Исломда аёл қадри

Исломда аёл қадри

Исломда аёл қадри

Аллоҳ таоло инсоният силсиласини давом эттириш учун аёлга оналик имконини берган. Аёл эркак учун таскин ва осойишталик ва либос тимсолига айланган. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади: “ У сизларни бир жондан яратган ва ором олсин учун ундан жуфтини яратган Зотдир” (Аъроф сураси,  189-оят)

Бошқа бир оятда эса шундай дейилади: “Улар (Аёллар) сизга либосдир, сиз уларга либосдирсиз”. (Бақара сураси, 187-оят)

Аёлларга чиройли муомала қилишда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун инсониятга намуна бўладилар. Аёл номини улуғлаш, унинг шаънини кўтариш, хотин-қизларнинг ҳуқуқини белгилаб беришда нафақат ислом оламига, балки, бутун жамиятга ибратдирлар. У зотнинг охирги васиятларида шундай машҳур жумлалар бор эди: “Огоҳ бўлинглар, аёлларга яхши муомала қилинглар…” (Имом Термизий ривояти)

Бошқа бир ҳадисда эса Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз, хотинларига яхшилик қиладиганларингиздир”, дедилар. (Имом Термизий ривояти)

Кўпчиликка маълумки, исломдан олдинги даврда аёлларнинг аҳволи жудаям ачинарли эди. аёлга гўёки бир буюм, шунчаки кўнгилхушлик воситаси сифатида қараларди. Аёллар чўри сифатида сотилар, танфурушликка мажбур қилиниб, у туфайли пул ишлашарди.  Туғилган чақалоқлар агар қиз бўлса, тириклай кўмилар эди.

Ўзини анчайин маданиятли, хур фикрли санаган Ғарб оламида эса аёлларнинг ҳолига маймунлар йиғларди. Унга оддий буюм сифатида қаралар ва “Шайтоннинг урғочиси” деган номлар билан камситиб, хўрланарди. Ҳатто, Ғарб мамлакатларидан бирининг парламенти: “Аёлни инсон деб ҳисоблаш керакми-йўқми?”, деган масалани муҳокамага қўйган экан.

Аммо, Ислом қонунлари асосида яшай бошлаган ўлкаларда аёлнинг мавқеи ошди, шаъни улуғланди, ҳуқуқи кенгайди. Унинг жамиятдаги ўрнини гапирмай турақолайлик, ҳаттоки оиладаги ҳуқуқлариниг кенглиги ва адолатпарварлиги ҳозирги Ғарб тадқиқотчиларини ҳам ҳайратга соляпти. Ислом шариатига кўра, эркак аёлининг рўзғор, кийим-кечак, емоқ-ичмоқ соҳасидаги барча эхтиёжларини ўз зиммасига олади. Ҳаттоки, аёлининг нафақасини таъминламасдан туриб ҳажга боришга рухсат бермайди.

Олмониялик таниқли олима Аннамарие Шиммел хонимнинг  “Жонон менинг жонимда номли китобида шундай жумлалар келади: “ Ислом жамиятида энг катта ҳурматга лойиқ зот – аёл, она ҳисобланади”.

Исломда аёлни эъзозлаш, уни ҳурматини жойига қўйиш учун бир нечта ҳақлар жорий қилинган ва бу ҳақларни адо қилганларга жудаям кўп ҳушхабарлар берилган. Улардан баъзиларини келтирамиз:

1) Аёлларга яхши муомалада бўлиш, уларга нисбатан ноҳақлик ва қўполлик қилмаслик ҳамда уларни урмаслик. Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтади: “Хотинларингизнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга насиҳат қилинг, (бу таъсир қилмаса) уларни ётоқларида ҳижрон қилинг, сўнгра (бу ҳам кор қилмаса) уларни (мажрух бўлмагудек даражада) уринг. Аммо, сизларга итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманг. Албатта, Аллоҳ юксак мақомли буюк Зотдир”. (Нисо сураси,34-оят)

Ушбу оятдаги “уриш” сўзини муфассирларимиз “Енгил, бармоқ учи билан ниқтаб,пўписа қилишга рухсат”, берилишини ифодалайди деганлар. Бироқ, гарчи Аллоҳ таоло аёлларни тарбия ва итоатга чақириш учун енгил уришга рухсат берган бўлсада, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аёлларини бирор марта урмаганлар ва аёлларни урган кишиларга ҳам қаттиқ танбеҳлар берганлар. Балки, улар билан муроса қилиб яшашга тарғиб қилганлар. Жумладан, Росулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аёлларга (яхши) муомала қилинглар, чунки аёл қовурғадан яратилгандир. Қовурғанинг энг қийшиқ жойи унинг юқорисидир. Уни тўғрилашга уринсанг, синдириб қўясан, агар ташлаб қўйсанг, қийшиқлигича қолаверади. Бас, аёлларга яхши муомала қилинглар”, деганлар. (Муттафақун алайҳ)

2) Исломда ҳатто мушрика ёки кофира бўлса ҳам, аёлларни ўлдиришдан маън қилинган. Бунинг мисолини ислом тарихида бўлиб ўтган жанглар мисолида кўришимиз мумкин. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир жангга чиқишдан олдин саҳобаларига энг аввало аёлларни, ёш болаларни ва қарияларни ўлдирмасликни қаттиқ тайинлар эдилар. Қиз фарзандларни шаънини улуғлаб, уларни чиройли тарбия қилганларга жаннат мукофотини берган ҳам, турмушидан ажраб келган қизига қилинган нафақани “Энг яхши нафақа”, дея номлаган ҳам, фарзандларни энг аввало онага яхшилик қилишга буюрган ҳам Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  эдилар.

3) Ислом илм ва маърифат ўрганишда аёлларни иккинчи даражали шахс қилиб қўймади. Балки, Аллоҳ таолонинг энг асосий буйруқларидан бўлган илм ўрганишни эркак ва аёлга баробар фарз қилди. Росулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давриларида ҳам аёллар учун махсус кунларда илм дарслари ташкил этилган бўлиб, ўша пайтдаги аёллар ҳам келиб илм ўрганиб кетишар эди. Кейинчалик, Росулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва тўрт хулофои рошидийнларнинг даврларидан кейин   ислом давлатларида соҳта дин пешволари тарафидан аёлларнинг илм олишини таъқиқлайдиган уйдирма ҳадислар ҳам юзага келди. Ваҳоланки, Росулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва халифа Хорун ар-Рашид даврларидаги аёллар илм таҳсилининг чўққисида бўлганлар. Агар кимки: “Муслима аёлларнинг илм олишини дин таъқиқлайди”, деган иддаони илгари сурса, билингки, у кимса исломга хиёнат қилган ҳисобланади. Росулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари ҳам ўз замонасининг олималари эди. машҳур тобеин Урва ибн Зубайр айтади: “Ҳазрати Оиша (р.а.) Қуръон ҳукмлари, шер ва адабиётни, араб тарихи ва унинг поғоналарини бошқалардан кўра кўпроқ биларди”. Шунингдек, Росулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа аёллари Зайнаб (р.а.) ҳам ўз даврининг буюк фақиҳи (ҳуқуқшуноси) эди. Демак, аёлларни илм олишдан маън этмоқ бу жаҳолат ва ғафлатга берилган эркакларнинг ишидир.

4) Аёллар билан маслаҳатлашмоқ ҳам динимизнинг кўрсатмасидир. Аллоҳ таоло Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни саҳобалар ила маслаҳат қилишга буюрган ўринда ушбу хитобни айнан эркаклар учун хосламади. Балки, умумий айтди. Демак, ўша маслаҳат қилинадиган саҳобалар ичида саҳобия аёллар ҳам бор эди. Халқ орасида тарқаган “Аёл билан маслаҳат қил ва унинг айтганини тескарисини қил”, деган гап ислом таълимотига зиддир. Чунки, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  ҳам бир нечта муҳим ўринларда ўз аёллариниг маслаҳатларига қулоқ солганлар. Буни тарихдаги ҳижрий 6-йилда Ҳудайбия водийсида бўлиб ўтган ўша машҳур воқеадан ҳам билсак бўлади. Ўшанда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам илоҳий ҳикмат ила каъбани зиёрат қилмай, ортга қайтиб кетишга чоғландилар ва саҳобаларга: “Эй инсонлар, туринг, қурбонлигингизни сўйинг, сочингизни олдиринг ва эҳромдан чиқинг”, дея амр қилдилар. Бироқ, Каъба ва ватан соғинчи билан ёнган саҳобаларга бу гап ёқмади. Улардан ҳеч бирлари ўз жойидан қимирламади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларини бир неча маротаба такрорладилар. Бироқ, ҳеч ким жойидан жилмади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тушкун ҳолатда чодирга кирдилар. У зотнинг кайфиятларини кўрган Умму Салама онамиз бунинг сабабини сўрадилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлган воқеани айтиб бердилар. Шунда Умму Салама онамиз зукколик билан: “Ё Росулуллоҳ! Одамлар саросима ва тушкунликка тушиб қолганликлари учун шундай қилишмоқда. Агар сиз уларнинг шу амалларни бажармоқликларини истасангиз, уларга ҳеч нарса демасдан қурбонлигингизни сўйинг ва сочингизни олдиринг. Сизни кўрган саҳобаларингиз ҳам аниқ сизга эргашадилар”, дедилар. Дарҳақиқат, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Салама онамизнинг ушбу маслаҳатлари билан қурбонликларини сўйиб, соч олдиришни бошлаган заҳотлари барча мусулмонлар у зотга эргаша бошладилар. Умму Салама онамизнинг ўринли маслаҳатларига амал қилишдан Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳеч нарса тўсмади.

Энди инсоф билан айтайлик! Халқ орасида тарқаган “Аёллар билан маслаҳат қилинг ва улар айтган гапнинг аксини бажаринг”, деган гап Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга туҳмат эмасми? Албатта, туҳмат. Юқоридаги воқеа бунга яққол мисолдир.

Хулоса ўрнида айтамизки, бугун Ғарб ҳазорасининг аёлларга бўлган муносабати аёлларга ҳуррият ва эркинлик бериш ниқоби остида уларни бир ховуч пулдорлар ва бузуқларнинг эрмагига айлантириб қўйди. Дунё сармоядорлари аёлнинг Аллоҳ ато этган гўзаллигидан ғаразли мақсадлари ва очкўз нафслари, нари борса ўз молини реклама қилиш учун фойдаланиб келмоқда. Ҳурлик, чиройли ҳаёт ваъда қилиш баҳонасида аёлларнинг  фитрий машғулотларидан, оила фароғатидан, фарзанд тарбиясидан узиб олиб, эркакларгина бажарадиган оғир, машаққатли ва хўрловчи меҳнатларга жалб қилаётгани ҳақида кўплаб мисолларни келтиришимиз мумкин. Аммо, бу билан аёлларни бахтли қилолмаймиз, ўксик дилларига таскин беролмаймиз. Ҳақиқий бахт эса, аёлни асл маскани – оиласи бағрига, фарзандлари қучоғига, эркакларнинг ардоғига қайтаришда! Унга оналик бахтини, аёл мукаррамлигини ва гўзаллигини, назокатини, ҳаё ва иффатини қайтариб беришда бўлади.

Азиз, эркаклар! Аёлга шундай совға беринг. Қолгани эса аёл учун арзимайди.

Олмазор тумани бош имом-хатиби: Садриддин Абдурашидов