ҲАЛОЛЛИК ҲАДЯСИ

ҲАЛОЛЛИК ҲАДЯСИ

ҲАЛОЛЛИК ҲАДЯСИ

Ибн Ражаб ва бошқалар ҳикоя қилишади:

Обид кишилардан бири Маккаи мукаррамада яшар эди. Егулиги тугаб, очликдан тинкаси қуриди. Шу очликда Макка кўчаларидан бирида айланиб юрганида, тўсатдан қимматбаҳо марварид солинган тугунчага қоқилиб кетди. Уни олиб, Ҳарамга йўналди. Ҳарамда бир киши бу тугунни қидираётган эди. Шунда обид киши ҳалиги кишига, ўша халтачани менга сифатлаб бер-чи, деди. У киши унинг сифатларида бирон нарсани хато қилмасдан айтиб берди. Обид киши айтади: «Мен халтачани у кишига бердим ва кўнглимда эвазига бирон нарса берса керак деб ўйладим. Ҳалиги киши халтачани олиб, менга ҳеч бир нарса бермасдан кетди. Шунда: “Эй Аллоҳ, бу нарсани Сенинг розилигинг учун қайтариб бердим. Менга ундан кўра яхшироғини насиб эт”, дедим».

Кейин обид киши денгиз тарафга қараб кетди ва бир қайиққа минди. Денгизда қаттиқ шамол туриб, қайиқни ёриб ташлади. Обид киши денгиздаги бир тахтага чиқиб олди. Шамол уни ўнгга ва сўлга айлантириб, охири бир қуруқликка чиқариб ташлади. Обид киши у ерда бир масжидни топди. Одамлар ибодат қилишаётган экан. У ҳам кириб намоз ўқиди. Сўнгра Қуръон топиб, уни ўқий бошлади. Ўша ерликлар “Сен Қуръон ўқишни биласанми?” деб сўрашди. Обид киши: “Ҳа”, деб жавоб қилди. Одамлар: “Унда болаларимизга Қуръон таълимини бер”, дейишди.

Обид киши Қуръон ўргата бошлади. Шу тариқа, у ердагиларга ҳақ эвазига ёзишни ҳам ўргатишга киришди. Орол аҳли: “Бу ерда бир солиҳ кишининг қизи бор, ўзи вафот этган. Ўша қизга уйланасанми?” дейишди. Шу тариқа обид киши ўша қизга уйланди ва қизнинг олдига кирганида Маккада топиб олган маржонни унинг бўйнида кўриб: “Бу маржон сенга қаердан келиб қолди?” деди. Қиз отаси бу маржонни Маккаи мукаррамада йўқотиб қўйганини, бир киши уни топиб олиб унга қайтарганини, кейин отаси саждаларида қизига ўша кишига ўхшаш куёв топилишини тилаб дуо қилганини айтди. Шунда обид киши: “Мен ўша киши бўламан”, деди.

Натижада маржон обид кишининг қўлига ҳалол йўл билан келди. Чунки у маржонни Аллоҳ таолонинг розилиги учун қайтариб берган эди. Аллоҳ ундан кўра яхшироғини берди.

Ҳадисда: “Аллоҳ таоло покдир. Фақат пок нарсаларни қабул қилади”, дейилади.

Эргашев Муҳаммадий

“Аҳмаджон қори” жоме масжиди имом хатиби