ЯХШИЛИКНИНГ МУКОФОТИ ФАҚАТ ЯХШИЛИКДИР

ЯХШИЛИКНИНГ МУКОФОТИ ФАҚАТ ЯХШИЛИКДИР

ЯХШИЛИКНИНГ МУКОФОТИ ФАҚАТ ЯХШИЛИКДИР

(ўқиб беихтиёр кўзга ёш келади. Устозларимиз бундан ҳам ортиғига муносиблар).

Биз сизларга ҳикоя қилмоқчи бўлган шахс кўплаб хайрия ишларни амалга оширган, жумладан масжид, мадраса, маъҳад, таҳфизул Қуръон, тиббиёт университети, йўл, кўприк, шифохоналар каби бир қанча муассасаларни Аллоҳ таолонинг йўлида вақф қилган Саудиялик миллиардер Сулаймон Рожиҳийдир. (1920 йил туғилган)

У киши ўз бойлигини вақф қилиш мақсадида уламолар ва оила аъзолари билан маслаҳат қилиб, бор мол-мулкининг учдан икки қисмини, яъни, ўн миллиард доллардан зиёд маблағни Аллоҳ таолонинг йўлида вақф қилиб юборган ва қолган қисмини эса оила аъзоларига тақсим қилиб берган. Бугунги кунда у киши эгнидаги кийимидан бошқа нарсага эга эмас. У киши ҳар доим ўзини Аллоҳ таолога муҳтож, бир фақир банда деб билиб, қўлидаги барча мол-дунёнинг ҳақиқий эгаси эса Аллоҳ таолодир, деб таъкидлаб келади. Аллоҳ таоло у кишининг умрини узоқ қилсин‼️!

Сулаймон Рожиҳий ўзининг ибратга тўла ҳаётида бўлиб ўтган ажойиб бир воқеа ҳақида ҳикоя қилади:

Мен ёшлигимда жуда ҳам камбағал оилада ўсган эдим. Бир куни ҳатто мактабда уюштирилган экскурсияга бориш учун тўланадиган бир риёлга ҳам қодир бўлмаганмиз. Ота-онамга ёлвориб йиғлашимга қарамасдан улар менга ана шу бир риёлни топиб бера олишмаган эди. Экскурсиядан бир кун олдин уй вазифасини жуда гўзал суратда жавоб берганим учун синф раҳбари мени синфдошларим қарсаклари остида бир риёл билан тақдирлади. Мен ҳеч нарсани ўйламай, шу заҳоти бориб, экскурсия пулини тўлаб, номимни рўйхатга ёздириб қўйдим. Кечаги қайғули йиғиларим бугун чексиз қувончга айланди. Орадан кунлар, ойлар ва йиллар ўтди. Яшаш тарзимиз қийин бўлгани сабабли мен мактаб даврим тугамасаданоқ тирикчилик қилишга киришиб кетдим. Бир неча йиллар ишлаб маълум миқдорда мол-дунёга эга бўлганимдан сўнг Аллоҳ таолонинг фазли-карами ила хайрия ишларини тушуниб етдим.

Кунларнинг бирида мен менга бир риёл берган ўша Фаластинлик устозимни эслаб қолдим ва менга бир риёлни мукофот тарзда берган эдими ёки садақа тарзидами?, деб кўп ўйлаб, жавобини топа олмадим. Лекин мен ўзимга ўзим: “Устозимнинг нияти қандай бўлганидан қатъий назар, ўша вақтда у мен учун катта муаммони ҳал қилган эди-ки, буни на мен, ва на бошқалар англаб етган эдик”, дедим.

Мана шу ўй-фикрлар мени Фаластинлик устозимни излаб, таълим маскани бўлган мактабим сари боришга ундади. Ниҳоят устозимнинг қаерда эканини суруштириб билганимдан сўнг у билан учрашишга ва унинг ҳолидан хабар олишга қарор қилдим. Муҳтарам устозим билан учрашганимда унинг ишсиз қолгани ва молиявий қийинчилик сабабли юртига қайтиб кетишга тайёргарлик кўраётганидан хабар топдим. У билан ҳол-аҳвол сўрашгандан сўнг мен унга: “Эй муҳтарам устоз! Менинг зиммамда бир неча йиллардан бери сизга беришим лозим бўлган жуда катта қарзим бор”, дедим.

Шунда у қатъият билан: “ҳеч кимнинг мендан қарзи йўқ”, деди.

Мен эса унга: “Бир вақтлар ўқувчиларингиздан бири дарсдаги саволга тўғри жавоб бергани учун уни бир риёл билан мукофатлаганингизни эслайсизми?”, дедим.

Устоз бироз ўйланишдан сўнг табассум билан: “ҳа, ҳа … … ўша бир риёлни қайтариш учун мени излаб келдингми?”, деди.

Мен: “ҳа”, дедим ва узоқ давом этган илтимосларимдан сўнг уни машинамга ўтиришга кўндирдим ва ўзим билан бирга олиб кетдим. Биз гўзал бир вилла олдида тўхтадик ва машинадан тушиб, вилланинг ичкарисига кирдик. Мен унга: “Эй муҳтарам устоз! Бу вилла, анави машина ва сиз хоҳлаган миқдорда умрбод ойлик ҳамда ўғлингизга бизнинг муассасадан иш ўрни мендан сизга қарзимнинг тўловидир”, дедим.

Устоз бундан қаттиқ ҳайратда қолди ва: “Лекин бу жуда ҳам кўп-ку‼️!”, деди.

Мен: “Ишонинг устоз, ўша вақтдаги менинг бир риёл учун бўлган қувончим бугунги кунда ўнта виллага эга бўлганимдан кўра бир неча баробар каттароқ эди. Ҳали ҳануз ўша қувончимни унутмайман”, дедим.

* Ушбу ибратли қиссани ўқиб туриб, Аллоҳ таолонинг қуйидаги: “Аллоҳнинг йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савоби)нинг мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган етти бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ кимга хоҳласа, (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва (барча нарсани) билувчидир” (Бақара сураси, 261-оят) деган ояти беихтиёр ёдимизга тушади.

Аллоҳ таоло бизларга омонат қилиб берган мол-дунёни Ўзи рози бўладиган йўлларга сарфлашни барчамизга муваффақ қилсин‼️!

Қудратуллоҳ Сидиқметов

(араб тилидан эркин таржима)