ИСЛОМ – ОГОҲЛИК ДИНИ

ИСЛОМ – ОГОҲЛИК ДИНИ

ИСЛОМ – ОГОҲЛИК ДИНИ

Бугунги низо ва зиддиятлар инсониятнинг доимо огоҳ бўлишини тақозо этмоқда. Бу борада, айниқса, мусулмонлар ғаламисларнинг найрангига учмасдан, ҳушёр бўлишлари лозим. Зеро, Аллоҳ таоло ундайлар фитналаридан огоҳ бўлишга буюриб: «…Огоҳ бўлингки, албатта, улар айнан ёлғончилардир!..» (Мужодала, 18) деб таъкидлайди.

Исломшунос олим Айдарбек Тулеповнинг «ИШИД фитнаси» китобини ўқиб таъсирландим. Дарҳақиқат, ИШИДнинг хунрезликлари, инсон зотига мутлақо мос келмайдиган ваҳшийликлари ҳар қандай мусулмоннинг қалбини ларзага солиши табиий. Албатта, турли баландпарвоз даъволар қилаётган ушбу тўданинг фақатгина шайтон малайлари экани ва “бизлар мусулмонмиз, ислоҳчилармиз” деб ичган қасамлари ёлғон эканини ушбу оят тасдиқлаб турибди: «Улар ўзларининг (ёлғон) қасамларини қалқон қилиб олиб, (одамларни) Аллоҳнинг йўлидан тўсдилар. Бас, улар учун (охиратда) хор қилувчи азоб бордир» (Мужодала, 16).

Бутун дунё мусулмон уламолари кенгаши томонидан ИШИДнинг Ислом динига умуман алоқаси йўқлиги ҳақида эълон қилинган баёноти кишилар қалбига катта тасалли беради. «ИШИД фитнаси» китоби муаллифининг “ИШИД – Ироқ ва Шом ислом давлати” эмас, балки “Ироқ ва Шомдаги ислом душмани” деган иборасини бутун оламга ҳайқиргинг келади!

Аслида бу тўдага муборак Ислом номини изофа қилиш ҳайф, Ироқ ва Шом каби дунё тамаддунида катта ўрин тутган муқаддас масканларни нисбат бериш ҳайф! Бироқ афсуски, бу газандалар шундай улуғ масканларни эгаллаб олиб, Ислом динини ниқоб қилиб, унинг шаънига доғ тушириш учун зўр бермоқда. Шунчаки, ваҳший газандалар деб аталиши тўғрироқ бўлган бу жоҳиллар тўдаси амалга ошираётган қабиҳликлар уларнинг нафақат ислом душмани, балки бутун инсониятнинг душмани эканини кўрсатиб турибди.

ИШИД газандалари ифлос қадами етган жойда юзлаб, балки минглаб бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкмоқда. Улар ўзининг бу манфур ишига шариатни рўкач қилиб, ўша ўлдирилаётганлар кофир экани, кофирларни эса қатл қилиш кераклигини иддао қилмоқда. «ИШИД фитнаси» китобида таъкидланганидек, ҳеч кимга инсоннинг имонини ўлчаш, унинг мусулмон ёки кофирлигини аниқлаш ҳуқуқи берилмаган. Бундан ташқари, аҳли сунна вал жамоа ақидасида аҳли қибладан бирортасига қарши қилич кўтармаслик, мусулмон одамни аниқ далил бўлмай туриб, кофирга чиқармаслик лозимлиги қатъий белгилаб қўйилган.

Ушбу террорчилар ўзлари ноҳақ қатл қилган инсонларнинг тана аъзоларини ҳам хорлашмоқда. Ҳолбуки, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳатто жангда ўлдирилган мушрикларнинг жасадларини ҳам хорлашдан қайтарганлар. Шунинг ўзи ҳам ИШИДчи тўданинг Ислом таълимотларидан қанчалик узоқлашиб кетганларини кўрсатади.

«ИШИД фитнаси» китобида тақдим этилган маълумотлар халқимизни яна бир бор огоҳликка, лоқайд бўлмасликка чорлайди. Зеро, Аллоҳ таоло ер юзида фасод ишларни қилмасликка, бунга йўл қўймасликка буюрган. «… Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилинг, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилманг! Аллоҳдан қўрқинг! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир» (Моида, 2). Демак, дунё нинг бир чеккасида юз берган нотинчликка тинч ҳудудда яшаётганлар бепарво қараб, “биз омонмиз-ку”, дейишлари асло тўғри бўлмайди.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қиладилар:“Ким бир мункар, ёмон ишни кўрганида, аввало қўли билан қайтарсин, сўнгра тили билан қайтарсин, бўлмаса шу мункар ишни дили билан ёмон кўриб турсин, мана шу имоннинг энг заифидир”.

Муҳтарам Юртбошимизнинг «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарида: “Қаердаки бепарволик ва лоқайдлик ҳукм сурса, энг долзарб масалалар ўзибўларчиликка ташлаб қўйилса, ўша ерда маънавият энг ожиз ва заиф нуқтага айланади”, деган сўзлари айни маъноларни қўллаб-қувватлайди.

Динимизда ўзига топширилган хизматни сидқидилдан, мукаммал бажариш талаб этилади. Ушбу талаб Аллоҳ таолонинг: «(Барча ишларни)чиройли қилинглар, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради» (Бақара, 195) ояти каримасида ўз аксини топган. «Чиройли иш қилиш», эҳсондир, яъни ҳар бир ишни Аллоҳ таоло мени кўриб турибди, дея сидқидилдан бажаришдир.

Муҳаммадюсуф ХУШВАҚТОВ,

исломшунос

www.muslim.uz dan olindi