Усмон розияллоҳу анҳунинг саховати

Усмон розияллоҳу анҳунинг саховати

Усмон розияллоҳу анҳунинг саховати

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу саховатда денгиз эдилар. Камбағал бўлиб қолишдан қўрқмасдан, миннат ва азият бермасдан жуда ҳам кўп хайри саховат кўрсатар эдилар.

* Ўзининг йигирма беш минг соф пулига ер сотиб олиб Мадинада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларини кенгайтирганлар.

* Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилиб келганларида одамлар бир яҳудийнинг “Рума” номли қудуғидан сув ичар эдилар. Сув тақчиллигидан мусулмонлар қийналишди. Рума қудуғининг суви чучук бўлиб, мазкур яҳудий унинг сувини мусулмонларга сотар эди. Мусулмонларнинг ичида сувни сотиб олишга қийналадиганлари ҳам бор эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳ алаҳйи васаллам: “Ким Рума қудуғини сотиб олиб, унга ўзининг челаги ва мусулмонларнинг челагини шерик қилса, унга жаннатда ундан-да яхшироғи берилур”, дедилар. Усмон розияллоҳу анҳу бунга шошилдилар ва қудуқнинг ярмини ўн икки минг дирҳамга сотиб олдилар. Қудуқдан бир кун Усмон розияллоҳу анҳу бир кун яҳудий фойдаланар эди. Усмон розияллоҳу анҳунинг кунида қудуқдан мусулмонлар ичардилар, яҳудийнинг кунида у аввалгидек сувни сотар эди. Мусулмонлар Усмон розияллоҳу анҳуга тегишли бўлган кунда сувдан икки кунлик захира қилиб олишар эди. Шунда яҳудий Усмон розияллоҳу анҳуга: “Қудуғимни барбод қилдинг, қолган ярмини ҳам сотиб ол”, деди. Усмон розияллоҳу анҳу қолган ярмини ҳам сотиб олди ва қудуқ бутунлай мусулмонларнинг қудуғига айланади.

* Табук ғазоти учун саховат қилганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бундан кейин Усмон нима қилса ҳам унга зарар етмас, бундан кейин Усмон нима қилса ҳам унга зарар етмас”, деганлар.

*Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида қаҳатчилик бўлиб, одамлар таомга муҳтож бўлдилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: “Иншоаллоҳ эртага сизларга Аллоҳнинг кушойиши келиб қолар”, дедилар. Эртаси куни Усмон розияллоҳу анҳунинг карвони таом юкланган ҳолда келди. Тижоратчилар фойдани кўзлаб, унинг карвонини савдолаша бошлашди. Шунда Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу улардан: “Менга қанча фойда берасизлар?”, деб сўради.
– Бир тижоратчи: “Ўнга ўн икки”, деди.
– Усмон: “Бундан ҳам кўпроқ беряпти”, деди.
– Тижортачи: “Ўнга ўн беш”, деди.
– Усмон: “Бундан-да кўпроқ беряпти”, деди.
– Тижоратчи: “Мадинанинг тижоратчилари биз бўлсак, ким сенга бундан ҳам кўпроқ беряпти?”, деди.
– Усмон: “Аллоҳ таоло ҳар бир дирҳамга ўн баробар беряпти, сизлар ундан ҳам кўпроқ бера оласизларми?”, деди ва барчасини Мадина камбағалларига эҳсон қилиб юборди.

“Ҳикматлар чашмаси”дан

Қудратуллоҳ Сидиқметов