Никоҳнинг фойдалари

Никоҳнинг фойдалари

Никоҳнинг фойдалари

Шариъат аҳкомларининг масдари бўлмиш Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда никоҳга, оила қуришга тарғиб қилниши ва буюрилиши никоҳда ҳикматлар ва манфаат бўлишини тақозо қилади. Никоҳда инсоннинг динига, дунёсига ва охиратига етадиган бир қанча фойдалар бор.

Инсон никоҳланиш билан ўз нафсини шайтоннинг иғво ва васвасасидан сақлайди ҳамда ўзига қўрғон қуради ва гуноҳ ва исён қилиш қилишдан тийилади.

Анас р.а.дан ривоят қилинади. Росулуллоҳ с.а.в. айтдилар: “Қачон банда никоҳланса динининг ярмини мукаммал қилибди, қолган ярмини мукаммал қилишда Аллоҳдан қўрқсин”. Имом Байҳақий ривояти.

Ушбу ҳадис шарифда шундай далолат борки, инсонни кўпинча икки нарса яъни унинг фаржи ва қорни гуноҳ ва исён ишларга бошлаб туради. Никоҳланиш билан фаржнинг ёмонликлари қўрғонланади. Қоринни ҳимоя қилиш, сабр билан ҳалол-пок нарсаларни еб ичиш инсоннинг зиммасида катта тақво бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Росулуллоҳ с.а.в. айтдилар: ” Эй йигитлар! Сизлардан ким никоҳга ва унинг нафақасига қодир бўлса никоҳлансин, ким никоҳга қодир бўлмаса рўза тутсин. Албатта рўза шаҳватни кетказади”. Хадиси шарифдан никоҳ ҳам, рўза ҳам инсонни шаҳватини синдириши, натижада никоҳланган ва рўза тутган кишиларни кўзи ва фаржи қўрғонланиши маълум бўляпди.

Инсон никоҳланиш билан жаннат лаззатларига нисбатан рағбат қилиши, хоҳиш-истаги зиёда бўлади.

Дунё лаззатлари оҳират лаззатининг намуналаридир. Кўриниб турган нарса узоқдаги нарсанинг сифатига далолат қилади.

Аллоҳ таоло ўзининг китобида жаннатдаги кўзлар, шахло ҳурлар , покиза аёлларни кўп мақтади. Жаннат неъматлари доимий, шунингдек ҳурлар ҳам доим бикрлиги ва жамоли сақланиб қолишини зикр қилади. Қазои шаҳват билан ҳосил бўладиган дунё лаззатлари ваъда қилинган охират неъматларига баробар бўлмайди, бироқ охират неъматига тарғиб қилади.

Никоҳланишда ибодатдаги бардавомликдан ҳосил бўлган малолланишни кетказиш бор. Инсон ўз нафсига хилоф қилиш билан нафсини ибодатга  мажбурласа чарчайди, малолланади ва қачонки вақти-вақти билан нафсини лаззатлар билан роҳатлантирса инсон нафси жонланади ва фаол бўлиб қолади.

Али р.а.айтадилар: “Қалбларни вақтида дам олдиринглар. Албатта қалб нафратланса кўр бўлади”.

Хабарларда ривоят қилинади: ” Оқил киши вақтини уч қисмга бўлиб олиши лозим. Бир қисмида Роббисига илтижо ва ибодатлар қилсин. Бир қисмида ўз нафсини ҳисоб-китоб қилсин ва яна бир қисмида таоми, шароби ва шаҳвати учун холий қилсин.

Малолланишни кетказадиган нарсалар оқар сув, боғу-бўстон, чиройли манзаралар ва шу билан биргаликда никоҳидаги аёл ҳам бўлиши мумкин.

Никоҳ билан уйнинг тадбирида қутулиб қалб ибодат учун фориғ бўлиши бор.

Баъзи эр кишилар овқат қилиш, уйни супуриш, идишларни ювишга ўхшаш уй ишларини қилишга қийналадилар. Инсон никоҳланиш билан бундай уй ишларида озод бўлади. Яхши хотин эрнинг охиратига уй ишларини қилиш билан ҳам ёрдам беради.

Қариндош уруғ кўпаяди. Дунёда инсоннинг азизлиги унга яхшиликларни хоҳлайдиган, ёмонликларни зарарини кетказадиган кишиларни кўп бўлиши билан бўлади. Кўмакчиси яхшиликларни хоҳлаб турадиган кишилари йўқ инсонлар хордир. Демак никоҳ билан унинг оиласида фарзандлари ва яқинлари доимий яхшилик талабида бўлади.

Никоҳланган инсон аёлини ҳуқуқларини бажариш билан, унинг баъзи азиятларини кўтариши ва нафақа қилиши билан риёзат чекиши бор. Оилада фарзандлар тарбияси ва уларга тўғри йўлни кўрсатиш бор. Бу ишларнинг ҳаммасида улуғ фазилат ва чиройли хислатлар бор.

Сизларнинг хар-бирларингиз бамисоли кўй чўпони каби саклаш талаб килинган  нарсани  сакловчисиз,ва сизларнинг хар бирларингиз қиёмат кунида қўл остингиздаги кишилар хақида  сўралувчисиз.

Эр ўз ахлининг устида бамисоли чўпон  каби (бошлиқ) омонатни  сақловчи, Нафақа, кийим ва яхши муомала каби уларнинг ҳаққини вафо қилиш тўғрисида сўраладилар. Албатта сўраладиган ишларни бажаришда ажр ва савобларни кўпайтириш бор.

 Имом Бухорий ва Муслим Абдуллоҳ ибн Мауъд р.а. дан  ривоят қилиди. Росулуллоҳ с.а.в. “Киши ўз аҳлига нима нафақа қилса у садақадир”.

Никоҳ билан асл мақсад бўлган фарзанд кўриш бор. Никоҳ инсон наслини ҳалол пок ҳолатда қолдириш учун асос солинган амалдир. Фарзанд инсоннинг мевасидир.

Аллоҳ таолони ҳикматини ҳосил қилиш билан Аллоҳ таолони муҳаббатиги етишиш бор. Аллоҳ таолони ҳикмати эса Одам ва Ҳавони яратгандан бошлаб ўзи хоҳлаган бир кунга қадар яъни қиёмат кунига қадар инсон наслини боқий қолдиришдир.

Росулуллоҳ с.а.в.ни муҳаббати бор. Абу Яъло Абдуллоҳ ибн Мауъд р.а. ривоят қилинади. Росулуллоҳ с.а.в. “Никоҳ  мени суннатим. Ким мени феъл-атворимни яхши кўрса суннатимга эргашсин”.

Никоҳнинг фойдаларидан яна бири. Никоҳ билан туғилган фарзанд солиҳ қилиб тарбияланса ота-онанинг ҳаққига дуо қилиб туриши.

 Имом Муслимни Абу Ҳурайрадан ривоят қилган ҳадисида Росулуллоҳ с.а.в. айтадилар.Качон инсон вафот килса унинг амалларидан етадиган савоблар учта йўлдан бошкасидан тўхтамайди.

Факат учта йўл билан савоб бориб туради. Учтадан бири дуо килиб турадиган солих фарзанддир.

Агар фарзанд ота-онадан олдин вафот қилса фарзанднинг шафоати ва баракоти умид қилинади. Имом Муслим Абу ҳурайра р.а. дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Росулуллоҳ с.а.в. ансорлардан бир аёлга айтдилар:  “Сизлардан бирларингизни уч нафар фарзанди вафот қилса ва савоб умид қилиб чиройли сабр қилса жаннатга киради” –дедилар. Шунда бир аёл икки фарзанди вафот қилсачи? –деб сўради. Росулуллоҳ с.а.в. “иккита бўлса ҳам”-дедилар.

Холмўминов Жалолиддин

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом

билим юрти мударриси