ҚОНУННИ БИЛГАННИНГ ҚАЛҚОНИ БОР

ҚОНУННИ БИЛГАННИНГ ҚАЛҚОНИ БОР

ҚОНУННИ БИЛГАННИНГ ҚАЛҚОНИ БОР

Инсонларнинг дунёда тўғри ва саодатли яшаши қонун-қоидага риоя қилиб яшашларига боғлиқдир. Чунки барча қонун-қоидалар, яъни шариатнинг қонун қоидалари ҳам, жамиятнинг қонун қоидалари ҳам инсонларнинг тинч-хотиржам ҳаёт кечиришлари учундир. Агар ҳамма ўзи хоҳлаганидек, ўзи билганича яшайверса, жамиятнинг сокин ҳаёти интизомдан чиқиб кетади.

Шунга кўра, ҳар бир қонун қоидаларнинг жорий қилиниши инсонлар ўртасида тинчлик ва осудаликни сақлаш учун бўлади. Инсонлар қонун қоидаларга риоя қилишларига қараб уларнинг тинчлик ва хотиржамлиги ҳам таъминланиб боради. Демак, қаерда қонун қоида устивор бўлса, шу ерда тинчлик-хотиржамлик, турмушнинг ободлиги кафолатланган бўлади. Демак, ҳар бир инсон ўзининг қонун олдидаги ҳақ-ҳуқулари ва бурч-мажбуриятларини яхши билиб олишлари лозимдир. Қонун-қоидаларни яхши билиш унинг хавфсизлигини таъминлаб беради.

Шунинг учун қонун-қоидаларни, ҳақ-ҳуқуқ ва мажбуриятларни яхши билишимиз лозим бўлади. Ҳатто хорижга сафар қиладиганлар ҳам борадиган юртининг қонунларини билиб олмасалар, билмаган ҳолда баъзи қонунбузарликларни содир этиб, жазо ёки жаримага тортилиб қолиши эҳтимолдан холи эмасдир.

Ҳеч бир инсон муайян бир давлатда яшашга ёки бирор давлатга сафар қилишга мажбурланмайди. Лекин ўз ихтиёри билан бирор давлатда яшаса, ёки ўз ихтиёри билан бирор юртга сафар қилса, ана шу давлатнинг қонун-қоидаларига риоя қилишга мажбурланади.

Юртмизнинг Қонунида давлат халқ манфаатларига хизмат қилиши, давлат муассасалари ва мансабдор шахсларнинг жамият ва фуқаролар олдида масъуллиги аниқ белгилаб қўйилган. Яъни ҳар бир шахс ўзининг касби-кори, эгаллаган мансаби ва лавозимидан масъулдир.

Масалан: Қомусимизда ота-она фарзандларига уларнинг вояга етгунига қадар масъуллиги баён қилинган. Шунингдек, вояга етган ва меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз-ота оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар, дейилган.

Динимиз нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, фарзанднинг зиммасига ота-онасига итоат қилиши, яхши муомалада бўлиши, улар сабабли боғланган қариндош-уруғларга силаи-раҳм қилиши, уларнинг дўстлари билан боғланиб туриши, уларнинг хизматида бардавом бўлиши, айниқса, улар улуғлик ёшига етиб, фарзанднинг хизматига муҳтож бўлишган вақтда бу нарсаларга фарзанд жуда ҳам эътиборли бўлиши, касал бўлишса, даволатиши ва уларни ҳамиша дуо қилиши каби бир қанча ҳақлари белгилаб қўйилган. Шунинг муқобилида ота-онанинг зиммасига ҳам фарзандларларига яхши исм қўйиши, одоб-ахлоқ ўргатиши, таълим-тарбиясига катта эътибор қататиши, Аллоҳнинг ҳаққи, Расулининг ҳаққи, Ватаннинг ҳаққи ва жамики инсонларнинг ҳақлари нималардан иборат эканини ўргатиш каби бир қанча ҳақлари белгилаб қўйилгандир. Қуйидаги ҳадиси шариф сўзимизнинг исботи бўлади:

عن ابن عمر رضي الله عنهما عن النبي صلى الله عليه وسلم قَالَ: «كلكم رَاعٍ، وَكُلُّكُمْ مَسْؤُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ: وَالأمِيرُ رَاعٍ، والرَّجُلُ رَاعٍ عَلَى أهْلِ بَيتِهِ، وَالمَرْأةُ رَاعِيةٌ عَلَى بَيْتِ زَوْجها وَوَلَدهِ، فَكُلُّكُمْ رَاعٍ، وَكُلُّكُمْ مَسْؤُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ .

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Барчангиз раҳбардирсиз ва барчангиз қўл остингиздагилардан масъулсиз. Амир раҳбардир. Эр киши ўз оиласига раҳбардир, аёл киши эрининг уйида ҳамда унинг фарзандларига раҳбардир. Шундай экан, барчангиз раҳбардирсиз ва барчангиз қўл остингиздагилардан масъулсиз”, дедилар”. Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилишган.

Инсонларнинг адолатли бошқарилиши ҳамда адолат ила ҳаёт кечиришлари уларнинг тинчлигини таъминлаб беради. Оилада ота-она болалари билан, мактабда муаллим ўқувчилари билан, ҳар бир раҳбар ўз қўл остидагилари билан адолат ила муомалада бўлса, улар тинч-хотиржам ҳаёт кечирадилар. Бу борада динимиз ҳам, қомусимиз ҳам шунга чақиради.

 

Эргашев Муҳаммадий,

Аҳмаджон қори жоме масжиди

имом хатиби