Қуръон ёдлашда тафаккур қилишнинг самараси

Қуръон ёдлашда тафаккур қилишнинг самараси

Қуръон ёдлашда тафаккур қилишнинг самараси

Қуръон тиловат қилиш, уни ёдлашдан асл мақсад тадаббур, яъни тафаккур қилиш воситасида ту­шу­ниш­дир. Шунинг учун ҳам тафаккур эт­иш суннат қилинган. Қола­вер­са, унда зоҳи­рий тартил бўлиб, бу ботин билан тадаббур қилиш учундир. Бу хақда Оли Имрон сурасининг 191-оятида шундай марҳамат қилинган:

الَّذِينَ يَذْكُرُونَ اللَّهَ قِيَامًا وَقُعُودًا وَعَلَى جُنُوبِهِمْ وَيَتَفَكَّرُونَ فِي خَلْقِ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ رَبَّنَا مَا خَلَقْتَ هَذَا بَاطِلًا سُبْحَانَكَ فَقِنَا عَذَابَ النَّارِ

Улар туриб ҳам, ўтириб ҳам, ётиб ҳам Аллоҳни зикр этадилар ва осмонлару Ернинг яратилиши ҳақида фикр юритадилар (ва дуо қиладилар:) «Эй, Раббимиз! Бу (коинот)ни беҳуда яратмагансан. Сен (айблардан) пок зотдирсан. Бас, бизни дўзах азобидан сақлагин!

Али (р.а.) айтдилар: “Фиқҳ (тушуниш) бўлмаган ибодатда ва тадаббур бўлмаган қироатда яхшилик йўқдир”. Бу борада саҳобийлардан ўрнак олишимиз даркор. Улар Қуръондан бирор сура ёки оятнинг маъносини яхши тушунишмаса, дарров бир-бирларидан сўраб билиб олишар эди. Қуръон таълимотининг гўзал намунаси бўлган Ибн Масъуд (р. а.) одамларни ҳар бир сурани диққат ва эътибор билан ўрганишга қизиқтирар эдилар. Бир ривоятда айтили­ши­ча, Ибн Масъуд (р. а.) Қуръонни ўрганган кишилар ёнидан ўтар экан: “Қайси сурани ёд олдинг, эй фалончи?” деб сўрар­ди­лар. У киши суранинг қайси оятини ёд олганини билдирар эди. Шунда Ибн Масъуд (р. а.) унга кейинги оятни тиловат қилиб: “Бу оятни ўрган. Чунки у осмону ердаги нарсалардан ях­широқдир”, деб айтардилар. Ҳалиги киши ўша оятга назар соларкан, гўё унга Қуръонда бундан яхшироқ оят йўқдек туюларди. Кейин Ибн Масъуд (р. а.) бошқа кишининг ёнига ўтиб, унга ҳам шунга ўхшаган гапни айтар эдилар. То ҳаммасининг ёнидан ўтиб бўлгунича шу ҳол давом этарди”. Қуръонни тушуниш асосан тафсир илми китобларини мутолаа қилиш орқали ҳосил бўлади.

Шу борада педагог ва психолог олимларнинг фикрларига мурожаат қилсак, уларнинг олиб борган тадқиқотларига кўра маълумот хотирада чуқур ўрнашиши учун уни диққат билан ўқиб-ўрганиб, асл моҳиятини тушуниш талаб этилади. Шунга кўра:

–  мўлжалланган ақлий ишга қандай ҳозирлик кўрилган бўлса, шунга мос тарзда мавзуни  эсда қолиш фоизи ортиб боради;

– берилган мавзуни қанчалик чуқур англасак, уни шунчалик хотирада мухрлаган бўламиз;

– маълум мавзу юзасидан билимлар қанчалик кўп бўлса, янгисини эсда сақлаб қолиш шунчалик осон бўлади;

– эслаб қолинадиган нарса тўғрисида таассурот қанчалик кучли бўлса, унга алоқадор образ ҳам шунчалик эркин бўлади;

Қуръони каримни бир денгизга қийёсласак, ёд олиш унинг то бошидан охиригача ҳоҳлаган тарафига ҳоҳлаганича сузиш жараёни бўлса, Қуръонни тушуниб тадаббур қилиш эса нафақат сузиш, балки денгиз тубидаги дуру-гавҳарлар соҳибига айланиш билан баробардир. Демак, имом Ғаззолий таъкидлаганларидек: “Худди Мусҳафнинг муқовасини ҳар қандай қўл ушлайвериши мумкин бўлмагани каби, ҳар қандай тил унинг ҳарфларини тиловат қилишга, ҳар қандай қалб эса, унинг маъноларига етмоққа лойиқ эмас”.  Хулосани Қуръон соҳибининг ихтиёрига топширамиз.

Хадичаи Кубро аёл қизлар ислом билим юрти

Етакчи мударрисаси Гулобод Қурбонова