БОЛАЛАРГА МЕҲРИБОН БЎЛИНГ

БОЛАЛАРГА МЕҲРИБОН БЎЛИНГ

БОЛАЛАРГА МЕҲРИБОН БЎЛИНГ

عن بن عباس قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: ”ليس منا من لم يرحم صغيرنا ويوقر كبيرنا ويأمر بالمعروف وينه عن المنكر“

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кичигимизга раҳм қилмаган, каттамизни улуғламаган, яхшиликка буюрмаган ва ёмонликдан қайтармаган киши биздан эмас”, дедилар.

(Термизий ривояти)

Шарҳ: Ҳадисдаги “биздан эмас” деган иборани баъзилар “Бизнинг суннатимиздан эмас” ёки “Бизнинг одобимиздан эмас” деб тафсир қилишди. Ушбу тафсирга кўра кичикларга раҳм қилмаган, катталарга ҳурмат кўрсатмаган, яхшиликка буюрмаган ва ёмонликдан қайтармаган инсонлар мусулмонлар йўлида эмас, мусулмонча тарбия кўрмаган ҳисобланади. Суфён Саврий роҳматуллоҳи алайҳ буни инкор этиб, хато тафсир эканини: “Нақадар ёмон тафсир”, деб изоҳлаганлар. Бу билан “биздан эмас”нинг маъноси “Бизга ўхшаган мусулмон эмас” демоқчилар.
Ҳадисда “биздан эмас” деб келгани учун инсон кичикларга меҳрибонлик қилмаган ва катталарга ҳурмат кўрсатмаганлар диндан чиқишга олиб борадиган ёмон амал экан деб ўйлаб, унда қўрқув пайдо бўлади. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу сўздан мақсадлари танбеҳ беришдир. Демак, қарияларни ҳурмат қилиш ва ёш болаларга меҳр кўрсатиш Исломдандир. Аммо бунинг зиддини қилиш диндан чиқиш эмас, балки диндаги кўрсатмаларга амал қилмай гуноҳкор бўлиш деганидир.
Шунингдек, бераҳмлик бадбахт кимсаларнинг одатидир. Зеро Расулуллоҳ смоллалоҳу алайҳи васаллам Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир ҳадисда “Раҳмлилик бадбахт кишидангина суғириб олинади”, деганлар.
Раҳмсиз инсонга Аллоҳ ҳам раҳм қилмайди. Буни Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким инсонларга раҳ қилмаса, Аллоҳ ҳам унга раҳм қилмайди”, деган гапларидан билишимиз мумкин.
Раҳмли инсон бахтлилар қаторида туради, Аллоҳ ҳам унга раҳм қилади. Ёш болаларга раҳм-шафқатли бўлган киши Исломдан чиқиб кетмай мусулмонлар одобига амал қилган бўлади.

Эргашев Муҳаммадий

“Аҳмаджон қори” жоме масжиди имом хатиби