Закот – ижтимоий ҳимоя манбаи

Закот – ижтимоий ҳимоя манбаи

Закот – ижтимоий ҳимоя манбаи

  “Ижтимоий ҳимоя масалалари –бу фақат давлат ва ҳокимият

ташкилотлари, ижтимоий таъминот ва хайрия муассасаларининг иши бўлиб

қолмаслиги лозим. Бу муҳим масала жамиятимизнинг, барчамизнинг 

бурчимизга айланиши даркор.”

И.А.Каримов

Улуғ аллома, устози соний Абу Наср Форобий ўзининг “Фозил шаҳар одамларининг қарашлари” асарида ёзади: “Инсонлари ҳақиқий саодатга эришиш йўлида бир-бирига ёрдам бериш учун бирлашган шаҳар – фозил шаҳардир ва саодатга эришиш мақсадида бир-бирига ёрдам берувчи инсонлар жамоаси – фозил жамоадир. Барча шаҳарлари саодатли бўлиш йўлида бир-биридан ёрдамини аямагувчи халқ – фозил халқ, фазилатли миллатдир. Шундай равиш билан агар бутун олам аҳли бир-бирига саодат йўлида холис кўмаклашувга тайёр бўлса, курраи замин фозил инсонлар маконига айланади”

Биз кўпинча исломий ибодатларнинг шаклий томонига эътибор қаратамиз-у, унинг мазмуний, аниқроғи, маънавий жиҳатларини назардан қочирамиз. Аслида исломий тартиб-қоидалар, биринчи навбатда, жамиятда соғлом маънавий муҳит яратишга қаратилгандир. Жумладан, ислом динида иқтисодиётга оид талаблар ҳам охир-оқибатда инсонлараро ижтимоий уйғунликни таъминлашга олиб келади.

Ислом дини таълимотига мувофиқ моддий бойликларга эга бўлиш асосида ҳалол меҳнат ётади. Ҳалол ризқ топиш ҳаракати мусулмон кишининг энг асосий ибодати, ҳуқуқи ва бурчидир. Ислом динида ҳар бир шахс ўзи ҳоҳлаган меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга, лекин шу билан бирга инсон ўзи яшаётган жамиятнинг талабларини ҳисобга олмасдан ҳеч нарсага эриша олмайди. Айтайлик, озиқ-овқатга муҳтож жамиятда заргарлик билан шуғулланиш бефойда, яъни бу ўзига ҳам, жамиятга ҳам фойда келтирмайди.

Ислом маънавиятига биноан шахснинг ихтиёридаги керагидан ортиқ моддий бойликлар жамият манфаати йўлида сарфланиши лозим. Шу билан бирга моддий бойликлар бошқа инсонларга зарар етказиш учун сарф қилинмаслиги шарт.

Закот” сўзи араб тилида покланиш, кўпайиш, ривожланиш маъноларини ифодалайди. Исломий ибодат сифатида эса, закот ҳар бир мусулмоннинг ҳалол йўл билан топилган бойлиги маълум белгиланган миқдорга (яъни, нисобга) етса, унинг маълум қисмини, муайян шартларга биноан, уни олишга ҳақдор бўлган кишига ихтиёрий равишда ўз қўли билан ажратиб беришдир. Закот балоғатга етган, ақлли, бошқалардан қарзи бўлмаган, зарурий эҳтиёжларидан ортиқ бир йил тўлган нисоб миқдоридаги, ҳукман бўлса ҳам кўпаювчи мулкка (яъни, асли кўпаювчи, лекин баъзи сабабларга кўра кўпайтирилмаётган мол–мулк) эга ҳар бир мусулмонга фарздир. Закотнинг юксак ва беқиёс ҳикматларидан асосийлари қуйидагилардир:

1. Бой инсоннинг бахиллик касалидан покланишига, инсонни молу дунёдан устун қилишга, яъни инсон мол–дунёнинг қули эмас, балки мол-дунё инсоннинг қули эканини тушуниб етишига олиб келади.

2. Фақир ва ожиз кишиларга ёрдам бериш, муҳтож кишиларнинг дардларига дармон бўлиш, уларнинг ғам ва қайғуларини енгиллатиш ҳиссини тарбиялайди.

3. Тиланчилар, ишсизлар сонини камайтиради, у туфайли жамиятдаги жиноятлар, қабиҳликлар ва тартибсизликлар йўқолади.

4. Бойлар қўлида жуда катта маблағлар йиғилиб, камбағалларнинг иқтисодий маҳрумликдан қийналишлари натижасида жамиятда салбий (ножўя ва қалтис) ҳолатлар вужудга келишининг олдини олади.

Закот туфайли бойлар билан камбағаллар орасида ҳурмат, муҳаббат ва меҳр-шафқат пайдо бўлади ва яхшилик кучаяди. Зеро бойдан закотни қабул қилиб олган, ундан яхши муомала кўрган камбағал унга ҳасад қилмайди. Аксинча, унга ҳурмат билан қарайди, “унинг моли кўп бўлсин, муҳтожларга яна ҳам кўпроқ закот берсин”, деб дуо қилади.

5. Закот инсонга берилган неъматнинг шукронаси ҳамдир (бой-бадавлат киши камбағаллиги ва даромади озлиги туфайли бошқаларга муҳтож одамларга қараб, ўзини тиланчиликдан, бошқаларга муҳтож бўлишдан қутқарган Аллоҳ таолога шукр этмаса, мулкидан жуда оз қисмини ҳам фақирларга бермаса, у нақадар хасисдир).

Кўриб турганимиздек, закотда закот берувчига ҳам, закот олувчига ҳам, улар яшаб турган жамиятга ҳам кўплаб фойдалар бор бўлиб, шу жумладан, ижтимоий таъминот масалалари ҳам одилона ҳал этилади.

Энди ҳозирги куннинг долзарб ижтимоий муаммоларидан бири – жамиятдаги мавжуд пул маблағларининг бир жойга тўпланиб, “айланмай” туриб қолиши муаммоси закот орқали қандай ҳал қилинишини кўрайлик.

Одамлар қўлидаги пулни қайтариб ололмай ҳукуматлар, иқтисодий муассасалар қийналиши, бунинг оқибатида нақд пулга эҳтиёж кўпайиб, янги пул чиқарилавериб, пулнинг қадр-қиймати тушиб кетиши муаммолари закот орқали ҳал қилиниши мумкин (яъни, ҳар йили тўпланиб қолган пулнинг маълум миқдори бойларнинг қўлидан камбағалларнинг қўлига ўтади ва натижада “айланмай” туриб қолган нақд пулнинг маълум миқдори ўз-ўзидан айланишни бошлайди).

Юқорида кўриб ўтканимиздек, закот бу авваламбор ибодат, сўнгра эса жамият учун фойдали ижтимоий–иқтисодий тизим асоси десак, хато бўлмаса керак.

Ушбу ижтимоий–иқтисодий тизимнинг қанчалик самарали эканлигини билиш учун шаҳримизнинг маҳаллаларидан бирида татбиқ қилишимиз ва шу орқали тажрибада синаб кўришимиз ва ишонч ҳосил қилишимиз мумкин. Бугунги кунда бизнинг диёримизда закот йиғиш ва тақсимлаш ишлари билан одатан масжидлар шуғулланмоқда. Урфга кўра, бизда закот берувчилар савоби кўпроқ бўлади, деган умид билан Рамазон ойида закот беришади. Мусулмонлар диний идораси фатво бўлими ҳар йили Рамазондан олдин бу йилги нисоб миқдорини эълон қилишади. Закот маблағлари масжидларга келиб тушади. Маҳалла оқсоқоллари масжидларга иқтисодий муҳтож кишиларнинг рўйҳатини беришади. Кейин масжид мутаваллиси маҳалла вакили билан бирга рўйҳатга биноан закотни муҳтожларга тарқатиб чиқишади. Бу тизим умуман ёмон эмас. Аммо мустақиллик даврининг кенг имкониятлари туфайли халқимиз ҳаёти кундан–кунга фаровонлашиб, диёримиз фуқаролари борган сари бойиб боришмоқда. Демак, моли нисобга етиб, закот бериши вожиб бўлган инсонлар сони ҳам йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Бундай шароитда закот тақсимлаш ва тарқатиш ишлари ҳам бора-бора мураккаблашиб боради ва маҳалла-масжид даражасида бу ишларни ҳал қилиш етарли бўлмай қолиши табиий. Чунки бир маҳалла “бой маҳалла” бўлиб, у ерда закот олувчини топиш қийин бўлиб қолиши, иккинчи бир маҳаллада муҳтожлар сони кўпроқ бўлиб, закотдан йиғилган маблағ етарли бўлмаслиги мумкин. Бундан ташқари, закотга оид баъзи масалалар борки, шулардан бирига тўхталиб ўтмоқчимиз.

Исломий китобларда 8 тоифа саналган бўлиб, ижтимоий ҳимоя нуқтаи назаридан ҳозирги кунда қуйидагилар закот бериладиган кишилар ҳисобланади:

1.Фақирлар;

2.Мискинлар;

3.Қарздорлар;

4.Мусофирлар.

Фиқҳий жиҳатдан, яъни исломий ҳуқуқ жиҳатидан уларнинг барчаси закот олишга ҳақдор, аммо ислом маънавияти нуқтаи назаридан, ёки закотни биринчи навбатда кимга бериш жоизлиги жиҳатидан бу тўрт тоифа тенг эмас. Масалан, “фақирлар” дейилганда, нисоб миқдорича маблағи бўлмаган ё нисоб миқдорича маблағи зарурий эҳтиёжларига сарфланган кишилар кўзда тутилади, “мискинлар” дейилганда эса, кундалик эҳтиёжига яраша ҳам маблағи йўқ, фақирдан ҳам муҳтож кишилар назарда тутилади. “Қарздорлар” дейилганда қарзини тўлашдан ожиз бўлган кишилар назарда тутилади, аммо қарз ҳам ҳар хил бўлади, яъни, кун ўтказишга қийналганидан қарз олганми, бирор офат-фалокат ёки кулфатга учраганми, ёки қиз узатиш, ўғил уйлашда ўз ҳолини инобатга олмай, катта қарз кўтарганми? Шунингдек, “мусофирлар”нинг муҳтожлиги ҳам турлича бўлиши мумкин. Қолаверса, меҳнатга яроқли одам ҳалол ризқ топишга астойдил ҳаракат қилмай, мен муҳтожман, деб ўз аҳли оиласи юкини ўзгаларга оширишга мойил бўлса-чи?

Қисқаси, турли тоифаларга закот ажратиш иши анча мураккаб вазифа бўлиб, кўп жиҳатларни ҳисобга олишни тақозо қилади.

Демак, бу масалада қандайдир бир мувофиқлаштирувчи тизимга эҳтиёж туғилмоқда. Бир қатор аксарият мусулмонлар яшайдиган мамлакатларда шундай тизим ёки ташкилотлар фаолият кўрсатаётганлиги маълум.

Бизнинг назаримизда, диний идора тасарруфида закот масалалари билан шуғулланадиган алоҳида бўлимташкил этиш зарур бўлиб, бундай ташкилот уч йўналишда фаолият кўрсатади: 1) закот масаласида тушунтириш ишлари олиб боради, 2) ихтиёрий закот берувчилардан закот маблағларини йиғади, 3) закотга муҳтож кишиларни аниқлайди ва уларга йиғилган закотни тарқатади.

Бундай нодавлат, нотижорат ташкилоти икки қисмдан иборат бўлади: бири бевосита иш олиб борувчилар гуруҳи бўлиб, маош олиб ишлайди3, иккинчи қисми жамоатчилик асосида иш олиб борувчи ҳайъат бўлиб, унинг таркибига ислом уламолари, масжид имомлари, маҳалла оқсоқоллари ва бошқа халқ орасида ҳурмат ва ишонч қозонган жамоатчи фаоллар кириши кўзда тутилади. Яъни, бу тузилма таркиби ва вазифаларига кўра соф диний ташкилот бўлмай, нодавлат, нотижорат жамоатчилик ташкилоти тарзида бўлади. Ҳайъат, асосан, умумий бошқарув ва назорат ишлари билан шуғулланади. Мувофиқлаштирувчи ҳайъат маҳалла ва масжидлар билан яқин ҳамкорликда, уларнинг бевосита ёрдамига таянган ҳолда иш олиб боради, шу билан бирга туман, шаҳар ёки вилоят миқёсида адолатли ва бир текис тақсимланишига ҳисса қўшади. Келажакда бу ташкилот фақат закотнигина эмас, балки бошқа турдаги хайрия маблағларини ҳам ижтимоий ҳимоя мақсадларида адолатли тақсимлаш ишларига бош-қош бўлиши мумкин.

Кўҳна тарихимизнинг қайси даврини эсламайлик, дин ҳар доим одамларни ўз-ўзини идора этишга, яхши хислатларини кўпайтириб, ёмонларидан халос бўлишга чорлаган. Уни оғир синовларга бардош беришга, ёруғ кунларга интилиб яшашга даъват қилган, ишонтирган. Бундай даъват ўз навбатида одамларга куч-қувват бағишлаган, иродасини мустаҳкам қилган. Ислом дини тарихимизда халқ маънавиятининг юксалишига доимо катта ҳисса қўшиб келган экан, жамиятимизнинг бугунги ривожи ҳақида сўз юритганда, режалар тузганда, диний қадриятларимизнинг ҳам маънавий, ҳам ижтимоий имкониятларидан унумли фойдаланиш мумкинлигини ёддан чиқармаслигимиз лозим. 

Бахром Отажонов

Тошкент шаҳар “Дўстжонбой” жоме масжиди имом-хатиби

www.vakillik.uz