ЭЙ АЛЛОҲ, ЎЗИНГГАГИНА ҲАМД БЎЛСИН!

ЭЙ АЛЛОҲ, ЎЗИНГГАГИНА ҲАМД БЎЛСИН!

ЭЙ АЛЛОҲ, ЎЗИНГГАГИНА ҲАМД БЎЛСИН!

Ҳажжожнинг ҳузурига унга қарши чиққан бир қавм келтирилди. Ҳажжож уларни қатл қилишга буюрди. Улардан бир киши қолган эди намозга иқомат айтилиб қолди. Ҳажжож Қутайба ибн Муслимга: “Бу сенинг ҳузурингда турсин, эрталаб олиб келасан”, деди. Қутайба ибн Муслим айтади: “Мен у киши билан бирга чиқиб кетдим. Йўлда кетаётиб у менга: “Менга бир яхшилик қилмайсизми?”, деди. Шунда мен: “Нима у?”, дедим. У: “Менда одамларнинг омонатлари бор эди, дўстингиз эса мени ўлдирмоқчи. Менга рухсат беринг, бориб аҳли-оилам билан видолашиб, ҳақдорларнинг ҳаққини бериб, ҳақларимни ва зиммамдаги нарсаларни васият қилиб келаман. Эрта тонгда қайтиб келишим учун Аллоҳ таолони кафил қиламан”, деди. Мен унинг гапидан таажжубландим ва кулдим. У эса мазкур гапини менга яна такрорлаб: “Эй биродар, Аллоҳ кафил, қайтиб келаман”, деди. У ялинаверганидан мен “боравер”, деб юбордим. У кўздан ғойиб бўлганида мен гўё уйғонгандек бўлдим ва ўзимга ўзим: “Нима қилиб қўйдим?”, дедим. Сўнгра аҳлимга бордим ва уларга бўлган воқеани гапириб бердим. Улар: “Ҳажжожга нисбатан журъат қилиб қўйибсиз”, дейишди. Мен узун тунни ўтказдим. Тонг оттирганимизда бир киши эшигимизни тақиллатди. Чиқиб қарасам, мазкур киши турган экан. Мен унга: “қайтиб келдингми?”, дедим. У: “Субҳаналлоҳ, Аллоҳни кафил қилиб кетсаму, қайтиб келмайманми?”, деди. Сўнгра Ҳажжожнинг олдига бордим. Ҳажжож мени кўриб: “Асир қани?”, деди. Мен: “Эшикнинг олдида турибди, Аллоҳ таоло мўминларнинг амирини яхшиликка муваффақ қилсин!”, дедим ва уни олиб кириб, Ҳажжожга бўлган воқеани гапириб бердим. Ҳажжож унга қараб турдида сўнгра менга: “Уни сенга совға қилдим”, деди. Мен у билан бирга чиқиб кетдим. Ҳовлидан чиққандан кейин унга: “Қаёққа истасанг, кетавер”, дедим. У нигоҳини осмонга кўтардида: “Эй Аллоҳ, Ўзингагина ҳамд бўлсин!”, деди. Менга эса ҳеч нарса демасдан кетди. Мен ўзимча “Каъбанинг Роббисига қасамки, бу мажнун”, дедим. Эртаси куни у яна қайтиб келди ва: “Эй биродар, Аллоҳ сизни менга қилган яхшилигингиз учун энг афзал мукофот ила мукофотласин!. Аллоҳга қасамки, кечаги менга қилган яхшилигингизни унутганим йўқ. Лекин Аллоҳга ҳамд айтаётганда Унга бирор кимни шерик қилишни истамадим”, деди. (Ал-қисосул-вақеийя китобидан)

*Аксаримиз бошимизга бирор ташвиш тушса, кимдан ёрдам сўрасам экан деб, асл ёрдам берувчи Аллоҳ таоло қолиб, бандаларидан қидира бошлаймиз. Ҳеч кимни топа олмасак, кейин Аллоҳдан сўраймиз. Ташвишимизга Аллоҳ таоло кушойиш берса ҳам, аввал Аллоҳ таолога ҳамд айтиш қолиб, сабабчи бўлган бандаларига ташаккурга шошиламиз. Баъзида Аллоҳ таолога ҳамд айтиш хаёлимиздан мутлақо кўтарилиб кетади.

Қудратуллоҳ Сидиқметов