ХАЙРЛИ МОЛ-ДУНЁ НАҚАДАР ЯХШИ

ХАЙРЛИ МОЛ-ДУНЁ НАҚАДАР ЯХШИ

ХАЙРЛИ МОЛ-ДУНЁ НАҚАДАР ЯХШИ

Ислом дини банда моли билан азиз бўлиши учун шарафли касб қилишга ва шарафли мол тўплашга ҳамда шарафли томонга инфоқ қилишга чақиради. Бу ҳақда Имом Бухорий ва Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳлар қилган ривоятда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Солиҳ кишининг қўлидаги солиҳ мол нақадар яхши”, деганлар.

Бунинг маъноси шуки, агар мўмин киши фахрланиш, мақтаниш, ёмон ишларни қилиш мақсадида эмас, балки Аллоҳнинг розилиги учун яхши ниятлар билан ҳалол касб қилиб мол тўпласа, бунинг зарари йўқ. Аксинча, бу неъмат ҳамда яхши амал ҳисобланиб, ўзи ва бошқалар учун фойдаси тегади. Пул топмай камбағал яшаш ёки қарзга ботиб ҳаёт кечириш Исломнинг кўрсатмасига зид. Зеро, қарзнинг кўплиги ёки ҳалокатга элтувчи камбағаллик кишини ғамга ботиради.

Агар инсон ҳалол касб орқасидан йиққан мол-дунёсини ноўрин сарфласа, исроф қилган ҳисобланиб, Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлади. Донолар айтадилар: “Сизлар фақатгина туғёнга кетказувчи бойлик ёки унутилган фақирликнигина кутмоқдасиз”. Бу иккиси ҳам қайтарилган амаллардан. Шунинг учун Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деб дуо қилардилар: “Эй Аллоҳ, Сенинг номинг билан куфрдан ва камбағалликдан паноҳ тилайман”.

Бу айтилган сўз Ибн Можа ривоят қилган “Дунёда зоҳид бўл! Аллоҳ сени яхши кўради. Одамлар қўлидаги нарсада зоҳид бўл, одамлар сени яхши кўради”, ҳадисига асло қарама-қарши эмас. Чунки ушбу ҳадиснинг маъноси будир: энг зарур, бошқаларга муҳтож қилмайдиган миқдордаги нарса ва мол сизга етарлидир. Яъни, ўзингиздаги нарсага кўниб шарафли бўлинг, бошқаларнинг қўлига қараб қолманг.

Саҳиҳ ҳадисда: “Меросхўрларингизни бой ҳолда қолдиришингиз одамлардан тиланувчи ва камбағал қолдириб кетганингиздан яхшидир”, “Устдаги остдаги қўлдан яхшироқдир”, дейилган. Юқори қўл берувчи қўлдир. Паст қўл олувчи ва тиланчи қўлдир.

Хуллас, мол-дунёни ҳар ёққа сочиш, уни исроф қилиш, ўринсиз ерга эҳсон қилиш Ислом кўрсатмасига терсдир. Шунингдек, мол-дунё асло керакмас, уни тўпламаслик лозим деган гап ҳам хато. Балки у ҳиндларнинг роҳиблари ва жоҳил сўфийларгина айтадиган ва тарғиб қиладиган фалсафа. Демак, яхши ниятлар ила ҳалол касб қилиб мол-дунё йиғиш ва уни ўринли жойларга сарфлаш биз мусулмонларнинг мақсади бўлса, эзгу амал қилган ҳисобланамиз.

Эргашев Муҳаммадий

“Аҳмаджон қори” жоме масжиди имом хатиби