Зам-зам суви

Зам-зам суви

Зам-зам суви

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ичиш учун Замзам тутдим. Бас, у зот тик турган ҳолларида ичдилар”. (Бухорий ва Муслим ривоят қилган) Муслимнинг лафзида: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Замзамдан, пақирда ва тик турган ҳолларида ичдилар”, дейилган. Шарҳ: шунинг учун бўлса керак ўлкамизда Замзамни тик туриб қиблага қараган ҳолда ичиш одат бўлган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “У киши ўзлари билан Замзам сувини кўтариб оларди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ундан кўтариб олишлари ҳақида хабар берарди”. Термизий ривоят қилган ва саҳиҳ деган. Шарҳ: худди шунга амал қилиб бугунги кунгача миллионлаб мусулмонлар Замзамдан ўз юртларига кўтариб олиб кетадилар.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Замзам суви нима учун ичилса, шунинг учундир”, дедилар”. (Ибн Можа, Аҳмад ва Ибн Ҳибон ривоят қилган) Шарҳ: яъни, Замзамни ким нима ният билан ичса, ўша ниятига эришади. Бу ҳақиқатни кўпчилик мухлис кишилар ўз тажрибаларидан ўтказганлар.

Имом Дора Қутний ва ал-Ҳокимлар келтирган ривоятда қуйидагилар айтилади: “Замзам суви нима учун ичилса, шунинг учундир. Уни шифо талабида ичсанг, Аллоҳ сенга шифо беради. Уни паноҳ талабида ичсанг, Аллоҳ сенга паноҳ беради. Агар уни чанқоғингни кесиш учун ичсанг, Аллоҳ чанқонғингни кесади. Агар уни тўйиш учун ичсанг, Аллоҳ сени тўйдиради.  У Жаброилнинг ишорасидир. У Исмоилнинг ичимлигидир”.

“Мирза Ғолиб” жомеъ масжиди имом хатиби
Султонхонов Муҳаммадхон манбалар асосида тайёрлади