РАМАЗОН ТАБРИГИ!

РАМАЗОН ТАБРИГИ!

РАМАЗОН ТАБРИГИ!

Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, мустақил юртимизда тинчлик-хотиржамликда муборак рамазон ойини кутиб олдик. Бу ойни мусулмонлар саодат асридан буён алоҳида аҳамият билан кутиб оладилар.
Маҳбуб Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ойда рўза тутган, кечаларини бедор ўтказган ва қадр кечасини қоим қилган мўминнинг гуноҳлари мағфират қилиниши хуш хабарини берганлар:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазонда иймон ила савоб умидида рўза тутса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинур. Ким Рамазонда иймон ила савоб умидида қоим бўлса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинур. Ким Қадр кечасида иймон ила савоб умидида қоим бўлса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинур”, дедилар”. Муттафақун алайҳ.
Рамазон ойи Қуръон ойидир. Бу умматнинг ўтмишда ўтган солиҳлари рамазон ойи кирса барча ишларини имкон қадар тўхтатиб, Қуръон тиловатига киришар эканлар.
Рамазон ойи меҳр-шафқат ойидир. Рамазон ойида бойлар ҳам бир ой очлик ва чанқоқликни бошларидан ўзказиб, камбағалларнинг йил давомидаги ҳолатларини ҳис этадилар. Бу эса уларга раҳм-шафқат кўрсатишларига сабаб бўлади.
Бу ойни ғанимат билган инсон қандаям бахтли инсондир!. Чунки қанчадан-қанча инсонларга бу кунларга, Рамазон ойига етиб келиш насиб қилмади.
Бу кунларда кўпроқ Қуръон тиловати, ҳадис ўрганиш, дуолар ижобат бўладиган саҳарлик, ифторлик пайтларини ғанмиат билиб, истиғфор айтиш, ота-онага яхшилик қилиш, қариндош уруғларга силаи раҳм қилиш, уришиб қолган кишиларни яраштириш, яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтариш, тилни ва кўзни ёмон нарсалардан сақлаш, қўшниларга яхшилик қилиш, ўзаро гина-адовати борлар бир бирини кечириб юбориш, одамлар юрадиган йўлдан азиятни кетказиш, муҳтожларга ёрдам бериш, етимларнинг кўнглини олиш, касалларни зиёрат қилиш, рўзадорларга ифторлик улашиш, оила-аъзоларни хурсанд қилиш, масжидга қатнаш, таровеҳ намозларида хатм Қуръонларга қатнашиш, кечалари таҳажжуд ўқиш, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловатлар айтиш, қўл остидагиларга мулойим бўлиш, дўстларини ортидан дуо қилиш, каби хайрли ишлар билан машғул бўлишимиз керак.
Азизлар, бу ойда айниқса, саҳарлик ва ифторлик вақтларини ғанимат билайлик. Чунки ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинган:
Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилинглар, албатта барака саҳарликлардадир”, дедилар. Муслим ривоят қилган.
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Инсонлар мадомики ифторликни тезлаштирар эканлар доимий яхшиликда бўладилар. Бухорий ривоят қилган.
Аллоҳ таоло Қуръон, тақво, меҳр-шафқат ойи бўлмиш рамазон ойини барчамизга муборак қилсин! Аллоҳ таоло юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо қилсин!

Аҳмаджон қори жоме масжиди имом хатиби
Эргашев Муҳаммадий