Закотнинг жамият фаровонлигидаги тутган ўрни.

Закотнинг жамият фаровонлигидаги тутган ўрни.

Закотнинг жамият фаровонлигидаги тутган ўрни.

Аллоҳ субҳанаҳу таоло исломни беш устун билан бунёд қилди. Закот ана ўша беш рукндан биридир, шариат фарз қилган муҳим амалдир. Закот исломий ибодатдир. Закот имкони бор мусулмон одамга Аллоҳ таоло томонидан амр қилинган муқаддас бурчдир. Мусулмон одам закот бериш билан иқтисодий муомалани эмас, илоҳий кўрсатмага биноан шаръий ибодатни амалга ошираётган бўлади. Закотда фақат моддий маъно эмас, балки маънавий, руҳий, ахлоқий маънолар ҳам мужассам. Закотдан асосий мақсад эса инсонни мол-у дунёдан устун қилиш, инсон мол-у дунёнинг қули эмас, мол-дунё инсоннинг қули эканлигини таъминлашдир.[1] Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Намозни тўкис адо этинглар, закот беринглар ва Расулга итоат қилинглар. Шоядки, раҳм қилинсангиз” (Нур сураси, 56-оят). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Молларингизни закот ила ўраб, ҳимоялангиз», деганлар. Абу Аъло Мавдудий раҳматуллоҳи алайҳи қуйидагиларни ёзади: «Ҳақиқатда Ислом бойликни жамиятдаги бир жойда жам бўлиб қолмаслигини хоҳлайди. Бойликдан толеъи очиқлиги ёки уддабуронлиги туфайли кўп насибага эга бўлганлар ўз эҳтиёжидан ортиғини инфоқ қилмай босиб олиб ётишлари керак эмас. Балки, улар толеълари кулмаганлиги туфайли этарли насибага эга бўлмаган биродарларига бойликдан беришлари керак. Қуръони каримда закот сўзи ўттиз мартадан ортиқ келган бўлса, шундан йигирма эттитасида намоз билан бирга зикр қилинган “закот” сўзи луғатда «орттириш, поклаш, баракот» маъноларини англатади. Дарҳақиқат, закот берганнинг моли покланиб, уйига барака киради. Шаръий истилоҳда моли нисобга етган одамнинг ҳар қамарий йилда бир марта молининг қирқдан бир улушини Аллоҳ таоло фарз қилган ҳақдорларга бериши «закот» дейилади. Закотни чиқариш учун мол эгаси ишончли ва омонатга хиёнат қилмайдиган одамни вакил қилса бўлади. Закотни очиқ-ойдин, айтиб чиқарган афзал, дейишади уламоларимиз. Чунки, бошқалар ҳам бундан ўрнак олади, одамлар мол эгасидан гумон қилмай қўяди. Бу ҳудди фарз намозни жамоат билан очиқ-ойдин ўқиш афзал эканига ўхшашдир. Саййид Абул Ҳасан Нававий қуйидагиларни ёзадилар: «Закотнинг фарқлилиги Росулуллоҳнинг (с.а.в) мўжизакор ва ҳикматли лафзлари ила белгиланган шаръий сифатидир. У зот (с.а.в): «У(закот) бойлардан олинади, камбағалларга берилади», деганлар.

Закот ибодати закот берувчига ҳам закот олувчига ҳам кўплаб фойда келтирар экан, демак, у жамиятга ҳам катта фойда келтиради. Шунинг учун ҳам закот ибодати татбиқ қилинган жамиятларда кўпгина мушкилот ва муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлади. Ижтимоий таълимот масаласини олиб кўрайлик. Ислом бу масалани закот орқали ўн беш аср олдин ҳал қилиб қўйган. Ҳозирги замонда эса кўп давлатлар бу муаммони ҳал қила олмай бошлари қотиб ётибди. Умуман «ижтимоий таъминот» деган истилоҳни ҳозирги ҳамжамият АҚШ ва Англия орқали 1941-йилдан ишлата бошладилар. Унгача бу нарса хаёлларига ҳам келмаган.[2]

Демак нисобга етган закот қуйидагича чиқарилади: Ҳар беш туяда бир дона қўйни закотга бериш фарз бўлади. Сўнгра йигирма бештада бир ёшдан ошган урғочи туя, ўттиз олтитада икки ёшдан ошган урғочи туя, қирқ олтитада уч ёшдан ошган урғочи туя берилади. Қорамолда: ўттизтада бир ёшли бузоқ. Қирқтада икки ёшли бузоқ берилади. Қирқдан зиёда бўлганда то олтмиштагача ҳисобланади. Сўнгра ҳар ўттизтада бир ёшли эркак бузоқ. Ҳар қирқтада икки ёшли урғочи бузоқ берилади. Қирқта қўй ёки эчкида битта қўй берилади. Бир юз йигирма биттада иккита. Икки юз биттада учта, тўрт юзтада тўртта. Сўнг ҳар юзтада битта.

Закот берувчи шахс садақа-еҳсони учун мустаҳиқ – муносиб одамларни топиш керак бўлади. Бундай одамлар закотни олувчи саккиз хил одамлар ичида хос бўладилар. Уларнинг бир неча сифатлари бор: Биринчи сифат – тақво. Садақа-закотни муттақийн кишиларга хос этиш, зеро закотни уларга бериш билан уларнинг ҳимматларини Аллоҳ таолога қайтаради. Омир ибн Абдуллоҳ ибн Зубайр эҳсон беришда обидлар сажда қилиб турган вақтларида динор ва дирҳамлар солинган халтачаларни уларнинг ковушлари ичига тиқиб қўяр эдиларки, оёқ кийимини кийган эгаси уни биларди, лекин қаердан келганини сезмасди. Шунда у зотга: «Нима учун сиз бу эҳсонингизни уларнинг ўзларига юбора қолмайсиз?» деб айтишди. У киши бундай жавоб бердилар: «Улардан бирининг юзи-афти мен юборган элчимга ёки менга йўлиққан вақтларида тиришишини хуш кўрмайман». Иккинчи сифат – илм. Закот-еҳсонни олимга беришда илмга ёрдам этиш ва динни тарқатиш ҳосил бўлади. Бу шариатга қувватдир. Учинчи сифат – закот оладиган киши барча неъмат-у эҳсонлар фақат ягона Аллоҳдан деб биладиганлардан бўлиши. Бу тоифадаги одамлар ризқ-рўзининг сабабига ҳеч бир илтифот этмайдилар, магарам унга шукр айтишга тавсия этилган миқдорда илтифот қиладилар. Аммо унга бир нарса беришса, берган кишини мадҳ этадиган одати бор киши агар унга бирон нарса берилмай қолса, таъна ва мазаммат этади. Тўртинчи сифат – закот-еҳсон қабул этадиган киши фақир-камбағал – бечораликни беркитадиган, ҳожатини яширадиган, шикоятини ичида сақлайдиганлардан бўлиши. Уларнинг шаъни ҳақида улуғ Аллоҳ ўз китобида бундай дейди: «Жоҳил одам иффатликларидан уларни бойлардан, деб ҳисоблайди» (Бақара сураси, 273-оят). Уларни ҳеч қачон осонликча топиб бўлмайди, улар ўзларини мискинлар сафига қўшмайдилар. Шу хилдаги одамларни маҳаллалардан сўраб-суриштириш орқали топиш мумкин бўлади. Бешинчи сифат – эҳсон қабул этадиган киши бола-чақали бўлиши ёки бетоб ё қарздор бўлиши. Бу тоифадаги одамлар қийинчиликка тушиб қолган бўладилар. Уларга садақа-закотларни бериб, бу қийинчилик, фақирлик гирдобидан уларни озод этиш лозим. Олтинчи сифат – закот олувчи яқин қариндош-уруғ бўлиши. Зеро, уларга садақа-еҳсон бериш – яхшилик ва силаи раҳм бўлади. Бирон-бир кишида мазкур сифатлардан икки ёки кўпроғи жам бўлган бўлса, шунга қараб унга бир нарса берилиши афзал.[3]

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Шайтон сизга фақирликни ваъда қиладир ва фахш ишларга буюрадир. Аллоҳ сизларга Ўзидан мағфират ва фазлни ваъда қиладир. Ва Аллоҳ кенг қамровли, билувчи Зотдир.”

Шайтон бандаларни молингдан садақа қилсанг, фақир-камбағал бўлиб қоласан, деб қўрқитади. Ҳам у кишиларни фаҳшга – ёмон, гуноҳ ишларга, қизғанчиликка, бахиллик ва мол-у дунёга ўч бўлишга буюради. Шайтоннинг гапига фақирликдан қўрқиб бахил бўлиб, Аллоҳнинг йўлида садақа қилмай юраверадилар. Ким Аллоҳнинг йўлида садақа қилса, унинг гуноҳларини мағфират қилади ва бунинг устигга, Ўзидан фазл ҳам б0еради. Кенг қамровлиги туфайли банадаларига ҳам кенг ризқ беради. Ўзининг йўлида садақа қиладиганларнинг ризқини яна ҳам кенг қилиб қўяди. Билувчилик сифати билан, ким садақа қиляпти, ким қилмаяпти – ҳаммасини билади.[4]

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: «Уларнинг молларидан садақа олиб, уларни у ила покла ва тозала» (Тавба сураси). Машҳур олим Томас Орланд ўзининг «Исломга даъват» номли китобида қуйидагиларни айтади: «Ҳаж низоми билан бирга закотни ҳам бошқа бир фарз эканини кўрамиз. Бу мусулмонга Аллоҳнинг, «Албатта, мўминлар биродардирлар» деган сўзини эслатиб туради деб, таъкидлаганлар.

Имом Ғаззолий раҳмутуллоҳи алайҳ:  «Аллоҳ таоло Ўз бандасига жон неъмати ва мол неъмати бергандир. Бадан ибодатлари жон неъматининг шукридир. Молиявий ибодатлар мол неъматининг шукридир», деганлар. Демак, закот ибодати туфайли закот берувчи шахс ўзининг ихтиёридаги мол-у дунё Аллоҳ таоло томонидан немат экани, у эса бу мол-дунёга вақтинчалок соҳиб бўлиб турганини тушуниб етади. Шунинг учун у қўлидаги мол-у дунёни Аллоҳ таоло кўрсатган ҳалол-пок йўлларга сарфлашга ўтади. Бу эса ҳар бир шахс, ҳар бир жамият учун иқтисодий муаммоларни ҳал қилишда энг зарур омилдир. Закот бугунимиз, эртамиз, энг муҳими, охиратимиз учун тайёрланиб қўйилувчи заминдир. Аллоҳ ҳар биримизни закот берувчи Ўзига яқин бўлган бандаларидан қилсин.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар

ўрта махсус билим юрти 3-курс

талабаси Муҳаммадодилова Саҳоба

Закотнинг жамият фаровонлигидаги тутган ўрни.

Режа:

  1. Кириш.

Закот ҳақида умумий маълумот

  1. Асосий қисм.
  • Закот-фарз амал.
  • Закот қандай берилади.
  • Закот кимларга берилади.
  • Хулоса.

Закотнинг жамият фаровонлиги тутган ўрни.

[1] “Kifoya” Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf  “HILOL-NASHR” Toshkent 2017

[2] Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf  “Tafsiri hilol”  Toshkent-2012

[3] “Minhojul qosidin”

[4] “Tafsiri hilol” Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf “Sharq” nashriyoti Toshkent-2012