Кеча ва бугун

Кеча ва бугун

Кеча ва бугун

Қодирий сўйласин ўтган кунларни,

Юҳодек бирма-бир ютган кунларни.

Гувоҳдир Чўлпоннинг кеча-кундузи,

Бирров йилт этди-ю, сўнди юлдузи.

Усмон Носир айни гуллаган чоғи,

Ёқдилар, кул бўлди очилмай боғи.

Беҳбудий, Мунаввар, Боту, Фурқатни,

Эзғилаб ташлашди доҳий Фитратни.

Масжиду мадраса вайрона бўлди,

Минбару меҳробга ахлатлар тўлди.

Қутқар деб ёлворар, инграйди ҳар тун,

Аллоҳ байтидаги чириган устун.

Ибодатга асло берилмай имкон,

Маърифат аҳлига макондир зиндон.

Илону чаёнга ем бўлди кўплар,

Зулумат даштида қум бўлди кўплар.

Ўзига тўқларнинг молин шилишди,

Рўза тутганларни сургун қилишди.

Сибирнинг совуғи жонидан ўтди,

Суякни бирма-бир чокидан сўкди.

Изғирин бўронда туғилди кимлар,

Туғилиб ўшал дам бўғилди кимлар.

Жонни сақлаб бўлмас кучли совуқдан,

Панжалар узилиб тушди совуқдан.

Манаман деганлар бўлиб дарбадар,

Ютгани маломат, ичгани заҳар.

Афсуски, мусофир юртларда ўлди,

Кафанлак мато йўқ, қор қабр бўлди.

Айбини билолмай, унсиз йиғлаган,

Кўз ёшлар ханжардек қалбин тиғлаган.

Фарёд гулханида кул бўлди замин,

Бегона қўлларда қул бўлди замин.

Ўлимга маҳкумдир зиё таратган,

Маърифат аҳлига имкон яратган.

Темурий авлоди бўлган бу уммат,

Чорак кам бир аср юзида чиммат.

Шукрким, Худойим бериб истиқлол,

Бағрикенг диёрда кулмоқда иқбол.

Азон садолари янграб тонг саҳар,

Қишлоқлар фаровон, ободдир шаҳар.

Мусаффо осмонда учар қалдирғоч,

Эзгулик куртаги очилган қийғоч.

Аллоҳ имкон берди ўқимоқ учун,

Пайсалга солмоқлик керакмас бугун.

Қорилар булбулдек хониш қилмоқда,

Ўзбек фарзандини дунё билмоқда.

Оққан дарё шаксиз оқаверади,

Яратган раҳмат-ла боқаверади.

Қиёматга қадар бор бўлгин, Ватан,

Фидойи халқингга ёр бўлгин, Ватан.

Эркин ҚУДРАТОВ,

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси