11.03.2016й.

11.03.2016й.

11.03.2016й.

Поклик имондандир

بسم الله الرحمن الرحيم 

 Муҳтарам жамоат! Ислом поклик дини бўлиб, поклик эса имондандир. Дунёда Исломдан бошқа ҳеч бир дин, тузум ёки фалсафа покликни ва озодаликни бу қадар юксак даражага кўтармаган. Чунки поклик бўлмаса, банданинг ибодати ҳам қабул бўлмайди. Исломда барча ибодатларнинг қабул бўлиши учун аввало, банданинг қалби, нияти пок бўлиши керак. Қолаверса, ибодатларнинг қабул бўлиши учун инсоннинг бутун танаси, кийим-боши ва ҳатто ибодат жойи ҳам пок, турли катта-кичик нажосат ва нопокликлардан холи бўлиши керак. Динимизда инсонларнинг ҳамма соҳада тоза, покиза бўлишларига алоҳида эътибор берилган. Сабаби, покиза одамдан ифлослик, разиллик чиқмайди, поклик яхши инсонликнинг кўзгусидир. Агар инсон озодаликка риоя қилиб юрса, бу борадаги одобларимизга амал қилса, гўзаллик ва саломатликнинг энг олий даражасига эришади.  Бу ҳақда Ҳақ таоло Ўз каломида шундай деб хабар беради:

فِيهِ رِجَالٌ يُحِبُّونَ أَنْ يَتَطَهَّرُوا وَاللَّهُ يُحِبُّ الْمُطَّهِّرِينَ (سورة التوبة/108

яъни: “Унда покланишни хуш кўрадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севар”.

Аллоҳ таоло бошқа бир ояти каримада шундай марҳамат қилади:

 مَا كَانَ اللَّهُ لِيَذَرَ الْمُؤْمِنِينَ عَلَى مَا أَنْتُمْ عَلَيْهِ حَتَّى يَمِيزَ الْخَبِيثَ مِنَ الطَّيِّبِ وَمَا كَانَ اللَّهُ لِيُطْلِعَكُمْ عَلَى الْغَيْبِ وَلَكِنَّ اللَّهَ يَجْتَبِي مِنْ رُسُلِهِ مَنْ يَشَاءُ فَآَمِنُوا بِاللَّهِ وَرُسُلِهِ وَإِنْ تُؤْمِنُوا وَتَتَّقُوا فَلَكُمْ أَجْرٌ عَظِيمٌ (سورة آل عمران/179

яъни:   “Аллоҳ мўминларни сизлардаги ҳозирги ҳолат узра ташлаб қўювчи эмас. У ҳали пок киму, нопок ким ажрим этади. Аллоҳ сизларни илми ғайбдан хабардор қилмади, лекин Аллоҳ Ўз пайғамбарлари ичидан хоҳлаганларини (илми ғайбдан қисман билдириш учун) танлаб олади. Бас, Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига имон келтирингиз! Имон келтириб, тақволи бўлсангиз, сизларга (охиратда) буюк мукофот (бордир)”.(Оли Имрон сураси, 179-оят).

Поклик ва озодалик даражаси на қадар улуғлигини қўйидаги ҳадиси шарифдан ҳам яхши билишимиз мумкин.

عن عامر بن إبي وقاص عن أبي وقاص عن النبي صلّي الله عليه وسلم: ” إنّ اللهَ طَيِّبٌ يُحِبُّ الطَيِّبَ‘ نَظِيفٌ يُحِبُّ النَظَافَةَ‘ كَرِيمٌ يُحِبُّ الْكَرَمَ جَوَادُ يُحِبُّ الْجُود”َ(رواه الترمذى

яъни:   Омир ибн Саъд ибн Абу Ваққосдан, у эса отасидан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «албатта Аллоҳ мулойимдир, мулойимликни севади, покизадир, покизаликни севади, карамлидир, карамлиликни севади, ўта сахийдир, ўта сахийликни севади»(Термизий, Баззор ва Абу Яъло ривояти).

عن عائشة رضي الله عنها قالت: ” كان النبي صلّي الله عليه وسلم: يَغْتَسِلُ مِنْ أرْبَعٍ مِنَ الْجَنَابَةِ وَيَوْمَ الْجُمْعَةِ وَمنَ الْحِجَامَةِ وَمن غُسْلِ الْمَيِّتِ” (رواه أبو داود

яъни: Пайғамбар алайҳиссаломнинг сийратлари ҳақида Оиша онамиздан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тўрт нарсадан ғусл қилар эдилар: жунубликдан, жума куни, қон олдирганда ва майитни ювгандан кейин» (Абу Довуд ривояти).

Аллоҳ таоло Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримиз ҳадиси шарифларида тозалик, поклик, соғ-саломатлик  ҳақида, шунингдек муқимлик ва сафарда қазойи ҳожат одоблари тўғрисида жуда кўплаб тавсия ва йўлланмалар зикр этилган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари буни амалий суратда кўрсатиб берганлар:

” كَانَ النبي صلي الله عليه وسلم: إذا أراد البَرازَ انطلق حتي لا يراه احدٌ ” (رواه أبو داود

яъни: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сафар асносида ҳожатни ирода этсалар, ҳеч ким кўролмайдиган жойга борар эдилар». (Абу Давуд  ривояти).  Демак, қазойи ҳожатга борганда, ўзимизни эҳтиёт қилиб, сатр авратга риоя қилган ҳолда иш тутишимиз лозим экан.

Минг афсуслар бўлсинки, айрим одамлар пана жойлага бавл қилмасдан йўл ёқасида, одамлар кўз ўнгида, бавл қилишлари, бошқаларга нисбатан, ҳурматсизлик бўлиб, одамни гуноҳкор бўлишига олиб келади.

         Расул акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам қазойи ҳожат одоблари ҳақида марҳамат қилиб шундай деганлар:

” إتقوا الملاعن الثلاثة : البَرازَ  في الموارد و قارعة الطُّرُقِ والظلَّ “

  (رواه أبو داود(رواه إبن ماجه)

яъни: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Учта лаънат  олиб келадиган амалдан эҳтиёт бўлинглар: Сув ҳавзаларига, йўл ўртасида ва одамлар салқинланаётган жойларда қазойи ҳожат чиқаришдан, деб огоҳлантирганлар».

Ушбу ҳадиси шариф бебаҳо илоҳий неъмат сув ҳавзаларини, одамлар фойдаланадиган кўча ва йўллар ҳамда соя салқин жойларни эҳтиётлаб сақлаш муҳим эканлигини яна бир бор таъкидлайди.

Бундан ташқари жамоат жойларида, ўқув даргоҳларида, кенг жамоатчилик фойдаланадиган метро, автубос, йўналишдаги авто уловларда ҳам тозаликка риоя қилишимиз лозим. Уларга писта пучоқлари ва маъиший чиқиндиларини ташлаб ифлос қилмаслигимиз даркор. Ҳар вақт ва ҳар жойда тозалик ва поклик одобларига риоя қилишни асло унутмайлик, зеро поклик имондандир деб бежизга айтилмаган.

Муҳтарам жамоат! Ҳожатхонага киришнинг ҳам ўзига хос амалий ва маънавий тартиблари бор: бу ерга кираётганда шайтон ёмонликларидан паноҳ тиланади, қиблага қараб ёки унга орқа ўгириб ўтирилмайди, у ерда гапириш, бирор нарса ўқиш мақбул эмас. Ҳожатхонага бошяланг, ялангоёқ кирилмайди. Сув ва сув ёқасига, ернинг ёриқ жойларига, жониворлар уясига, дарахт остига, ахлатхона ёки қабристонларга ҳожат ушатилмайди. Ҳожат ушатиб бўлингач, кесак ёки махсус чиқарилган қоғоз билан тозаланиш, иложи бўлса чап қўл ёрдамида сув билан ювиб ташлаш лозим. Айниқса пешоб қолдиқларининг кийим ёки баданга тегишидан эҳтиёт бўлиш керак.

Турли битикли қоғозларни, яроқли мато, тоза пахта, тезак, суяк кабиларни тозаланиш мақсадида ишлатиб бўлмайди. Кишиларнинг ҳар ҳафтада камида бир марта, асосан жума кунлари, байрамларда, эр-хотинларнинг жинсий алоқадан сўнг баданларининг ҳамма ерига сув етказиб чўмилишлари (ғусл қилишлари) талаб этилади. Амалий ва тиббий тажрибалардан маълум бўлишича, бундай ювиниш одамни турли ифлосликлардан тозалабгина қолмай, жинсий алоқа туфайли йўқотилган куч-қувватни тиклаш ва тетиклаштиришга ҳам хизмат қилади. Соф табиат суннатлари қуйидагилардан иборат: мўйлабнинг лаб устига ўсиб тушган қисмини қириб, тозалаб юриш;  тиш ва оғизни тозалаб юриш; бурунга сув олиб тозалаш; тирноқларни қисқартириш; баданнинг букиладиган (бўғим, қўлтиқ ости, киндик) жойларини яхшилаб ювиш;  қўлтиқдаги юнгларни юлиш;  қовуқдаги юнгни қириш; сув билан истинжо қилиш; ўғил болаларни хатна қилдириш. Тирноқни ўстириб юриш одобимизга хилоф бўлгани учун уни ўсган заҳоти олиб туриш лозим. Тирноқларини ўстириб, унга ҳар хил бўёқ ва ишлов бериш айрим аёллар ўйлаганидек, мутлақо зийнат саналмайди. Қулоқ бурмалари, бурун катаклари, киндик чуқурлари, кўз қовоқлари каби одатда баданнинг кир тўпланадиган барча бўғинларини ҳамиша тозалаб туришга тўғри келади. Поклик ва ёқимли ҳидни йўқотмаслик учун ана шу жойларни мунтазам ювиб туриш лозим. Динимизда оғиз ва тишларни тозалашга алоҳида эътибор қаратилган. Ҳозирги замонавий тиш тозалаш чўткалари 1806 йилдан бошлаб урфга киргани ҳолда, аждодларимиз минг йиллардан буён тиш тозалаш воситаси (мисвок) ёрдамида оғиз-тишларини тозалаб юришган. Мисвок оғиз-тишни тозалабгина қолмай, уни хушбўй қилади, кайфиятни яхшилайди, милк ва тиш касалликлари олдини олади, кўзни равшан қилади, овқат ҳазмини яхшилайди, турли микробларни ўлдиради.

Муҳтарам жамоат! Соч қўйган киши сочини парваришлаши, ўз вақтида ювиб-тозалаши, тараб-ўриши лозим. Зеро, пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси муборакларда:

” مَنْ كَانَ لَهُ شَعْرٌ فَلْيُكْرِمْهُ ” (رواه أبو داود

яъни: «Кимни сочи бўлса (уни яхшилаб парвариш)қилсин». (Абу Давуд  ривояти).

Аёлларга бошқа сочни (сунъий бўлса ҳам) улашлари жоиз эмас.

 Ичимлик ичаётган киши идиш ичига нафасини туширмаслиги керак. Синиқ, дарз кетган ёки лаби учган идишларда таом ёки суюқлик истеъмол қилинмайди, чунки у ерда йиғилиб қолган микроблар таомга аралашиши ва натижада касаллик келиб чиқиши мумкин. Ҳовли-жойларимиз, кўча-кўйларимиз, турар жой ва майдонларимиз, ҳамма жойимизни озода тутишимиз зарур.

Зеро, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб, марҳамат қилганлар:

“…نَظِّفُوا أفْنِيَتَكُمْ…” (رواه الترمذي

яъни:“…Уй ва ҳовли саҳналарингизни тозалаб саранжом саришта қилинглар”, – деб амр қилганлар.

Ахлатларни кўчага, одамлар юрадиган жойларга ташламаслик, умуман  ҳовли жойларда ахлатни тўпламаслик ҳам лозим. Токи кўрган одам ҳавас қилсин. Уй ичини, идиш-товоқларни, кийим ва жиҳозларни ҳам тоза сақлаш зарур. Уст-бош, соч-соқолнинг, хусусан, кўйлаклар ёқасининг покиза бўлишига алоҳида эътибор бериш, одамлар кўз ўнгида жирканч ва ифлос ҳолда юришдан сақланиш талаб этилади.

Ислом дини барчамизга яшаётган жойларимизнинг тоза, озода бўлиши, ичимлик сувимизнинг беғубор, ўзимизнинг эса покиза юришимизга буюради. Асрлар бўйлаб мусулмонлар ариқ, дарё ва денгиз сувларини покиза сақлашни ўзларининг бурчлари деб билиб келганлар. Қуръони каримда денгиз, дарё ва ариқларни ифлослантирмасликка буюрилган. Акс ҳолда балиқлар ҳам ноз-неъмат ўрнига заҳарли моддаларга айланишини унутмайлик.

Аллоҳ таоло муборак каломи шарифида бандаларига:

الَّذِي جَعَلَ لَكُمُ الْأَرْضَ فِرَاشًا وَالسَّمَاءَ بِنَاءًوَأَنْزَلَ مِنَ السَّمَاءِ مَاءً فَأَخْرَجَ بِهِ مِنَ الثَّمَرَاتِ رِزْقًالَكُمْ  (سورة البقرة/22

яъни: “У сизлар учун Ерни “пойандоз”, осмонни “бино” қилиб қўйди ва осмондан сув тушириб, у сабабли сизларга ризқ сифатида мевалар (мевали дарахтлар)ни ундирди …

Шу кунлари  барча юртдошларимиз ташаббус  кўрсатиб, маҳалла, турар жойлар ҳудудлари ариқ ва кўчалар бўйларига мевали ҳамда манзарали дарахт кўчатлари, анвойи гуллар ўтқазмоқдалар. Ариқ-зовурлар тозаланиб, табаррук қадамжолар, зиёратгоҳлар, қабристонлар тартибга келтирилмоқда. Бу жараёнга мустақил мамлакатимиздаги барча жоме-масжидларининг қавмидан ҳам ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишга интилмоқдалар, зеро қилинган ҳар бир амал, у катта ёки кичик бўлмасин албатта, Яратганнинг мукофотига сазовор бўлади. Аллоҳ  таоло марҳамат қилиб бундай дейди:

فَمَنْ يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ خَيْرًا يَرَهُ (سورة الزّلزلة/7

яъни: Бас, кимки (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўрар”.

Юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, имон-эътиқодимизга яраша солиҳ амалларни бажаришликка муносиб шароитларнинг муҳайё этгани учун Аллоҳ таолога шукроналар айтган ҳолда атроф-муҳит ва ҳовли-жойларимизнинг озода бўлишлиги учун ҳаракат қилайлик.

Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳоли ҳаётда, ибодатларни адо этишда, Ўзига бандалик қилишда ҳамиша пок, тоза бўлишга муяссар айласин, имонимизнинг ярми саналган поклик масалаларига эътиборли бандаларидан қилсин, ибодатларимизнинг комил бўлишини насиб этсин, омин!