ИСТИХОРАНИНГ НАТИЖАСИНИ БИЛИШ МУМКИНМИ?

ИСТИХОРАНИНГ НАТИЖАСИНИ БИЛИШ МУМКИНМИ?

ИСТИХОРАНИНГ НАТИЖАСИНИ БИЛИШ МУМКИНМИ?

Кўпчилигимиз бирор ишга киришадиган бўлсак, ўша ишни бошлашдан олдин истихора намози ўқиб, Аллоҳ таолодан мазкур ишни хайрли бўлишини сўраймиз. Бу ишимиз тўғри, чунки динимиз шунга тарғиб қилган ва суюкли пайғамбаримиз шунга чақирганлар. Лекин истихоранинг жавобини билишда баъзларимиз айрим камчиликларга йўл қўямиз. Яъни, туш кўришни кутиб, тушда аён бўлишини умид қилиб юраверамиз. Баъзан салгина нохушроқ туш кўрсак, мазкур кўзлаган ишимиздан дарров тўхтаймиз, ортга қайтамиз. Умуман олганда истихоранинг натижасини қандай билса бўлади? Бунга уламолар қуйидагича жавоб беришган:

Аслида, ҳамма ишлар учун ҳам истихора қилинавермайди. Масалан: намоз каби фарз амалларни бажариш учун ёки ўғрилик каби ҳаром ишларга қўл уриш учун истихора қилинмайди.

Икки хайрли иш тўғри келиб қолса, бирини танлаш учун истихора қилинади. Масалан: умра қилмоқчисиз ёки унинг ўрнига камбағал бир йигитни уйлантириб қўймоқчисиз. Бунда истихоар қилса,бўлади.

Турмуш қуриш учун истихора қилинмайди. Лекин турмуш қуришда йигит ёки қизни танлаш учун истихора қилинади. Шунда ҳам диндор билан диндор бўлмаган ўртасида истихора қилинмайди. Агар танлаш ихтиёри бўлганларнинг иккиси ҳам тақволи, шунингдек, ахлоқлари ҳам бир бирига яқин бўлса, унда истихора қилинади.

Истихора бу – Аллоҳ таолодан ишнинг хайрлисини тақдир қилишини сўраб дуо қилишдир. Истихора қилган кишининг туш кўришига ҳеч қандай далил-ҳужжат йўқ. Чунки истихора фақат дуодир. Хўп, туш кўрди ҳам дейлик. Лекин бу туш Аллоҳданми ёки шайтонданми? Истихора қилувчи кишининг туши ҳақ бўлиши ҳамда унинг шайтондан омонда бўлиши ҳақида ҳеч қандай далилнинг ўзи йўқ. Чунки нафс хоҳлайвериши мумкин ёки шайтон ҳам васаваса қилиши мумкин.

Агар истихора қилган кишининг кўнгли ёришмаса, яна ўқийверади. Баъзи уламолар уч марта ўқийди, деганлар.

Агар такрор-такрор ўқиганда ҳам кўнгли ёришмайдиган бўлса, адолатли, омонатдор, динни яхши биладиган олим кишидан маслаҳат олади.

Баъзи уламолар эса истихора қилувчи киши бирор нарсани ҳис қилиши шарт эмас, аксинча, хайрли ишга истихора қилгани учун у ҳеч нарсани ўйламай, кутмай, ишини давом эттираверади, деганлар.

Агар истихорадан сўнг ҳеч қандай иккиланмай, хотиржамлик билан шу ишни рад қилса, ёки шу ишга ҳаракат қилса-ю, лекин амалга ошмаса, бу ҳам хайрлидир. Агар иши юриб кетса, бу ҳам Аллоҳ таолонинг фазлидан бўлиб, хайрлидир.

Агар вақт зиқ бўлса, намоз ўқимасдан, истихора дуосининг ўзи билан чекланиб, ишини давом эттираверса ҳам бўлади.

Истихоранинг фойдаларидан бири шуки, у бандани келажакда ҳам хотиржам қилади. Агар келгуси ҳаётида шу ишига алоқадор бирор кўнгилсизлик рўй берса ҳам, у: “Мен бу ишда Аллоҳга истихора қилиб, хайрлисини сўраганман ва бунда албатта яхшилик бор”, деб умид билан яшайди. Ҳеч қачон ноумид бўлмайди.

Савол: Биров учун бошқа инсон истихоар қилса бўладими?

Жавоб: Биров учун бошқа инсон намоз ўқимайди, лекин истихора дуосини ўқиса бўлади.

Эргашев Муҳаммадий,

Аҳмаджон қори жоме масжиди имом хатиби