МУҲАММАД СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМ КИМ ЎЗИ?

МУҲАММАД СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМ КИМ ЎЗИ?

МУҲАММАД СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМ КИМ ЎЗИ?

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кимликларини билишда Аллоҳ таолонинг Қуръондаги:

“Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир” (Фатҳ сураси, 29 оят) деган оятидан кўра қисқа ва лўнда жавоб йўқ. Албатта, У зот Аллоҳ таолонинг расули, балки пайғамбарлар ва русулларнинг хотамидир. Мусо ва Исо алайҳимоссаломлар билан юборилган тўғри дин шакли йўқолиб, Таврот ва Инжил ўзгартирилгани ва дунёни ширк, зулм ва туғён эгаллаганидан сўнг бутун инсониятни ҳидоятга бошлаш учун Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар қилиб юборди.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оталари Абдуллоҳ, унинг отаси Абдулмутталиб, унинг отаси Ҳошим бўлиб, У зотнинг насаблари Исмоил ибн Иброҳим алайҳимоссаломларга бориб тақалар эди. Оналари Омина Ваҳб қизи бўлиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оталари Абдуллоҳ билан тўғри никоҳ асосида турмуш қурган эдилар. Омина кўп ўтмай Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳомиладор бўлди.

Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оталари Абдуллоҳни зино деб аталмиш бузуқиликдан сақлаб қўйган эди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг насаблари покиза, олийжаноб ва айблардан холи бўлиши керак эди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен покиза никоҳдан туғулганман, зинодан туғулмаганман”, деб марҳамат қилганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам фил йили рабиъул аввал ойининг тўққизинчи (баъзи манбаларда ўн иккинчи) куни дунёга келдилар. Бу сана милодий 571 йил 22 апрелга тўғри келади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оналарининг қорнида ҳомилалик чоғларида оталари вафот этди. Олти ёшга тўлганларида оналаридан ҳам айрилдилар. Шундан сўнг боболари Абдулмутталиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўз қарамоғига олди. У ҳам вафот этганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёшлари ҳали саккиздан ўтмаган эди. Боблари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни амакилари Абу Толибга топшириб кетди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қаттиқ эътибор берар, кам кўстларини бут қилиб, чиройли муомалада бўлар эди. Шундай бўлсада, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарликларига иймон келтирмади ва то вафот этгунича ўз ширкида бардавом бўлди. Бу борада Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилган: “Албатта, сен ўзинг севган кишингни ҳидоят қила олмассан. Лекин Аллоҳ кимни хоҳласа, ўшани ҳидоят қилур” (Қасос сураси, 56 оят).

Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламни жоҳилият ифлосликларидан сақлаган, унинг айбларидан поклаган ва барча гўзал хулқларни берган, ҳатто қавм орасида барча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни амин (тўғрисўз, омонатдор) деб аташар эди. Бу қавмнинг наздида У зот нҳоятда покиза эканликларини билдиради. Қавм У зотнинг покиза, тўғрисўз ва омонатдор эканликларини кўрганлари учун мана шундай ном билан аташган эди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўсмирлик даврларида ўша давр ёшлари шуғулланадиган ўйин–кулгу ва бекорчиликлардан узоқ бўлган ҳолда ҳаёт кечирдилар. Йигирма беш ёшга тўлганларида Хадича бинти Хувайлидга уйландилар. Ўша вақтда у қирқ ёшда бўлиб, ижтимоий ва молиявий жиҳатдан юқори матртабада эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хулқ-атворларини эшитгач, У зотни Шомга борадиган тижорат карвонида иштирок этишга таклиф қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу таклифни қабул қилиб, Шомга сафар қиладилар. Хадича У зот билан бирга хизматчиси Майсарани ёрдамчи қилиб юборади.

Майсара У зотнинг ростгўйликлари, омонатдорликлари ва гўзал хулқлари борасида инсонни лол қолдирадиган ҳодисаларнинг гувоҳи бўлди.

Қайтиб келгандан сўнг хожасига кўрганларини айтиб беради. Шундан сўнг Хадича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга турмушга чиқиш истагида эканини билдиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга уйланадилар ва йигирма беш йил вафодор эр бўлиб яшадилар. Хадича вафот этгунига қадар бошқа аёлга уйланмадилар. У вафот этгач, кўп ҳикматлар ва фойдалар туфайли бир нечта аёлга уйландилар.
Аллоҳ таоло Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўзлари ёлғиз қолиб тафаккур қилишни яхши кўрдириб қўйди. У зот Ҳиро ғорида шу иш билан шуғулланар эдилар. То мукаммаллик ёши бўлимиш қирқ ёшгача шу ҳолда бардавом бўлдилар.

У зот Ҳиро ғорида чуқур тафаккур қилиб ўтирганларида, тўсатдан бир фаришта келиб: “Ўқинг!”, деди. “Ўқишни билмайман”, деб жавоб бердилар. Бу уч бор такрорланди ва фаришта қуйидаги оятларни ўқиди: “Яратган Роббинг номи билан ўқи. У инсонни алақдан яратди. Ўқи! Ва Роббинг энг карамлидир! У қалам билан илм ўргатгандир. У инсонга у билмаган нарсани ўргатди” (Алақ сураси, 1 5 оятлар).

Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қалтираган кўйда Хадича розияллоҳу анҳонинг ҳузурларига қайтиб, ғорда бўлган ҳодисани айтиб бердилар. Хадича розияллоҳу анҳо энг яхши жуфти ҳалол ва кўмакчи эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни мана шундай қийин дамда кўнгилларини хотиржам, дилларини тинчлантириб, мукаммал ишонч билан шундай деди: “Қўрқманг, қасамки, Аллоҳ таоло ҳаргиз сизни хор қилиб қўймайди! Чунки сиз қариндошчилик алоқаларини боғлайсиз, рост гапирасиз, етимлар, заифлар ва боқувчисини йўқотганларга инфоқ қиласиз, инсонларга бошқаларнинг ҳузурида топа олмаган нафис нарсалар ва гўзал ахлоқни туҳқа этасиз, меҳмоннавозсиз ва бошига кулфат тушганларнинг ғам ғуссасига шерик бўлиб, яхши кунда ҳам, ёмон кунда ҳам улар билан бирга бўласиз.

Сўнг Хадича розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни амакиваччаси Варақа ибн Навфалнинг олдига олиб боради. У кўзи ожиз бир қария бўлиб, насронийликни қабул қилган ва Инжилдан таълим олган эди. Хадича розияллоҳу анҳо унга: “Эй амакиваччам, биродарингни ўғлини тингла!”, деди. Варақа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Эй биродаримнинг ўғли, нима бўлди?”, деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғорда кўрган нарсаларини айтиб бердилар. Шунда Варақа: “Бу Мусога тушган ваҳий! Қани энди кучга тўлган йигитча бўлганимда, қавмингиз сизни қувиб юборганда албатта, сизга ёрдам берган бўлар эдим!”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ажабланиб: “Улар мени қувиб юборадиларми?”, дедилар. “Ҳа, сиз олиб келган нарса билан келган киши борки унга душманчилик қилинган. Агар ўша кунларга етсам, сизга бақувват кишининг кучидек кўмак берган бўлар эдим”, деб жавоб берди Варақа.

Шундан сўнг бир муддат ваҳий тўхтаб қолди. Ўша муддат ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳеч нарса кўринмади. Бундан ташвишланиб, маҳзун бўлдилар. Кейин қуйидаги оятлар билан ваҳий тушди: “Эй бурканиб ётган! Тур ва огоҳлантир! Ва Роббингни улуғла! Ва кийимингни покла!” (Муддассир сураси, 1 4 оятлар).

Ушбу оятлар нозил бўлгач, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам иш жиддий экани, У зот ҳақиқатдан ҳам Аллоҳнинг расули эканликларини билдилар ва: “Уйқу кунлари ўтди энди, эй Хадича”, дедилар. Енгларини шимариб, Аллоҳга итоат қилиш учун бутунлай киришдилар ва катта-ю кичикни, ҳур-у қулни, эркаг-у аёлни, оқ-у қорани Исломга даъват этдилар. Аллоҳ дунё ва охират саодатини насиб этган кишилар У зотнинг чақириқларига “Лаббай”, деб ишонч ва нур ила Исломга кирдилар. Аллоҳ ва расулини суйганлари, рисолатнинг улуғлиги ва таълимотнинг рост эканига иймон келтирганлари туфайли бу йўлда етган азиятлар, зулм-у ситамлар, қамал қилиш, оч қолдириш, қувғин ва урушларга сабр қилдилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уч йил Арқам ибн Абу Арқамнинг уйида яширинча даъват олиб бордилар. Сўнг Аллоҳ таолонинг: “Бас, сенга амр этилган нарсани юзага чиқар” (Ҳижр сураси, 94 оят) деган ояти нозил бўлгач, ошкора даъватга ўтдилар. Инсонлар гавжум бўладиган бозорлар, тўпланиб ўтирадиган мажлисларга бориб, уларни Исломга чақирдилар, қизиқтирдилар, куфр, қайсарлик ва ҳавои нафсга эргашишдан огоҳлантирдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз қавмларининг ҳар хил азиятлари, камситишлари ва ёлғончига чиқариш каби озорларига дуч келдилар. Лекин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам буларнинг барчасига савоб умидида сабр қилар, Аллоҳ йўлида етадиган азиятларга парво қилмас эдилар.

Бир сафар Тоифга у ердаги қабилаларни даъват қилиш учун бордилар. У ерликлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни жуда ёмон қарши олдилар ва эси паст кишиларни У зотга қарши гижгижлаб тошбўрон қилдирди. Натижада У зотнинг оёқлари қонга ботиб, азият ва ёлғонга чиқариш жуда кучли бўлганидан маҳзун ва кўнгиллари синган ҳолда қайтиб келдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонларни Исломга даъват қилиш ва бу йўлда етган озорларга сабр қилишда бардавом бўлдилар. Ниҳоят Аллоҳ мадиналик олти нафар киши билан учрашишни тақдир қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни Исломга даъват этдилар. Улар Мадинага қайтиб келганларидан сўнг ўз қавмларини Исломга чақирдилар. Айнан мана шулар Мадинада даъватнинг илк ўзагини ташкил қилдилар.

Кейин Мадинадан ўн икки киши келди улар орасида мазкур олти киши ҳам бор эди. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга байъат бердилар ва баъзи нарсаларни ўргандилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрганган нарсаларини етказиш учун Мадинага қайтиб келдилар. Улар сабабли Мадинада Ислом янада кенгроқ тарқалди ва у ердаги ҳар бир қабилаларга Ислом етиб борди.

Келаси йили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига Мадинадан етмиш уч киши ва икки аёл келиб, У зотга байъат бердилар ва Ислом дини таълимотининг умумий аҳкомларини ўргандилар. Мадинага қайтиб келганларидан сўнг ҳар бир хонадонга Ислом кириб борди.

Мадина Ислом динининг тарқалиш нуқтаси бўлишга тайёр эди. Маккада мусулмонларга нисбатан азият, зулм ва зўравонлик кучайиб кетганидан сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларни Мадинага ҳижрат қилишга буюрдилар. Саҳобалар ҳижрат қилдилар. Улардан сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ҳамроҳлари Абу Бакр билан Мадинага ҳижрат қилдилар. У зот Мадинага ҳижрат қилиб келганларида у ерликлар шодлик ва ҳурсандчилик ила кутиб олдилар. Раусулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидлари ва уйларини қурдилар. У ерда адолат ва тенглик жамиятини барпо қилдилар. Бир муддат ўтгандан сўнг ўз жонлари ва ақидаларини ҳимоя қилиш учун жанг қилишга изн берилди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ўзларига қарши уруш очганларга уларга зулм қилингани учун (урушга) изн берилди. Албатта, Аллоҳ уларга нусрат беришга қодирдир” (Ҳаж сураси, 39 оят);

“Сизга уруш қилаётганларга қарши Аллоҳнинг йўлида уруш қилинг. Ва тажовузкор бўлманг. Албатта, Аллоҳ тажовузкор бўлганларни хуш кўрмас” (Бақара сураси, 190 оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонларга чиройли муомала қилар, улар лол қоладиган мўжизаларни кўрсатар, уларни авф қилар ва йўл қўйган хато ишларига сабр қилар эканлар Аллоҳ барчанинг қалбини У зотга очиб қўйди ва У зот туфайли кўзларга нур ато этди. Ниҳоят ҳижратнинг саккизинчи йили Макка фатҳ қилинди. Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка аҳлини кечириб юбордилар. Натижада шу воқеадан кейин у ерликлардан кўпи мусулмон бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Исломга даъват этишда ва бу йўлда курашишда бардавом бўлдилар. Ҳижратнинг ўн биринчи йили У зот касал бўлдилар ва фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилдилар. Ота-онамиз У зотга фидо бўлсин!

Қодиров Ҳасанбой
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси