ИСЛОМ ‒ БАҒРИКЕНГЛИК ДИНИДИР

ИСЛОМ ‒ БАҒРИКЕНГЛИК ДИНИДИР

ИСЛОМ ‒ БАҒРИКЕНГЛИК ДИНИДИР

Диний бағрикенглик ҳақида сўз юритиш кейинги пайтларда бутун дунёда бағоят оммалашди. Зеро, замонавий дунёда бу таомилга эҳтиёж ҳар доимгидан ҳам юқоридир. Диний бағрикенглик жамият барқарорлиги, жипслиги ва тараққиётининг гаровидир. Ушбу ахлоқнинг етишмаслиги асрлар оша жуда кўп уруш-жанжаллар, зулму-ситамларга, беҳуда қон тўкилишига сабаб бўлган ва ҳозир ҳам шундай бўлмоқда.

Очиғини айтганда, бугунги кунда бағрикенглик ҳақидаги гаплар асосан мусулмонларга қаратиладиган бўлиб қолди. Худдики, бу таомилга фақат улар муҳтождек. Аслида эса инсоният тарихида бу тушунчани энг тугал суратда илк бор ҳаётга татбиқ этган кишилар айнан мусулмонлар бўлган. Турли хил дин вакилларининг бир дин ҳукми соясида аҳл-иноқ, ўзаро бирдамлик билан яшашларини ҳуқуқий асослар ва ахлоқий меъёрлар билан таъминлаган биринчи тизим муқаддас динимиз таълимотлари бўлган ва бугун ҳам унинг қиймати заррача пасайгани йўқ.

Аввало шуни таъкидлаш ўринлики, одатда исломий манбалардан “бағрикенглик” деб таржима қилиниб, талқин этилаётган “самааҳатун” сўзи аслида бағрикенгликдан кўра кенгроқ тушунча ҳисобланади. “Бағрикенглик” ‒ аслида ёқтирмаса‑да, чидамлилик билан қабул қилиш, бирор масалага ёки шахсга ўзни мажбурлаб бўлса ҳам очиқ кўнгиллик билан муносабатда бўлиш маъноларини англатади. “Самоҳат” эса бошқага чидамлиликдан ўтиб, унга мурувватли, илтифотли бўлишни ҳам билдиради. Ҳа, Исломда диний бағрикенглик тушунчаси оддий очиқ кўнгиллилик эмас, балки диний маънода илтифотли, мурувватли бўлишни, керак бўлса, ғамхўрликни ҳам ўз ичига олади ва бу олийжаноб хулқлардан ҳисобланади.

Имом Бухорий “Адабул‑муфрад”да Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Диндорликларнинг Аллоҳга энг суюклиси қайси?” деб сўралди. У зот: “Ҳаниф ва самоҳатлиси”, дедилар”.

“Ҳаниф” ўнга ҳам, чапга ҳам оғмаган, тўппа-тўғри дегани. Яъни диндорликнинг ғулувга ҳам, нуқсонга ҳам йўл қўйилмагани, бир сўз билан айтганда, мўътадил бўлгани демакдир. “Самоҳатли” дегани осон, кишини қийинчиликка қўймадиган, инсонга мурувват, илтифот кўрсатадиган, бағрикенгликка асосланган деганидир.

Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган, амал қилган, ўргатган ва мақтаган диндорлик ана шундай мўтадил ва мурувват манбаидир.

Куни кеча 22 октябр сешанба куни Халқаро Ислом академиясида Ўмон делегациси бошчилигида “Диний бағрикенглик – ўзаро тушуниш, тинч-тотув яшаш” масвзусида Академия ўқитувчилари ва талабалари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда делегация раҳбари, Ўмон Султонлигининг Вақф ва Дин ишлари вазири маслаҳатчиси Муҳаммад Маъмарий маъруза қилиб, ушбу мавзуда Ўмон тажрибаси билан тингловчиларни таништирди. Шайх Муҳаммад Маъмарий диний бағрикенглик, бутун инсониятга мурувватли бўлиш борасида жуда ҳам жонли фикрлар айтди ва ўз сўзларини кўп ўринда Қуръони Карим оятлари ва ҳадиси шарифлар билан қувватлаб ўтди.

Мартабали меҳмонларнинг айтишича, Ўмон салтанати мутахассислари, олимлари дунёда тинчликни барқарорлаштириш борасида дунё ҳамжамиятига ўз лойиҳаларини тақдим қилганлар. Ўтган ўн йил мобайнида бу таълимот ўзининг кўплаб ижобий натижаларини бериб улгирган. Унга кўра, барқарорликни таъминлаш, инсонлар ўртасида ўзаро ишонч ва ҳурмат тушунчаларини шакллантириш мақсадида, шу билан бирга, мутаассиблик ва экстремизм ғояларига қарши курашда қуйидаги учта меҳвар асосида ҳаракат қилиш лозим:

  1. Қонун.
  2. Ижро.
  3. Таълим.

Яъни юқорида айитлган мақсадларга эришиш учун диний бағрикенгликни тартибга соловчи қонунлар ишлаб чиқиш, унга зид ҳатти‑ҳаракатларга таъқиқ қўйиш ва бу қонунларни ижро этувчи куч барпо этилиши лозим. Аммо қонунлар ишлаб чиқиш ва уларни ижро этишнинг ўзи билан иш битмайди, чунки бағрикенглик инсоннинг шуурига, мафкурасига оид ҳодиса бўлгани учун бу борада таълимни ислоҳ қилмай туриб кутилган натижага эришиб бўлмайди. Шу боис, бағрикенглик асослари ва тушунчаларини кишилар қалбига таълим‑тарбия орқали сингдириб бориш, хусусан, ёшларни ана шу руҳда тарбиялаш бирламчи вазифалардан ҳисобланади.

Суҳбатда ҳозирда юзага келаётган экстремизм, терроризм ҳаракатларининг келиб чиқиш сабаблари ҳақида ҳам тўхтаб ўтилди. Тадқиқот хулосаларига кўра, бундай нохуш ҳолларни келтириб чиқарувчи асосий омиллардан бири ‒ жамият аъзоларининг шуурида ўз қадрятларини асрашга ишончсизлик пайдо бўлиши экан. Инсон қайси дин, қайси миллат вакили бўлмасин, ўзининг азалий қадрятларини сақлашга бўлган табиий ички туртки билан яшайди. Инсон мана шу туйғуси дахлсиз бўлгандагина қалбан ҳотиржамлик ҳис қилади, ўзини бахтли туяди. Акс ҳолда, унинг руҳиятида эврилишлар юз беради ва ўзлигини асраш учун кескин ҳаракатлардан чора излай бошлайди.

Олимларнинг айтишича, жамиятда радикаллашувнинг олдини олиш учун ҳам керакли чоралар кўрилиши лозим. Жамиятда инсонлар ўртасида бағрикенглик, ўзаро эҳтиромни таъминлаш, инсоний қадряталарни сақлаш, осуда ҳаёт барқорлиги учун учта муҳим омилга алоҳида эътибор бериш даркор:

  1. Ақл саломатлиги;
  2. Адолат;
  3. Ахлоқ.

Демак, жамиятда барқарорликни таъминлаш учун ақл тарбияси, уни тўғри йўналтириш, тўғри ишлатиш ва соғлом қарашлар билан суғориш жуда ҳам муҳим. Аллоҳ таоло Одам болаларини мукаррам қилиб яратгани, У Зот жон берган ҳар бир инсон осуда яшашга ҳақли экани, Ислом таълимотларида бағрикенглик устуворлиги жамият онгида мустаҳкам ўрнашиши лозим. Аммо ақлий саломатликнинг ўзи билан ҳам мақсад ҳосил бўлмайди. Балки соғлом ақл талаб қиладиган ижтимоий асослар ҳам топилиши керак. Буларнинг энг муҳим адолатдир.

Жамиятда тинчликни таъминлаш, кескинликнинг олдини олиш учун жамият аъзолари ўртасида адолат ҳукм суриши, ўзаро тенглик таомили устувор бўлиши даркор. Адолатсизлик, одамларни тоифалаш, уларнинг ҳуқуқларини поймол этиш барча замонларда инсоний жамиятлардаги парокандаликнинг бош сабаби бўлиб келган. Бу ҳақиқатни бугунги кунда Ғарбу Шарқ мамлакатлари мисолида яққол кўриш мумкин.

Ақлий саломатлик ва адолат топилса‑ю, жамиятда одоб‑ахлоқ асослари мустаҳкамланмаса, бу ҳолатда ҳам осуда ҳаётга эришиб бўлмайди. Кишиларда бағрикенглик кўникмалари, инсоний фазилатлар, олийжаноб хулқлар етарлича топилмас экан, ҳар қанча ақлий етуклик ва адолат тантана қилмасин, инсонлар ўзаро эҳтирормда, бир‑бирларига меҳру оқибат билан яшашга қодир бўла олмайди. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен олий хулқларни тугаллаш учун юборилдим» (Имом Аҳмад ривояти), дея марҳамат этганлар.

Анжуманда мартабали меҳмон юртимизда очилган “Диний бағрикенглик – ўзаро тушуниш, тинч-тотув яшаш” мавзусидаги “Ўмон Ислом рисоласи” кўргазмасини қўллаб‑қувватлаган барча мутасаддиларга ўз миннатдорчилигини билдирди.

Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, диний бағрикенглик ҳақида сўз кетганда фақат бошқа дин вакилларига нисбатан муносабатлар билан чекланиб қолмаслик лозим. Балки бунда бир диндаги кишиларнинг ўзаро фарқли қарашларда бир-бировларига бағрикенг бўлишларини ҳам назарда тутиш даркор. Зеро, динимизда барча ишларида бағрикенглик йўсинини тутиш, енгиллик томонини олиш ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг манҳажларидир.

Диний бағрикенглик таомили таъкидланганда мусулмонларга нисбатан ҳам ушбу хулқ билан муносабатда бўлиш бошқаларнинг бурчи эканини унутмаслик керак. Зотан, мана шунда жамиятдаги осудаликнинг асоси бўлган тенглик, инсоф ва адолат устувор бўлади.

 

Абдумажидов Ҳасанхон Яҳё