ИМОН ШОХИ

ИМОН ШОХИ

ИМОН ШОХИ

Ҳаё имоннинг шохларидан бири ҳисобланиб, инсоннинг сийратини тўғирлайди, жамиятни юксалтиради. У одамзотнинг икки дунё бахтига эришишида муҳим аҳамият касб этади. Чунки ҳаё ёмон сўз ва амалдан тўсиб, яхши сўз ва амалга томон чорлайди. Шунинг учун у барча яхшиликларнинг негизи ва асоси бўлиб хизмат қилади.
Инсондан ҳар қандай номақбул сўз ёки амал содир бўлганида қалбида сиқилиш пайдо бўлиши, озорланиши, албатта, унда ҳаё сифати борлигидан далолат. Ҳаё инсондагина мавжуд сифат эмас, балки у Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири ҳамдир. Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири – ҳаёни банда ўзида ҳосил қилиши керак. Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда:
إِنَّ اللهَ حَيِيٌّ سِتِّيرٌ يُحِبُّ الْحَيَاءَ وَالسَّتْرَ، فَإِذَا اغْتَسَلَ أَحَدُكُمُ فَلْيَسْتتِرْ
“Албатта, Аллоҳ ўта ҳаёли ва ўта тўсингандир. У ҳаё ва тўсинишни яхши кўради. Бирортангиз ғусл қилса, тўсиниб олсин”, дейилган.
Аллоҳ таолодаги ҳаё – У Зот барча ишларни буюклик ва ҳикмат асосида қилиши, қилган бирон-бир иши ёмон ёки номақбул бўлмаслиги тушунилади. Шунинг учун қайси бандада ушбу сифат топилса ўша банда барча яхши ишларни қилиб, ёмон ва беҳаё ҳатти-ҳаракатлардан тийилади. Ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам):
الْحَيَاءُ مِنَ الإِيمَانِ وَالإِيمَانُ فِي الْجَنَّةِ وَالْبَذَاءُ مِنَ الْجَفَاءِ وَالْجَفَاءُ فِي النَّارِ
“Ҳаё имондан ва имон жаннатдадир. Ҳаёсизлик жафо ва жафо дўзахдадир”, дедилар.
Яна бир ҳадисда
الْحَيَاءُ شُعْبَةٌ مِنَ اْلإِيمَانِ
“Ҳаё имондан бир шохдир”, дейилган.
Ҳаё ва имон ўртасида дарахт ва мева ўртасида бўлгани каби ўзига хос боғлиқлик бор. Шунингдек, ёмон сўзлаш ва қалби қаттиқлик ўртасида ҳам боғлиқлик бор. Чунки қалби қаттиқ инсонлар фаҳш сўзларни гапиради, жаҳаннамга етаклайдиган ҳатти-ҳаракатлар содир этади. Бундайларнинг жойи жаҳаннамдир.
Буюк ва меҳрибон Раббимиздан ўтинчимиз, барчамизни Ўзининг ҳаё сифати ила ризқлантирсин, яхши амалларни бажариб, ёмонларидан тийилишимизга ёрдамчи бўлсин, дўзах азобидан сақлаб, жаннат роҳатига етказсин.

Эргашев Муҳаммадий

“Аҳмаджон қори” жоме масжиди имом хатиби