Зам-зам тарихи

Зам-зам тарихи

Зам-зам тарихи

Бу неъмат Аллоҳ таоло Ўз ҳалили ва пайғамбари Иброҳим алайҳиссаломнинг ўғли Исмоил алайҳиссаломнинг чанқоғини қондириш учун Ўз мўъжизаси ила ердан сув чиқарилган қудуқдир. Иброҳим алайҳиссаломга пайғамбарлик мартабаси берилганидан сўнг, у кишининг ягона вазифаси тўғри йўлдан адашган ва осий бўлган қавмларини тўғри йўлга бошлаш, бут-санамларга эмас, ягона Аллоҳга ибодат қилишга чақириш бўлди. Қавмлари у зотнинг сўзларига кирмади ва ҳатто отаси Озар унга ғазаб қилиб: “Мени тинч қўй, бу чўпчакларингни менга айтма. Агар яна қайтиб мени безовта қиладиган бўлсанг, сени калтаклайман”, деди.

Шунда Иброҳим алайҳиссалом маҳзун бўлди ва хотини Ҳожар ва ўғли Исмоил алайҳиссаломни олиб, Макка шаҳри томон йўлга тушди. У ерга етиб боришгач,  Иброҳим алайҳиссалом хотини ва ўғлини шу ерда қолдириб, ўзлари қайтиб кетмоқчи бўлдилар. Шунда хотини Ҳожар: “Эй Аллоҳнинг пайғамбари, бу жойда сув ҳам, бирор егулик ҳам бўлмаса, бизларни ташлаб қаерга кетмоқчисиз ёки Раббимиз шунга буюрдими?”, деб сўради. Иброҳим алайҳиссалом у кишига тасдиқ жавобини бердилар. Зеро ҳақиқатда Аллоҳ шуни истаганди. Албатта, бунда ҳам бир ҳикмат яширин эди. Шунда рафиқалари: “Ундай бўлса кетаверинг, Аллоҳнинг ўзи бизни хор қилиб қўймас”, деб у кишининг кетишларига рози бўлди.

Макка шаҳрида бирор дарё ёки анҳор йўқ эди. Жазирама боис ёш Исмоил чанқади. Онаси сув қидириб, Сафо тоғидан Марва тоғи томонга қараб йўлга тушди. Сув йўқ эди… Онаизор сув топилиб қолармикан, деган умидда етти бор икки тоғ орасида у ёқдан-бу ёққа бориб келди. Шунда меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ она-болага ёрдам қилиб, гўдак Исмоил ётган жойдан, унинг оёқлари остидан сув чиқариб берди. Онаси келиб қараса, ўғлининг оёғи остидан сув чиқиб, жилға бўлиб оқиб ётибди. Шунда Ҳожар онамиз сувга қараб: “Зам-зам” яъни, “Тўхта, тўхта”, деди. Шу сабаб бу сувнинг номи “зам-зам” бўлиб қолди. Чўлнинг ўртасида жойлашган бу булоқнинг атрофида Макка шаҳри қурилди. Бироз вақт ўтиб, ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом аёлини ва ўғлини зиёрат этишга келганида, уларни мўл-кўллик ва баракат ичида кўрди.

“Мирза Ғолиб” жомеъ масжиди имом хатиби
Султонхонов Муҳаммадхон манбалар асосида тайёрлади