ДУНЁ БИР ГАП БӮЛАР, ОХИРАТНИ АСРАНГ!

ДУНЁ БИР ГАП БӮЛАР, ОХИРАТНИ АСРАНГ!

ДУНЁ БИР ГАП БӮЛАР, ОХИРАТНИ АСРАНГ!

Дунё мусибатлари қанчалик оғир бўлмасин, охират мусибатлари олдида ҳеч нарса эмасдир. Миср подшоҳи вазирининг хотини Юсуф алайҳиссаломга у билан фаҳш ишни қилишни таклиф қилганида у зот бу таклифни рад қилиб, Аллоҳдан қўрқишини айтди. Шунда у аёл Юсуф алайҳиссаломга таҳдид қилиб: “Агар менинг буйруғимни бажармасанг, зиндонбанд қиламан ва хору-зор бўласан” деб, ё у билан фаҳш ишни қилишни ёки зиндонбанд бўлиб, хорланишни танлашга ихтиёр берди. Юсуф алайҳиссалом охират мусибати оғирроқ ва боқийроқ эканини билгани учун ўткинчи дунё мусибатини ихтиёр қилиб: “Эй Роббим, менга таклиф этаётган нарсадан кўра мен учун зиндон маъқулроқдир, деди”. (Юсуф;33)
Юсуф алайҳиссалом бундай йўл тутиб, динини ва охиратини сақлашга ҳамда Роббисининг розилигини топишга эришди.
Айрим инсонлар арзимас дунёга эришиш учун охиратидан воз кечадилар. Мол-дунё кўзига чиройли кўринганидан ҳалолига қаноат қилмай, ҳаромига ҳам ошиб ўтишади. Бировга зулм қилиш, унинг обрўсини тўкиш, молини ноҳақдан ейиш, фирибгарлик, айғоқчилик, аҳдларга бевафолик, гиёҳвандлик, зино ва шу каби жамият учун иллат бўлган, инсон деган номга ор ҳисобланган ишларни қилишдан тап тортишмайди. Нафсига қул бўлиб, динини, иймонини хатарга қўйиб, турли ношаръий ишларга журъат қилишади.

Ҳикматлар чашмаси”дан

* Aллоҳ таоло бизларни динни дунёдан устун қўядиган бандаларидан қилсин! Охират мусибатидан Ўзи асрасин!

Қудратуллоҳ Сидиқметов