Гўшти ейилмайдиган ҳайвонлар

Гўшти ейилмайдиган ҳайвонлар

Гўшти ейилмайдиган ҳайвонлар

       Аввало ушбу маслани умумий қоидалар асосида тушуниб олишимиз зарур. Мазкур қоидалар Қуръони карим ва Суннатда баён қилинган бўлиб, уларни ўзлаштириш унчалик қийин эмас. Умумий қоидаларни қуйидагича тартиблашимиз мумкин:

         1-қоида: Қуръони каримда келганлари. Илоҳий китобда чўчқа, Аллоҳдан бошқага атаб сўйилган жонлиқ, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, йиқилиб ўлган, сузиб ўлдирилган, йиртқич ҳайвонлар ҳамласи натижасида ўлган, бут-санамларга атаб сўйилган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаром қилган, инсон табиати жирканадиган, шунингдек, эҳромдалик пайти сўйилган ёки ўлдирилган жонзотларнинг гўшти ҳаром қилинган.

         2-қоида: Суннатда келганлари. Сўйлоқ  тишли ёки ов панжали ҳайвонлар, қарға, калхат, илон, сичқон, чаён, ит, эшак ва хачир.

         3-қоида: Қуръон ёки Суннатда келмаган ҳайвонлар юқорида зикр қилинган умумий қоидаларга ҳам тушмаса, мубоҳ бўлади.

         Сув ҳайвонларидан Ҳанафий мазҳабимизда фақатгина балиқ туркумига кирувчиларигина ҳалол саналади. Шунга кўра, кит, акула, делфин каби балиқлар ҳалолдир.

         Ушбу қоидалардан истисно тариқасида қуйидагиларни айтиш лозим:

         Қуръони каримда мажбур бўлган ҳолатда, шунингдек, ўргатилган овчи итлар тутиб ўлдирган ҳайвонларни ейиш мумкин дейилган. Бунда ҳаром қилинган ҳайвон гўштидан мажбурликни кетказадиган миқдоригина ейилади. Ов масаласида эса, овчи тасмия (Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим)ни айтиб, сўнг итини қўйиб юбориши керак ва ўша ит овчи ўлжасига келгунига қадар ўзи тутган ҳайвонни еб қўймаслиги ёки ейишга ҳаракат қилмаган бўлиши керак.

         Шу ўринда айтиш керакки, ит, типратикон, илон, тошбақа ва бошқа ейиш мумкин бўлмаган ҳайвонларни, модомики, ўлим хавфи йўқ экан, даво сифатида ёки бошқа мақсадда ҳам ейиш мумкин эмас.

Тошкент ислом институти 4-курс талабаси

 Ҳошимжон ЭРГАШЕВ