Қадрлаш – ўзликни англаш демакдир

Қадрлаш – ўзликни англаш демакдир

Қадрлаш – ўзликни англаш демакдир

Мустақил тараққиёт йилларида инсон қадри баланд бўлган юртимизда ўзининг меҳнати, фаолияти билан фидойилик кўрсатган аждодларимизга, ота-боболаримизга алоҳида ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиб келинаётир.

Ушбу байрам шарофати билан кўплаб кекса отахону онахонларимиз халқимиз эъзозида бўлиб, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватланади. Хотира ва қадрлаш куни юксак шарқона ахлоқнинг ёрқин бир кўриниши, ҳавас қилса ярашгулик байрамга айланди. Бу кун тарихнинг оғир синовларини бошдан кечирган, фидокорона меҳнат қилган табаррук ёшдаги отахон, онахонларимизга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш айёмидир. Халқимизнинг “Қадр кўрсатган қадр топади” деган доно ҳикмати ҳам шуни таъкидлайди.

Президентимизнинг 2016 йил 18 апрелда эълон қилинган “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган юртдошларимиз хотирасига, оловли жанггоҳлардан омон қайтган боболаримизга, фронт ортида фидойилик кўрсатган момоларимизга кўрсатилаётган эҳтиромнинг яна бир ёрқин ифодаси десак, янглишмаймиз.

Қадрлаш – ўзликни англаш демакдир. Бу сўз замирида имон бутлиги, одоб-ахлоқ, аждодлар мероси, шунингдек, атрофимиздаги инсонларга чуқур ҳурмат мужассам. Ёш авлод турмуш синовларида тобланиб, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган, теран ақлли, тақволи, улуғ кишилар кўмаги ва маслаҳатига доим эҳтиёж сезади. Меҳнатсевар, ҳалол-пок, диёнатли, эл иши учун фидойи инсон бўлиб улғайишни истаган ҳар бир ўғил-қиз кексалар ҳаётий тажрибасидан, албатта, фойдаланиши лозим. Шунинг учун орамизда, катталарнинг, борлиги, улуғ, неъматдир.

Ислом дини доимо катта ёшли кишиларни ҳурмат қилишга чорлаб келган. Абу Довуд ва Имом Термизий келтирган, Амр ибн Шуайб отасидан, у эса бобосидан ривоят қилган ҳадиси шарифда: “Кичикларга раҳм-шафқатда, катталарга ҳурмат-иззатда бўлмаган киши биздан эмасдир”, дейилган.

Ота-боболаримизни эслаш, уларнинг руҳи покларини шод этиш динимизда ҳам эзгу амаллардан саналади. Ислом динида кексаларга меҳрибонлик қилиш, уларни парваришлаш, боқиш, асраш ва ҳомийлик қилишга катта аҳамият берилган. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)дан кексаларни ҳурматлаш, меҳрибонлик қилиш бўйича келган ҳадислар мутавотир даражасидадир.

Имом Термизий Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилган ҳадисда бундай келтирилади: «Бир қария Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан учрашиш учун келганида, одамлар уни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига киришдан тўхтатиб турдилар. Бу воқеадан хабар топган Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кичикларга раҳм қилмаган, катталарни ҳурмат қилмаган биздан эмас”, дедилар». Баъзи уламолар мазкур ҳадисдан келиб чиқиб, кексаларни ҳурмат қилмасликни гуноҳ деб ҳисоблаганлар.

Баззоз ибн Аббос қилган ривоятда: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Барака сизларнинг ёши улуғларингизда”, бошқа бир ривоятда эса: “Яхшилик сизларнинг ёши улуғларингизда”, деб марҳамат қилганлар.

Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қайси бир йигит кекса одамни кексалиги учун эҳтиром қилса, Аллоҳ таоло кекса бўлганида уни ҳурмат қиладиган одамни пешонасига (тақдиротида) ёзади”, дедилар.

Уламолар бу ҳадис кексаларни ҳурмат қиладиган йигитнинг умри узун бўлишига далолат қилади, дейдилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “...кичик ёшдаги одам катта ёшдаги одамга салом беради”, дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти)

“Саҳобалардан бир гуруҳи Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларига иш билан келдилар. Уларнинг орасида ёши кичиги бўлган Абдураҳмон ибн Саҳл сўз бошлади. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Сендан ёши улуғи сўзласин, дедилар” (Имом Бухорий).

Ҳадисда келишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га сув берилганида, у зот: сувни “Катталарингиздан бошланглар”, деганлар.

Ҳасан ибн Мансур айтади: «Яҳё ва Исҳоқ ибн Ровайҳ билан бир куни касал кўришга бордик. Эшик олдига келганимизда Исҳоқ орқада қолиб (тўхтади) ва Яҳёга: “Олдинда юринг, сизнинг ёшингиз меникидан катта”, деди».

Ота-боболаримиз фарзандларга мана шундай хулқлар билан зийнатланишни, юзаки муносабатда бўлмасликни доимий насиҳат қилганлар. Имом Бухорий ривоят қилади: Қайс ибн Осим вафоти яқинлашганда фарзандларига узоқ васият қилди. Унда: “Ёши улуғларни бошчи қилинглар. Ёши улуғлар бош бўлса, уларнинг бошчилиги бардавом бўлади. Агар кичикларни бош қилсангиз, одамлар ёши улуғларга бефарқ бўладилар ва (ёши улуғларингиз одамлар наздида ҳурматсиз бўлиб қолади) одамлар сизлардан юз ўгиради”.

Бугун аждодлар орзу қилган ҳур замонлар биз авлодларга насиб этди. Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, барқарорлик ва фаровонлик, эркинлик халқимизнинг ўз орзу интилишларини рўёбга чиқаришларида муҳим омил бўлмоқда. Буни мамлакатимизнинг ҳар бир соҳада эришаётган юксак натижалари, аҳоли турмуш тарзининг юксалиб бораётгани, фарзандларимизнинг турли йўналишларда қўлга киритаётган ютуқ ва марралари мисолида яққол кўришимиз мумкин. Фан, таълим, маданият, спорт, иқтисодиёт, миллий ҳунармандчилик каби қатор соҳалар тараққиёти, юртдошларимизнинг бу йўналишларда фаолият кўрсатиб, ҳаётда ўз ўринларига эга бўлаётгани замирида, албатта, тинчлик, осойишталик мужассам.

Бугунги осуда ҳаётимизни асраб-авайлаш, ўтмишдан хулоса чиқариб тинчликнинг қадрига етиш, ёрқин келажакка интилишимиз лозим. Истиқлол йилларида ҳар бир жабҳада амалга ошириб келинаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этган ҳолда юрт тараққиётига, халқ фаровонлигига ҳисса қўшиш барчамизнинг энг олий бурчимиз, энг масъулиятли вазифамиз бўлиши даркор.

Ҳабибуллоҳ АБДУРАЗЗОҚОВ

“Ҳазрати Имом” жоме масжиди имом-ноиби

www.vakillik.uz