ҚУРЪОНИ КАРИМ МАЪНОЛАРИНИНГ ЎЗБЕК ТИЛИДАГИ НАШРЛАРИ ХУСУСИДА

ҚУРЪОНИ КАРИМ МАЪНОЛАРИНИНГ ЎЗБЕК ТИЛИДАГИ НАШРЛАРИ ХУСУСИДА

ҚУРЪОНИ КАРИМ МАЪНОЛАРИНИНГ ЎЗБЕК ТИЛИДАГИ НАШРЛАРИ ХУСУСИДА

Мустақиллик шарофати билан юртимизда боболаримиз асрлар оша муқаддас билиб, эътиқод қилиб келган, ахлоқ-одоб ва илму маърифатнинг асоси бўлган ислом динини ўрганишга кенг имкониятлар яратиб берилди. Жаҳон илму фани тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган алломаларимиз номлари абадийлаштирилиб, илмий мерослари ўрганилмоқда.

Мустабид совет тузуми даврида ўлкамизда диний таълим-тарбия бутунлай тўхтатилиб, ўрнига даҳрийлик эътиқодини зўрлик билан халқ онгига сингдириш сиёсати авж олдирилгани сабабли ўзбек халқи маънавий жиҳатдан заифлашди бир неча авлод исломий билимлардан бебаҳра қолди, миллий маънавиятимиз ўз асосларидан ўзилиб, ғарб дунёси ҳам тўлиқ қабул қилмаган даҳриёна бузуқ эътиқод ягона тўғри йўл сифатида бутун таълим тарбия ва илм-фан соҳасига мажбурий равишда “назарий-методологик асос”, − деб киритилди.

Ҳалқимизнинг маънавий тарбиясида ислом дини асослари Қуръон ва ҳадислар мавзу-моҳиятидан ёш авлодни жиддий илм даражасида хабардор қилиб бориш бугунги ҳар бир зиёлининг вазифасидир.

Ҳозирги кунда ислом дини асосларини, айникса, Қуръони каримни илмий ўрганиш дунё микёсида шу даражада оммалашиб кетдики, бу мавзуда чиқаётган адабиётларни энг умумий тарзда ҳам камраб олиш имконидан ташқаридир.

           Республикамиз истиқлолга эришгандан сўнг, халқимиз тарихида янги давр бошланди. Жамиятимизда кечаётган маънавий покланиш жараёни тарихий меросимизни, жумладан диний-маънавий йўналишдаги манбаларни чуқур ўрганиш ҳамда ислом дини  кадриятларни атрофлича тадқиқ этиш анъанага айланди. Бунинг натижасида ўзлигимизни англаш, диний ва илмий урф-одат, қадриятларимизни тиклашимиз учун тўлиқ имкониятлар, етарли шарт-шароитлар яратилди. Айниқса, динимизнинг асосий манбаси бўлган Қуръони каримни халқимизга етказиш борасида бир қатор амалий ишлар қилинди.

          Қуръони карим маъноларининг ўзбек тилига таржимаси Муҳаммаджон хожи Ҳиндистоний томонидан ўтган асрнинг 80- йилларида амалга оширилган эди. Лекин, бу ниҳоясига етказилган таржима давр тақозоси билан чоп этилмай қолиб кетди.

          Ватандошимиз Олтинхон тўра томонидан араб имлоси билан ўзбек тилига ўгирилган Қуръони карим маъноларининг таржимаси бу борада бажарилган дастлабки иш сифатида, мустақилликнинг илк даврларидаёқ ўзбек китобхонлари қўлларига етиб борди. Араб имлосини мутолаа қила оладиган кишилар мазкур таржимадан баҳраманд бўлдилар Бироқ ушбу китоб ўзбек тилида бўлса-да, араб имлосида экани кўпчиликка маълум маънода қийинчилик туғдирди.

Сўнгра Шамсуддин Бобохонов томонидан ўзбек тилига таржима қилинган Қуръоннинг охирги жузи – Амма пораси, Алоуддин Мансур томонидан эса, унинг тўла изоҳли таржимаси чоп этилди. Ушбу изоҳли таржима аввалига “Шарқ юлдузи” ойномасининг сонларида мунтазам бериб борилди. Маълум муддатдан кейин алоҳида китоб шаклида босилиб, мутахассислар учун қўлланма бўлди.

Шунингдек, 1992 йилдан бошлаб, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Тафсири ҳилол”и нашр этила бошланди. Бу дастлаб, Қуръони каримнинг охирги жузларини ўз ичига олган эди. Кейинчалик 114 та суранинг барчаси жилдларга бўлинган ҳолда “Тафсири ҳилол” номи билан босиб чиқарилди. Натижада халқимизнинг Қуръон илмлари борасидаги тушунчаларини ортишига сабаб бўлди.

Ниҳоят шайх Абдулазиз Мансур томонидан амалга оширилган, имом Аъзам мазҳаблари доирасида изоҳланган, янги мукаммал таржима ҳам нашрдан чиқди. Ушбу изоҳли таржима дастлаб 2001 йили, орадан бироз вақт ўтиб, аниқроғи 2004, 2017 йиллари қайтадан чоп бўлди. Мазкур нашр бугунги кунда нафақат исломшунослик йўналишида таҳсил олаётган талаблар учун балки ижтимоий-гуманитар соҳаларда изланишлар олиб бораётган тадқиқотчиларга ҳам қўлланма бўлиб хизмат қилмоқда.

Бундан ташқари Ўзбекистон Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти таржимонлар жамоаси томонидан Қуръони карим маъноларининг илмий изоҳли академик таржимаси нашр этилди. Бунинг эътиборли томони шундаки, китобнинг кириш қисмида Қуръони карим тарихига доир маълумотлар ҳам ўрин олган.

Айтиш мумкинки, кейинги йилларда ўзлигимизни англаш, муқаддас динимиз арконларини ҳар томонлама ўрганиш имкони пайдо бўлди. Қуръони карим маъноларнинг ўзбек тилига ўгирилиб халқимизга тухфа қилиниши халқимизнинг маънавий ҳаётида муҳим аҳамият касб этди.

Худойберди қори Саидов

Тошкент шаҳар Олмазор тумани

“Иброҳим ота” жомеъ масжиди

имом хатиби