Сайловга чиқиш керакми?

Сайловга чиқиш керакми?

Сайловга чиқиш керакми?

Айрим кишилар сайловларга бепарво бўлса, айримлар бу иш ўзи жиозмикин, деган саволни ўртага ташламоқда. Ислом нуқтаи назаридан олиб қараганда, эл-юрт ишига баъзи кишиларни масъул қилиб сайлаш жоиз, вақти келса, вожиб амал ҳисобланади. Шу билан бирга, мусулмон киши жамият ишларида фаол бўлиши, яхшилик борасида барча билан ҳамкор бўлишга уруниши лозим. Қуйида динимизнинг шу хусусдаги айрим таълимотларини эслаб ўтамиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иккинчи Ақаба байъатида етмиш кишидан иборат ансорлар жамоасига ўз ичларидан нақиб ‒ гуруҳ раиси тайинлашларини буюрганлар. Уламолар ушбу ҳолатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нақибларни ўзлари танламай, буни сайловчиларга қолдириш билан одамлар ўзларининг маълум ишларини амалга ошириш, раҳбариятга етказиш учун масуъл шахсларни ўзлари танлашлари кераклигини ўргатганларига эътибор қаратадилар. У зот алайҳиссалом бу таомилни кейинчалик ҳам қўллаганлар. Бу ҳақда имом Бухорий ўз «Саҳиҳ»ида алоҳида боб очиб, «Одамларга оқсоқол бўлганлар ҳақида» деб номлайди ва унда одамлар маълум ишларда юқори раҳбарга оқсоқоллар орқали ўз сўзларини етказишлари тавсиясига доир ҳадисни келтиради (Қаранг: Олтин Силсила, 8-жуз, 7176, 7177-ҳадис.)

Ислом тарихига назара солинса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин рошид халифалар даврида ҳам, кейинги асрларда ҳам халқ вакилларининг ўрни катта бўлган. Улар халифа ва амирларни сайлашда ҳам бевосита халқнинг номидан иш кўришган. Қадимги фиқҳий китобларимизда уларни «аҳлул-ҳалли вал-ъақд» (яъни сиёсий ишларни бекор қилувчи ва тузувчилар) деб аталган. Бу борада фиқҳий манбаларда етарлича маълумотлар бор.

Баъзи бир кишилар «Мен сайловга чиқсам ҳам, чиқмасам ҳам барибир, аҳамияти йўқ, балки номзодлар танланиб бўлгандир ҳам», деган қабилда лоқайдликка йўл қўяди. Тўғри, одамлардаги бу ҳолат ҳам ўз-ўзидан юзага келмаган, балки ўтган даврлардаги вақелик, бугунги айрим вазиятлар шунга олиб келгандир. Лекин нима бўлганда ҳам, киши ўз вазифасини бажариш билан бўйнидаги масъулиятни соқит килиши лозим, қолган ишлар мутасадди бўлганлар зиммасига тушади. Бу ҳақиқатни масъулларга эслатиб бориш ўринлидир.

Аллоҳ таоло: «Имконингиз қадар Аллоҳга тақво қилинг!» (“Тағобун” сураси, 16-оят) деган. Ҳар ким имкон қадар яхшилик учун, адолат қоим бўлиши учун керакли ҳаракатни қилса, зиммасидаги бурчни бажарган бўлади ва шу йўсинда жуда кўп хайру баракага сабаб бўлиши ҳам ҳеч гап эмас. Банда қудратидан ташқари ишдан сўралмайди.

Уламоларимиз «Имконингиз қадар Аллоҳга тақво қилинг!» деган оятдан келиб чиқиб, зулм ва фасодни бира тўла даф этиш имкони бўлмаса, қўлдан келганича қайтариш лозимлигини таъкидлайдилар. Номзодлар ичида айнан сиз истаган киши бўлмаса ҳам, ишлар сиз кутгандек бўлмаган тақдирда ҳам, улардан эл-юртга, мўмин-мусулмонларга кўпроқ манфаати етадиганини танлаш орқали ёмонликни даф этишга ҳисса қўшиш ҳам мазкур оят тахтига киради.

Юсуф алайҳиссалом Миср мамлакати подшоҳига молия ишларини ўзига топширишини, бу ишни яхши уддалашини айтади. Бошқача қилиб айтганда, у киши молия ишлари бўйича вазирлик мансабини ўзи талаб қилади. Подшоҳ бу таклифни қабул қилади. Ҳолбуки, ўша пайтда подшоҳ ботил динга эътиқод қиладиган бўлган. Юсуф алайҳиссалом нафақат молия соҳасида, балки бошқа жабҳаларда ҳам жуда катта ислоҳотларни амалга оширади. Бу қисса Қуръони Каримда келган. Бундан уламоларимиз мусулмон одам жамият ислоҳи учун қўлдан келган ҳаракатни қилиши, ўрни келса, мансабни талаб қилиши ҳам мумкинлигини айтадилар. Номусулмонлар ичида мўмин киши маълум вазифаларни бажаришга ўзини таклиф қилиши мумкин экан, ана шундай салоҳиятли, жамиятни ислоҳ қила оладиган кишиларни керакли вазифаларга сайлаш бошқаларга ҳам матлуб бўлади, дейди уламолар. Буларнинг барчаси имкон қадар яхшиликни дастаклаш сарасига киради. Бундай тадбирнинг аҳамияти бугун Ғарб мамлакатларидаги мусулмон ёки мусулмонларга хайрхоҳ бўлган номзодларни сайлашда янада яққол кўринади.
Номзодлардан бирини сайлашда унинг топширилаётган масъулиятни бажаришга қанчалар омонатдор, қодир ва ҳақли эканига эътибор қаратиш дакрор. Аллоҳ таоло Қуръони Карим шундай дейди:

«Аллоҳ сизларга омонатларни ўз аҳлига топширишингизни буюради» (“Нисо” сураси, 58-оят).

Муфассир уламоларимиз оятда «омонат» деганда барча дину дунё ишлари назарда тутилганини таъкидлайдилар. Демак, мусулмонлар дину дунё ишларини ўз ичларидан кимларгадир топширар эканлар, уни ўз эгасига топшиширшга ҳаракат қилишлари даркор. Бу борада ҳам ҳар ким ўз ваколати ва имконияти доирасида уруниши вожиб. Акс ҳолда, қиёматнинг белгилари юзага келишига сабаб бўлиб қолиш мумкин.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон омонат зое қилинса, қиёматни кутавер!» дедилар. «Уни зое қилиш қандай бўлади?» деди (бир аъробий). У зот: «Қачон иш ўз аҳлидан бошқага топширилса, қиёматни кутавер!» дедилар».

Сайловчи киши номзод танлашда бор билим-тажрибасини ишга солиш баробарида, ўта холис бўлиши, шахсий манфаатларни устун қўймаслиги лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бир ҳадисларида шундай дейдилар:

«Ким бир жамоа ичидан бир кишини ишга тайинласа, ҳолбуки, уларнинг ичида ундан кўра Аллоҳ рози бўладиганроғи бўлса, у (тайинловчи) Аллоҳга, Унинг Расулига ва мўминларга хиёнат қилибди» (Ҳоким ривояти).

Ислом динининг туб моҳияти ‒ инсон манфаатларини муҳофаза қилишдир. Уламолар таъбири билан айтганда, Ислом бандалар ва шаҳарлар учун яхшиликларни рўёбга чиқаришни мақсад қилгандир. Ушбу мақсад йўлидаги битим, келишув ва ҳаракатлар Ислом нуқати назарида энг савобли амаллардан, бажарилиши лозим бўлган ишлардан, Аллоҳга қурбат ҳосил қилувчи ибодатлардан саналади. Шу боис, бу жабҳада мусулмон киши фаол бўлиши даракор.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жоҳилият замонида мазлумларнинг ҳимояси учун тузилган «Ҳилфул-фузул» битимини эслар эканлар: «Мен Абдуллоҳ ибн Жадъоннинг уйида бир битимда қатнашганман. У менинг учун қизил туялардан яхши. Агар Исломда ўшандай битимга чорлансам, албатта қабул қиламан», деганлар (Байҳақий ривояти).

Маълумки, пайғамбарлар маъсумдирлар, яъни улар пайғамбар бўлишларидан олдин ҳам ножоиз ишлардан сақланганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Исломдан олдин мазкур битимда қатнашганлари, кейинчалик ҳам ўша битимни мақтаб ёдга олганлари ва ўшандай битим бўлса, яна унга қўшилишларини таъкидлашларидан мусулмон киши яхшиликда, адолат йўлида бутун инсоният билан ҳамкор бўлиши лозимлиги тушунилади.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Исломда (зулм асосидаги) иттифоқдошлик йўқ. Аммо жоҳилиятда (адолат асосидаги) иттифоқдошлик бўлган бўлса, Ислом уни фақат кучайтиради», деганлар. Бу ҳам Ислом инсоний қадрятларни ҳамиша қўллаб-қувватлашини англатади.

Очғини айтганда, айрим диндорларимиз шу каби жамият ишларида ўзини четга олиш ёки бепарволик қилиш оқибатида кўп ютқазишларга юз тутишади. Бу тутум суннатга хилоф, динимиз кўрсатмаларига номувофиқ ва ҳаётда ўзини оқламаган ишдир.

Замонамиз уламолари сайлов ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқи бўлса-да, агар шу йўл билан мусулмон киши ўз дини, жамияти учун зарур бўлган ишни амалга оширадиган бўлса, зулму фасодни даф қилиб, мазлумларга ёрдам бериб, яхшиликни жалб қиладиган бўлса, бу иш ҳолатга қараб вожиб бўлиши ҳам мумкин, дейдилар.

Мамлакатимиздаги бу йилги депутатлар сайлови олдингиларига нисбатан бироз очиқлиги, фаоллиги билан фарқланиб бормоқда. Бу борада ҳали кўп ислоҳотлар қилиш даркор. Бунинг учун депутатларни маломат қилишнинг ўзи етарли эмас. Балки халқ ҳам уларнинг ичидан яхшиларини қўллаши, фаолиятларига ўз муносабатини билдириши лозим. Шу билан бирга, бир-икки уруниб кўриб, натижа бўлмаса, тўхтаб қолиш ҳам ярамайди. Балки қаерда хато қилингани, яна нималар қилиш мумкинлигини аниқлаб, ҳаракатни давом эттириш, ноумид бўлмаслик даркор. Динимиз бизга шуни ўргатади.

Шуни айтиш жоизки, бу ерда фақат биздаги ва эртагалик сайловлар эмас, балки ушбу замонавий мавзуга шаръий муносабатдан бохабарлик назарда тутилган. Динимизнинг бу борадаги кўрсатламаларини ўрганиб, мулоҳаза қилинса, жуда кўп фойдали хулосалар олиш мумкин. Мусуломнларнинг барча муаммолари илмсизликдан эканида шубҳа йўқ. Бақир-чақир, юзаки ёндашувлар билан, зоҳирпарастлик билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди.

Аллоҳ таоло барчаларимизни ўзи ҳақда собит қилсин ва эл-юрт манфаати йўлида қўлни-қўлга бериб, имконимиз доирасидаги яхши ишларни амалга ошириб, икки дунё яхшилигига эришишимизни насиб айласин.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид