“Ҳасбуналлоҳу ва ниьмал вакил” зикрининг фазилати

“Ҳасбуналлоҳу ва ниьмал вакил” зикрининг фазилати

“Ҳасбуналлоҳу ва ниьмал вакил” зикрининг фазилати

بسم الله الرحمن الرحيم

Дуо ва зикр: “Дуо” сўзи араб тилидан олинган бўлиб, луғатда  “чақириқ”, “илтижо”, “дуо” маъноларида. Шаръий истелоҳда эса: “Банда Раббисидан илтижо билан сўрашидан иборат ибодатдир”.

“Зикр” сўзи ҳам араб тилидан олинган бўлиб, луғатда “эслаш” маъносида. Шаръий истелоҳда “Банда Аллоҳни унинг исм ва сифатлари ила зикр қилиши, ёки Унинг шаънига лойиқ бирор бир мақтовни ифода қилишидир”.

  Дуо ва зикр ибодат ва ибодатнинг асосидир. Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда дуо ва зикрларнинг махсус сўз ва жумлалари келтирилади. Ҳар бир махсус алоҳида кўринишда келган дуо ва зикрларни ўзига хос фазилати айтилган.

Дуо ва зикрнинг шарти ва одоблари: Уларнинг баъзиларини келтириб ўтамиз:

  • Аллоҳга чин ихлос ва таваккал қилиш;
  • Аллоҳ қабул қилишига аниқ ишониш;
  • Аллоҳга фаровон ва қийинчилик кунларда, ҳар доим дуо ва зикрда бўлиш;
  • Аллоҳга дуо қилишда ҳаддан ошмаслик;
  • Аллоҳнинг ижобат қилишини кутишда шошқалоқ бўлмаслик.

Дуонинг қабул бўладиган ҳолат ва вақтлари: Уларнинг баъзиларини келтириб ўтамиз:

  • Мазлумнинг золимнинг зиддига қилган дуоси;
  • Ноилож ва муҳтож бўлганда;
  • Кечанинг охирги учинчи қисмида;
  • Сажда ҳолатида (хусусан намоздаги саждада).

Бундан ташқари, бир қанча ҳолат ва вақтларда қилинадиган ҳамда дуоси мустажоб маълум кишилар томонидан қилинадиган дуо ва зикрлар ҳақида диний манбаларимизда батафсил маълумотлар баён этилади.

Зикр ва дуони тилдан ва дилдан қўймаслик: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни Аллоҳ таолони зикр қилишни алоҳида тарғиб қилганлар. Зеро, зикр мустаҳкам қўрғондир. Мусулмон кишининг тили муборак зикрлар билан машғул бўлар экан ҳаёти яхшиликла гуллаб-яшнайди. Шунингдек, зикр мусулмон кишининг ҳаётига ўзгача шукуҳ бағишлайди ҳамда ўзгача из қолдиради.

Аллоҳ таоло шундай дейди:

وَإِذَا سَأَلَكَ عِبَادِي عَنِّي فَإِنِّي قَرِيبٌ أُجِيبُ دَعْوَةَ الدَّاعِ إِذَا دَعَانِ فَلْيَسْتَجِيبُوا لِي وَلْيُؤْمِنُوا بِي لَعَلَّهُمْ يَرْشُدُونَ

“Сиздан (эй, Муҳаммад!) бандаларим Менинг ҳақимда сўрасалар, (айтинг) Мен уларга яқинман. Менга илтижо қилувчининг дуосини ижобат этурман. Бас, улар ҳам Мени (даъватларимни) ижобат (қабул) этиб, Менга имон келтирсинлар, шояд (шунда) тўғри йўлга тушиб кетсалар”. (Бақара сураси, 186).

Бошқа ояти каримада эса шундай айтади:

وَقَالَ رَبُّكُمُ ادْعُونِي أَسْتَجِبْ لَكُمْ

“Парвардигорингиз: «Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуоларингизни) ижобат қилай!» – деди…”. (Ғофир сураси, 60).

 “Ҳасбуналлоҳу ва ниьмал вакил” зикри: Инсонлар зулм ёки мусибатга дучор бўлганда айтишадиган бир жумла бор. У Қуръони каримда ҳам, ҳадиси шарифда ҳам алоҳида мақталган. Мўъминнинг гўзал одоби, Аллоҳ уни мусибат билан синаганда унинг Қуръоний сифати эканлиги баён қилинган. Ўша зикр бу حَسْبُنَا اللهُ ونِعْمَ الوَكِيلُ (“Ҳасбуналлоҳу ва ниьмал вакил) яъни, Аллоҳнинг Ўзи бизга кифоя ва У қандай ҳам яхши вакил (ҳимоячи)дир.

“Ҳасбуналлоҳу ва ниьмал вакил” зикрининг моҳияти: Бу жумланинг моҳияти нима?! Ушбу зикр қулоғимизга тез-тез чалиниб туради. Мусулмонлар ушбу зикрни зулм ёки мусибатга учраганда айтишади. Ушбу зикрда мусулмон тили ва дили билан баралла айтганда унинг ҳаёти учун улкан фазл бўлиб,  унда алоҳида ўрин эгаллайди. Мўъмин банда шу гапи билан барча ишларини Аллоҳга топширади. Бу зикр билан мазлум золимнинг зулмидан Аллоҳ таолога шикоят қилади. Натижада, Аллоҳ золимниннг ёмонлиги ва макрига кифоя қилади.

  Юқорида айтилганидек ушбу зикр Қуръоний дуо ва зикр ўлароқ Пайғамбарларнинг суннатларидандир. Хусусан, Иброҳим алайҳиссалом қавмларининг бут ва санамларини синдириб ташлаганларидан кейин қавмлари у зотни оловга ташламоқчи бўлишганда айнан ушбу дуони айтганлар. Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи  васаллам ҳам Уҳуд ғазотида мушриклар мусулмонларни мағлуб қилганида айнан шу дуони айтганлар.

Мусулмон киши ҳаёти давомида зулмга учраганда айтади. Шунда ушбу зикр қуйидаги маънони ифода қилади: “Албатта Аллоҳ таоло мусулмон киши учун етарли ва кифоя қилквчидир. Ҳамда мўъминнинг ҳамма ҳолатида ҳимоя, эътибор, меҳрибонлик, дуосини ижобат қилиш, ёмонларнинг азиятини даф қилиб, унга яхшилик ва хурсандчилик беришда қандай ҳам яхши вакил.

Ушбу зикрни Оли Имрон сураси шундай марҳамат қилади:[1]

 الَّذِينَ قَالَ لَهُمُ النَّاسُ إِنَّ النَّاسَ قَدْ جَمَعُوا لَكُمْ فَاخْشَوْهُمْ فَزَادَهُمْ إِيمَانًا وَقَالُوا حَسْبُنَا اللَّهُ وَنِعْمَ الْوَكِيلُ

“Уларга одамлар: “Сизларга қарши (ҳужум учун) одамлар (Макка мушриклари лашкар) тўпладилар. Улардан қўрқингиз!” – деганларида, (бу гап) уларнинг имонларини янада зиёда қилди ва айтдиларки: “Бизга Аллоҳнинг ўзи кифоя. У вакилликка ўта лойиқдир!”.

“Сизларга қарши (ҳужум учун) одамлар (Макка мушриклари лашкар) тўпладилар…”, дейилганда улар жавоб сифатида фақат ва фақат шу дуони такрорлаб юришди.

Абу Суфён Уҳуд жангидан қайтаётиб келаси йили Бадр майдонида яна тўқнашамиз деб айтган эди. Келаси йили унинг дилига қўрқув тушиб аҳдидан қайтади ва Наъим ибн Масъуд исмли кимсани Мадинага юбориб бу ҳақда огоҳлантириб қўйишни буюради. У бориб мушриклар жангга тайёргарлик кўряпти деб айтади. Муҳаммад алайҳиссалом 70 та отлиқ аскар билан Бадрга бориб, ёвни учратмагач, урушсиз қайтадилар.[2]    

Дарҳақиқат, ушбу зикр қисқа бўлишига қарамай, унда мўъминни эътиқодининг буюк қуввати, Аллоҳга нисбатан улкан таваккал, золимларга қарши Аллоҳ таолонинг қудрати ва кучига юксак ишонч бордир.

  “Ҳасбуналлоҳу ва ниьмал вакил” зикрининг алоҳида хусусиятлари:

  • Ушбу дуо дуоларнинг фазл ва мартаба жиҳатидан энг буюкларидан;
  • Унда Аллоҳнинг ризоси яширинган;
  • Унда банда Аллоҳнинг ҳузурида заиф ва эҳтиёжманд экани, Аллоҳ билан эса барча мавжудотларнинг олдида беҳожат экани мавжуд;
  • Унда ишни Аллоҳга топшириш бор;
  • Унда Аллоҳнинг Ўзига таваккал қилиш ила Унинг Ўзига суяниш билан зулм, ёмонлик ва қўрқинчни даф қилиш бор;
  • Унда Аллоҳ Унга суянган бандаларига Ўзи кифоя қилиши бор;
  • Унда дунё ва охират саодати муавжуд;
  • Унда енгиллик ва чигалликларнинг кушойиши бор;
  • Унда ризқни келтириш бор.

 Аллоҳ ҳақ таоло Унга дуо қилиб муножот қиладиган, ишларини Раббисига топширадиган ва фақатгина Унга суянадиган бандасини севади. Шу иши сабабли У бандасидан рози бўлади. Унга раҳмати ва карамини тортиқ қилади. Ҳузурида у бандасини даражасини кўтаради.

Аллоҳ ҳақ таоло тилимиз ва дилимизни зикридан узмасин!

Отабек Ғоибов,

Самарқанд вилояти, Оқдарё тумани

 “Янгиқўрғон” жоме масжиди имом-хатиби

[1] 173 оят.

[2] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржимаси. Оли Имрон сураси 173.. Тошкент: Тошкент ислом университети. 2001.