Исломда буюрилишича, йиғи овозсиз, кўз ёши билан бўлиши керакми

Исломда буюрилишича, йиғи овозсиз, кўз ёши билан бўлиши керакми

Исломда буюрилишича, йиғи овозсиз, кўз ёши билан бўлиши керакми

Йиғи Исломда буюрилишича, овозсиз, кўз ёши билан бўлиши керак. Томоқ йиртиш, ёқа йиртиш кабилар Исломда йўқ. Ҳазрат Расул алайҳиссалом фарзандлари Иброҳим вафот этганида кўзда ёш билан деган эдилар: «Албатта, кўз ёш тўкади, қалб маҳзун бўлади, аммо Роббимизни рози қиладиган нарсадан бошқани айтмаймиз. Албатта, биз сенинг фироқингдан жуда маҳзунмиз, эй Иброҳим», дедилар».

Бу сўзлар биз умматлар учун Пайғамбаримиз алайҳиссалом таълимларидир. Бизнинг замонамизда шундай аёллар борки, тобут теварагида йиғлашади, дод солишади ва қанча куфр сўзларни тилга олишади. Тобутни узатаётганида гўё ҳушидан кетади. Баъзи қизлар ва келинлар отамни ёки онамни бермайман, қабристонга кетгани қўймайман, дейишади. Тобут кўтарилгач, ҳамма хотину қиз шўру шар солганча тобут орқасидан югуришади, бу ажиб саҳна нишон берадики, гўё жоҳилият замони ҳукмрондир. Фараз қилдикки, ўшалар мурданинг пиёласида чой берсангиз –ичмайдилар, косасида овқат берсангиз – емайдилар ва ҳатто мурда ётган уйда якка ётишга қўрқадилар, ҳазар қиладилар, бошқа тарафдан эса мурда четда қолиб кетиб, судвозлик қилиб, маърака пулини бир-бирига юклашадилар. Таъзия маросими – яъни, мотам ва қора кунни бу ҳовлидан у ҳовлига кўчирадилар. Ажойиб! Одам бир жойда ўлади, аммо азаси ҳамма жойга кўчиб юради, агар бундан мақсад дуойи фотиҳа бўлса, жуда яхши, бир уйга йиғилсалар, маҳалладан уч-тўртта мўйсафидлар, баъзи қариндошлар тўпланиб тиловат қилсалар, қайтага савоб иш бўларди, кошки шундай бўлса эди. Таъзия маросими мумкин, аммо қачон ва қаерда? Агар у шаҳардан бу шаҳарга вафот этганларнинг яқинлари келолмаса, ноилождан ўша шаҳарда яшовчи ўғли ёки ака-укаси, ўша шаҳарда туриб дуойи фотиҳа қилади, қўни-қўшни, маҳалла аҳли келишиб таъзия билдиришади, тамом вассалом. Аммо ҳозирда қилинаётган таъзия маросими на шариатда қабул ва на одамийлик бобида. Бу маҳалладан у маҳаллага, дарёнинг бу тарафидан у тарафига, шаҳардан шаҳаргача азадорлик, мотам тутишлик, беҳуда сарф-харажатлар, хуллас, томир отиб кетган хурофот. Аллоҳнинг Пайғамбари дейдилар: «Хурофот ақлни тўсиб турувчи пардадир». Ислом дини сусайдими, хурофот авж олади, хурофот жўш урдими, ақл кўзини парда олади, ақлки пардага ўралдими, Ислом ҳақиқати ёпиқлиғ қолади. Фарзандлар, дўстлар ва яқинларга гоҳ-гоҳ панду насиҳат қилиб қўймоқ лозим. Хусусан, болаларнинг тили бурро бўлса, ўлимингдан сўнг мустақил руҳингга Қуръон тиловат қилиб турса, агар имкон тополсанг, топган тутганинг: ҳовлинг, пулу нарса ва буюмларингни тақсим қил, ўлимингдан кейин судвозлик бўлмасин, сенинг бойлигинг фарзандларинг ажралиб кетишига сабабчи бўлмасин, гуноҳга қоласан. Иймон ва Ислом аҳлидан бирортаси Ҳаққа жон таслим қилди, дейлик. Унинг вафоти исломий хонадонга битта нуқсон, йўқотиш бўлади, хонадонидагилар, қариндош- уруғлар, маҳалла аҳлидан лозимки, уч кун мотам тутиб азадорлик қилсин, яъни ҳамма дафн маросими ва жанозага тайёр бўлсин, жанозасини ўқиб тупроққа топширсин, маййит эгалари уч кун аза тутадилар. Имкони борича тирикчилик ишларини тарк этишиб, хурсандчилик ва қувончни бир тарафга йиғиштириб қўядилар, ҳамма инсон ғамли ва андуҳли бўлиб, ўтганнинг ҳаққига истиғфор айтадилар, намоз ўқийдилар ва Қуръон тиловат қиладилар.

Шунчалик машғул бўладиларки, ҳатто уч кунга обу овқат учун қозон осмайдилар. Бинобарин, Муҳаммад алайҳиссалоту васаллам тавсия этдиларки: «Жаъфарнинг аҳлига таом қилиб беринглар. Уларни машғул қиладиган нарса келиб қолди», дедилар». Бундан маълум бўладики, мотам кунларида мусибатхонада дастурхон очиш ва келганларни зиёфат қилиш ҳақиқатан ҳам қабиҳ ва макруҳ бидъатдир.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус

ислом билим юрти 2-курс талабаси

Бузрукхонова Муқаддас