан бўлган иш эгаларига итоат қилишимиз лозим.

– Аллоҳ таоло бизга “Ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!” деди. (Бақара сураси, 195-оят). Итоат қилайлик, ҳалокатимизга сабаб бўладиган нарсалардан узоқда бўлайлик!

– Расулуллоҳ алайҳиссалом бир ҳадисда вабо тарқалган пайтда уйда ўтиришга, яна бир ҳадисда эса юртддан, шаҳардан чиқмасликка кўрсатма берганлар. Итоат қилайлик, уйдан чиқмайлик!

– Раҳбарлар ва соҳа мутахассислари ҳам биздан уйда қолишни, заруратсиз уйдан чиқмасликни талаб қилишяпти. Итоат қилайлик, уйда қолайлик, заруратсиз уйдан чиқамайлик!

Демак, зиммамизда уларга итоат қилиш бор. Уларга итоат қилмаслик эса ўзимизни ҳалокатга ташлашимиз демакдир.

Аллоҳ таолодан бизларни ушбу кунларда Ўзига яқин қиладиган амалларга муваффақ қилишини, бу синовлардан офиятда ўтишимизни, ушбу ғамни бу умматдан кетказишини ёлвориб сўраймиз ва ёмонликлардан паноҳ тилаймиз. Ушбу касалликка чалинганларга тезда шифо беришини, шунингдек, бу касаллик сабабли вафот этган мусулмонларни раҳматига олишини сўраймиз!

Эй Аллоҳ, дунё ҳаётимизни яхши амалларни зиёда қилишимизга сабаб қилгин!

 

ҚУДРАТУЛЛОҲ СИДИҚМЕТОВ

Тошкент ислом институти ўқитувчиси,

Аҳмаджон қори жоме масжиди имом ноиби