АЁЛЛАРГА ЭҲТИРОМ

АЁЛЛАРГА ЭҲТИРОМ

АЁЛЛАРГА ЭҲТИРОМ

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло барча мавжудотлар қатори инсонни ҳам жуфт ҳолида, яъни эркак ва аёл қилиб яратган. Аёл зотини эса ардоқли, эркакларга жуфти ҳалол ва ором-сакинат, оиланинг чироғи ва посбони, фарзандлар мураббияси қилиб дунёга келтирган. Қуръони каримда бундай дейилади:

هُوَ الَّذِي خَلَقَكُم مِّن نَّفْسٍ وَاحِدَةٍ وَجَعَلَ مِنْهَا زَوْجَهَا لِيَسْكُنَ إِلَيْهَا فَلَمَّا تَغَشَّاهَا حَمَلَتْ حَمْلاً خَفِيفاً فَمَرَّتْ بِهِ فَلَمَّا أَثْقَلَت دَّعَوَا اللّهَ رَبَّهُمَا لَئِنْ آتَيْتَنَا صَالِحاً لَّنَكُونَنَّ مِنَ الشَّاكِرِينَ   (سورة الأعراف/189

яъни, У (Аллоҳ) сизларни бир жондан яратиб, ундан унинг жуфтини унга (уйланиб) таскин топиши учун пайдо қилган зотдир. Унга яқинлик қилгач, у (Ҳавво) енгил ҳомилали бўлди ва у билан (бир муддат) юрди. (Юки) оғирлашганда, ҳар иккиси (Одам ва Ҳавво) Раббилари (бўлмиш) Аллоҳга дуо қилиб: «Агар бизга солиҳ (фарзанд) берсанг, албатта, шукр қилувчилардан бўлажакмиз» (дедилар) . (Аъроф сураси, 189-оят).

Бошқа оятда эса,

وَمِنْ آَيَاتِهِأَنْ خَلَقَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا لِتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُمْ مَوَدَّةً وَرَحْمَةً إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآَيَاتٍ لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ  (سورة الرّوم/21

яъни, “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир”.

Жамиятнинг деярли тенг ярмини аёллар ташкил этар экан, ҳаётдаги турмуш юмушлари ва ташвишларининг ярми ҳам улар зиммасидадир. Аёл – аввало онамиз, қолаверса, жуфти ҳалолимиз, опа-синглимиз, қизимиздир. Агар аёл ҳаётда ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлса, демак, жамият соғлом бўлади. Чунки келажак меваси бўлмиш фарзандлар оналар сабабли дунёга келади. Уларга бошланғич таълим-тарбия ва одоб-ахлоқни ҳам оналаримиз, момоларимиз ўргатишади. Шундай экан, келажак авлоднинг яхши, солиҳ бўлиши бугунги кун аёлларининг қанчалик солиҳа, ҳаёли, ахлоқли бўлишларига ҳар жиҳатдан боғлиқдир. Исломгача бутун дунёда аёл шаъни ерга урилган, унга худди бир буюм, матоҳ ёки йўлдан оздирувчи шайтон сифатида қаралган. Улар ҳар қадамда хўрланган, ҳақлари поймол этилган, уларни бузуқ ишларни қилишга мажбурланган. Ислом динигина аёлга чинакам ҳурлик олиб келди, уни ҳар жиҳатдан жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзосига айлантирди ва ҳурматини жойига қўйди. Ислом динигина аёлнинг шарафи, иффати, ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаб берди, Ислом бундан ўн беш аср муқаддам аёлни олий мартабага кўтарди. У бутун инсоният пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом тиллари билан

اَلْجَنَّةُ تَحْتَ اَقْدَامِ الْاُمَّهَاتِ ” (رواه الخطيب

яъни, «Жаннат оналар оёғи остидадир», – деб даражаси ва шарафини улуғлади. Яна бир ҳадиси шарифда шундай ривоят қилинади:

” خَيْرُكُمْ خَيْرُكُمْ لِأَهْلِهِ ”  ( رواه مسند الشهاب 

яъни, «Ўз аҳлу-аёлига меҳр-шафқатли бўлган кишилар энг яхшиларингиздир», – дея эълон қилди.

Исломда эркакларга ўз аёлларига яхши, хуш муомалада бўлиш, уларга азият етказмаслик, илм олишига ва дину диёнатли бўлишига шароит яратиб бериш, таом, кийим, бошпана ва рўзғор ашёлари билан таъминлаш, никоҳда маҳрини бериш каби кўплаб мажбуриятлар юкланган. Динимиз ҳатто уруш пайтида ҳам аёллар ва болаларни  ўлдиришни ман этган. Қуръони каримда аёл ҳақида кўп оятлар нозил қилинган. Ҳатто сураларнинг бири Нисо (Аёллар), яна бири Талоқ сураси дея номланиб, буларда асосан аёлларга тааллуқли илоҳий ҳукмлар баён қилинган. Бундан ташқари Бақара, Моида, Нур, Аҳзоб, Мужодала, Мумтаҳана ва Таҳрим сураларида ҳам аёлларга тегишли масалалар батафсил айтилган.

Маълумки, Қуръони карим ва Суннат таълимотлари аёлга тааллуқли ҳуқуқларни алоҳида белгилаб берган. Аллоҳ таоло аёл ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида бундай марҳамат қилади:

وَلَهُنَّ مِثْلُ الَّذِي عَلَيْهِنَّ بِالْمَعْرُوفِ…(سورة البقرة/228

яъни,“…Аёллар учун (белгиланган ҳуқуқлар) ўз меъёрида эркаклар (ҳуқуқи) билан тенгдир…” (Бақара сураси, 228-оят).

Бу тенглик қуйидаги ҳолатларда намоён бўлади:

Биринчидан:  Ислом таълимоти аёлга худди эркакка қарагандек қараб, унга берган ҳуқуқ ва вожибларни аёлга ҳам берди. Бу ҳақда Қуръони каримда марҳамат қилиб бундай дейилади:

 وَمَنْ يَعْمَلْ مِنَ الصَّالِحَاتِ مِنْ ذَكَرٍ أَوْ أُنْثَى وَهُوَ مُؤْمِنٌ فَأُولَئِكَ يَدْخُلُونَ الْجَنَّةَ وَلَا يُظْلَمُونَ نَقِيرًا  (سورة النساء/124

яъни,“…Кимки у хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл – мўминлик ҳолида савобли ишлар қилса, айнан улар жаннатга кирурлар ва уларга хурмо данагининг ипича ҳам зулм қилинмагай”.(Нисо сураси, 124-оят);

Аллоҳ таоло яна бир ояти каримада аёл ҳам яхши  амали учун эркак билан баробар ажр-мукофотга  сазовор бўлиши ҳақида бундай дейди:

مَنْ عَمِلَ صَالِحًا مِنْ ذَكَرٍ أَوْ أُنْثَى وَهُوَ مُؤْمِنٌ فَلَنُحْيِيَنَّهُ حَيَاةً طَيِّبَةً وَلَنَجْزِيَنَّهُمْ أَجْرَهُمْ بِأَحْسَنِ مَا كَانُوا يَعْمَلُونَ (سورة النّحل/97

яъни, “Эркакми ё аёлми – кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирор эзгу иш қилса, бас, Биз унга ёқимли ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз”.(Наҳл сураси, 97-оят).

Яна Қуръони каримда бундай дейилади:

إِنَّ الْمُسْلِمِينَ وَالْمُسْلِمَاتِ وَالْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ وَالْقَانِتِينَ وَالْقَانِتَاتِ وَالصَّادِقِينَ وَالصَّادِقَاتِ وَالصَّابِرِينَ وَالصَّابِرَاتِ وَالْخَاشِعِينَ وَالْخَاشِعَاتِ وَالْمُتَصَدِّقِينَ وَالْمُتَصَدِّقَاتِ وَالصَّائِمِينَ وَالصَّائِمَاتِ وَالْحَافِظِينَ فُرُوجَهُمْ وَالْحَافِظَاتِ وَالذَّاكِرِينَ اللَّهَ كَثِيرًا وَالذَّاكِرَاتِ أَعَدَّ اللَّهُ لَهُمْ مَغْفِرَةً وَأَجْرًا عَظِيمًا (سورة الأحزاب/35

яъни,Албатта, муслим ва муслималар, мўмин ва мўминалар, итоатли эркаклар ва итоатли аёллар, ростгўй эркаклар ва ростгўй аёллар, сабрли эркаклар ва сабрли аёллар, тавозели (камтар) эркаклар ва тавозели аёллар, садақа қилувчи эркаклар ва садақа қилувчи аёллар, рўза тутувчи эркаклар ва рўза тутувчи аёллар, авратларини (ҳаромдан) сақловчи эркаклар ва (авратларини ҳаромдан) сақловчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр этувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр этувчи аёллар – улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофотни (яъни жаннатни) тайёрлаб қўйгандир.(Аҳзоб сураси, 35-оят).

Иккинчидан: Ислом таълимоти қуйидаги ўринларда эр ва аёл ҳуқуқларини тенг деб билади: молиявий муомалаларда аёл ўз моли ва бойликларини тасарруф қилишда ихтиёри ўзидадир, эри ёки отасининг аралашувисиз тижорий шартномаларни ихтиёрий равишда ўзи тузишга ҳақлидир, эркаклар молиявий муомалаларда қандай ҳуқуқларга эга бўлишса, аёллар ҳам худди шундай ҳуқуқларга эгадир; илм ва маърифатни ўрганиш ва талаб қилишда ҳам аёл эркак билан тенг ҳуқуққа эга; дин таълимотларига риоя қилган ҳолда жони, соғлиғи, ақлини сақлаш ва ривожлантириш, ақли ва жисми ислоҳоти билан боғлиқ бўлган ҳамма ишда аёл эркак билан баробар ҳуқуққа эга;

Учинчидан:  Ислом дини қиз болани меросдан бутунлай маҳрум қилмади, балки унга ота-онасидан мерос олишида ўғил меросининг ярми ҳисобида белгилади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

يُوصِيكُمُ اللّهُ فِي أَوْلاَدِكُمْ لِلذَّكَرِ مِثْلُ حَظِّ الأُنثَيَيْنِ …(سورة النساء/11

яъни, “Аллоҳ фарзандларингизга (мерос тақсимида) бир ўғил учун икки қиз улуши баробарида (беришни) буюради…”(Нисо сураси, 11-оят).

Тўртинчидан:  Ислом шариати хотинни эр уйида масъул бўлишида эркак киши мақоми билан баробар ўринга қўйган. Жумладан, Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қиладиларки: “Барчаларингиз бамисоли чўпонсиз ва қўл остидагиларингиздан сўралурсиз. Имом ўз қавмига масъулдир, аёл эрининг уйига масъулдир, эр аҳли-аёлига масъулдир”. Бу ҳадиси шариф аёл ва эркак масъулиятда баробар эканига далолат қилади ҳамда аёл жамият ва оилада нақадар катта мавқега эга эканини билдиради.

Демак, бундан маълум бўладики, динимиз аёлларни мўътабар инсон сифатида қадр-қийматларини ниҳоят даражада юқори баҳолайди. Шунга биноан бугунги куннинг аёли ҳам  унга берилган ҳақ-ҳуқулардан оқилона фойдаланиш билан бир қаторда, аёллик иффтини  сақлаб, ўз шаънига доғ туширмасликка ҳаракат қилмоғи лозим.

Аёл кишининг энг муҳим вазифаларидан бири унинг оиласи, фарзандлари борасидаги мусъуллигидир. Юқорида таъкидланганидек, эр киши кўпроқ вақтини оиласини нафақа билан таъминлаш йўлида ҳаракат қилиб юради. Табиийки, уй ишлари билан шуғулланишга кам вақт ажратади. Уй ишларини аёл киши қилади, покликка,  осойишталикка жавоб беради. Бошқа вазифаси ҳам бор, бу фарзанд кўриш, унга тарбия беришдир. Демак, аёл оиланинг ички ишларига масъулдир. Шунинг учун қизларимизни турмушга тайёрлаш чоғида уларга ана шу масъулиятини кўпроқ тушунтириш, уларга аёлнинг оилада тутган ўрни, эрларига итоатда бўлиш ва ҳеч бир соҳада хиёнат қилмаслик, фарзандига яхши тарбия бериш каби вазифаларини эслатиб туриш керак бўлади.

Лекин ҳозирги пайтда айрим жоҳил эркаклар аёл кўчага чиқмай, уйда ўтириши кераки, деб даъво қилса, бошқа бирлари эса аёлини ишлатиб қўйиб, ўзи уйда уларнинг ишини қилиб ўтиради. Ислом шариати бу икки йўлни ҳам баробар  қоралайди

Демак, бундан маълум бўладики, динимиз аёлларни мўътабар инсон сифатида қадр-қийматларини ниҳоят даражада юқори баҳолайди. Шунга биноан бугунги куннинг аёли ҳам  унга берилган ҳақ-ҳуқулардан оқилона фойдаланиш билан бир қаторда, аёллик иффтини  сақлаб, ўз шаънига доғ туширмасликка ҳаракат қилмоғи лозим.

Муҳтарам жамоат! Таъкидлаш жоизки, оилада аёл кишининг ўрни деганда фахр билан айтамизки, бугунги кунда улар миллий-диний қадриятларимиз, анъаналаримизни давом эттириб, ўзбек оилалари, хусусан оналаримиз, аёлларимиз оиланинг соғлом иқлими, оила бағрида фарзандларини эл-юртнинг муносиб ўғил-қизлари, Ватанининг  ҳақиқий содиқ ўғлони бўлиб вояга етишларида жон куйдириб келмоқдалар.

Жорий “Соғлом она ва бола” йилида ҳам аввало, аёл зотининг жамиятимиздаги ўрни ва нуфузини, ижтимоий фаоллигини янада ошириш, хотин-қизларнинг турли жабҳа ва  йўналишларда қилаётган ишларини муносиб баҳолаш, ҳар қайси хонадонда  уй бекаси бўлмиш опа-сингилларимизнинг оғирини енгил қилишга йўналтирилган  кўплаб самарали  ишларнинг амалга оширилишига аминмиз.

Қадрли намозхонлар! Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: видолашув хутбаларида умматларини уч нарсадан огоҳ этиб, шундай дедилар: “Намоз, намоз, намозга диққат қилинг, унга ҳеч ҳам бепарво бўлманг! “Қўл остингиздагиларга кучлари етмайдиган вазифаларни юкламанг!

Хотинларнинг ҳақларини ҳурмат қилинглар, мен бу хусусда Аллоҳдан қўрқишингизни тавсия этаман. Хотинларнинг ҳақи масаласида Аллоҳдан қўрқинглар! Зеро, улар сизнинг ёрдамингизга муҳтождирлар. Улар сизга Аллоҳнинг омонатидирлар…”

Шундай экан, омонатга содиқ қолиб, аёлларимизнинг турмушини фаровон қилайлик, уларга доимо эътиборли ва муҳаббатли бўлайлик, омонликда сақлайлик, бугунги файзли айём, яъни бутун дунё халқлари аёл ҳуқуқи ва ҳурматини жойига қўйиш мақсадида шу кунни байрам сифатида ажратиб қўйган экан, келинг биз ҳам оналаримиз, опа-сингилларимиз ва турмуш ўртоқларимизнинг кўнгилларини кўтариб, уларга нисбатан кўпроқ ҳурмат-иззат кўрсатайлик, зеро Ҳақ таоло каломи шарифида бундай дейди:

 وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ فَإِنْ كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَى أَنْ تَكْرَهُوا شَيْئًا وَيَجْعَلَ اللَّهُ فِيهِ خَيْرًا كَثِيرًا (سورة النساء/19

яъни, “… Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин”.

Ояти карима маъно ва мазмунига мувофиқ аҳлу-аёлларимизга ҳурмат ва муҳаббатда бўлиб яшашимиз, уларнинг оилада бўлиб турадиган айрим хато ва камчиликларини кечиришимиз лозим бўлади.

Илова:  Муҳтарам имом домла! Баҳор фасли ила кириб келаётган  Наврўзи олам муносабати билан масжидларда озодалик ишларига аҳамият беришингизни ва намозхонлар учун қулай шароит яратиб бериш мақсадида барча зарур чора-тадбирларни кўришингизни сўраймиз! Шу жумладан, масжид ҳовлиси ва атрофида, маҳаллаларда ҳамда қабристонларда тозалик ишларини олиб бориш, қабрлар ва улар атрофини қуриган ўтлардан тозалаб, тартибга келтириш ҳар биримизнинг бурчимиз экани ҳақида ҳам гапириб ўтинг!

Шунингдек, ҳар йили баҳор келиши билан атроф-муҳит, ҳовли ва яшаш жойлар, ўқув даргоҳлари ҳамда кўча ва маҳаллаларни саранжом-саришта қилиш бўйича кўплаб оммавий хайрия ҳашарларни уюштириш ҳам миллатимизга хос одатлардандир. Ҳашарда дарахтлар оқланиб, атроф ҳар хил чиқиндилардан тозаланади, мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилади.  Шунда атрофни ўзгача файз ва шукуҳ, поклик ва гўзаллик қамраб олади. Зеро, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб, марҳамат қилганлар:

“نَظِّفُوا أفْنِيَتَكُمْ…” (رواه الترمذي

яъни:“…Ҳовли ва уй-жойларингизни озода тутинглар”, – дея умматларини покликка чорлаганлар.

Аллоҳ таоло юртимизни тинчлик, осойишталикда янада тараққий этишини, зироат ишларида мўл-кўл ҳосил олиш йўлида меҳнат қилаётган деҳқонларимиз, катта фаолият олиб бораётган барча миришкорларимизга Ўзининг файзу баракотини нозил қилсин! Омин.