Deprecated: Methods with the same name as their class will not be constructors in a future version of PHP; interface_custom_tag_widget has a deprecated constructor in /home/nasihat1/public_html/wp-content/themes/interface/inc/widgets/interface_widgets.php on line 130

Deprecated: Methods with the same name as their class will not be constructors in a future version of PHP; interface_service_widget has a deprecated constructor in /home/nasihat1/public_html/wp-content/themes/interface/inc/widgets/interface_widgets.php on line 200

Deprecated: Methods with the same name as their class will not be constructors in a future version of PHP; interface_promobox_widget has a deprecated constructor in /home/nasihat1/public_html/wp-content/themes/interface/inc/widgets/interface_widgets.php on line 309

Deprecated: Methods with the same name as their class will not be constructors in a future version of PHP; interface_recent_work_widget has a deprecated constructor in /home/nasihat1/public_html/wp-content/themes/interface/inc/widgets/interface_widgets.php on line 379

Deprecated: Methods with the same name as their class will not be constructors in a future version of PHP; interface_Widget_Testimonial has a deprecated constructor in /home/nasihat1/public_html/wp-content/themes/interface/inc/widgets/interface_widgets.php on line 527

Deprecated: Methods with the same name as their class will not be constructors in a future version of PHP; interface_featured_image_widget has a deprecated constructor in /home/nasihat1/public_html/wp-content/themes/interface/inc/widgets/interface_widgets.php on line 695
ҲАЙЗ ҲАҚИДА САККИЗ ҲУКМ – Nasihat.uz

ҲАЙЗ ҲАҚИДА САККИЗ ҲУКМ

ҲАЙЗ ҲАҚИДА САККИЗ ҲУКМ

ҲАЙЗ ҲАҚИДА САККИЗ ҲУКМ

Ҳайз вақтида қуйидаги ҳукмларга риоя қилиш лозим бўлади:

1. Намоз ўқиш мумкин бўлмайди;

2. Рўза тутиш мумкин бўлмайди;

3. Қуръон ўқиш мумкин бўлмайди;

4. Бирорта тўлиқ оят ёзилган ёзувни ушлаш мумкин бўлмайди;

5. Масжидга кириш мумкин бўлмайди;

6. Каъбани тавоф қилиш мумкин бўлмайди;

7. Жинсий яқинлик қилиш мумкин бўлмайди;

8. Ҳайз қони тўхтаганда ғусл қилиш вожиб бўлади.

Ушбу саккиз ҳукмга тааллуқли масалаларни алоҳида-алоҳида батафсил ўрганиш кўплаб тушунмовчиликларга барҳам беради:

1. Ҳайз кўрган аёлга намоз ўқиш мумкин эмаслиги

Ҳайз ва нифос пайтида аёл кишига фарз, вожиб, суннат, нафл ёки бирор қазо намозни ҳам ўқиш мумкин бўлмайди. Шунингдек тиловат ё шукр саждасини қилиш ҳам мумкин эмас. Аммо намоз вақти бўлган пайтда таҳорат қилиб одатда намоз ўқийдиган жойида тасбеҳ айтиб ўтириши мустаҳаб бўлади. Баъзи мўътабар уламолар мазкур мустаҳаб амални қилган аёлга энг яхши ўқиган намозининг ажри ёзилади, деганлар. Демак дастлаб ҳайз кўраётган аёл ҳам, ёки одати келган аёл ҳам ҳайз кўриши билан намоз ўқишни тўхтатади.

Беш вақт намоздан бирининг вақти кирган пайтда пок бўлиб ҳали уни ўқишга улгурмасдан ҳайз кўриб қолса, ушбу намознинг қазосини ўқимайди. Агар мазкур намозга киришган пайтда ҳайз кўрса ҳам намозини тўхтатади ва қазосини ўқиши лозим бўлмайди. Аммо бирор нафл намозга киришганидан сўнг ҳайз кўриб қолса намозини тўхтатади ва покланганидан кейин қазосини ўқийди. Чунки нафл намозга киришиш билан уни тўлиқ адо этиш зиммага лозим бўлиб қолади.

Агар одати бор аёлнинг қон кўриши одатидан ошиб кетса ҳайз ўн кунгача бўлиши эътиборидан намозни бошламай туради. Шунга кўра мазкур аёл ўн кунгача намоз ўқимай туради. Агар ўн кундан ҳам ўтиб кетса ғусл қилади ва одатидан ортиқ кунларнинг қазосини ўқийди. Масалан бир аёлнинг беш кун одати бўлса, қон кўриши ўн кундан ошиб кетса, беш кундан кейинги кунларнинг қазосини ҳам ўқиши лозим бўлади. Олдин бир марта кўрган бўлса ҳам одат ўрнига ўтаверади.

2. Ҳайз кўрган аёлга рўза тутиш мумкин эмаслиги

Ҳайз ва нифос пайтида фарз ё нафл барча рўзаларни тутиш мумкин бўлмайди. Рўза тутган аёл қуёш ботай деб турган вақтда ҳайз кўриб қолса ўша

кунги рўзаси бузилган бўлади ва фарзми ё нафлми пок бўлгандан кейин мазкур рўзанинг қазосини тутиши лозим бўлиб қолади.

Агар бир аёл рўза тутишни назр қилган кунида ҳайз кўриб қолса, мазкур кунда рўза тутиш мумкин эмаслиги сабабли ҳайздан покланганидан кейин қазосини тутади.

Агар бир аёл “Аллоҳ розилиги учун ҳайз кўрган кунимда рўза тутишни зиммамга олдим” деб назр қилса, шариатга зид бемани гапни гапирган бўлади ва зиммасига ҳеч нарса вожиб бўлмайди.

Ҳайз тугагандан сўнг рўза тутиш учун албатта ғусл қилиб рўзага кирган бўлиши шарт эмас. Шунга кўра ғусл қилиб “Аллоҳу акбар” дейиш мумкин бўладиган муддат миқдорида тонг отишдан олдин ҳайзи тугаган бўлса, ҳали ғусл қилмаган бўлса ҳам рўза тутиши тўғри бўлади.

3. Ҳайз кўрган аёлга Қуръон ўқиш мумкин эмаслиги

Ҳайз кўрган аёл то ундан пок бўлиб ғусл қилмагунича Қуръон ўқиши мумкин бўлмайди. Аммо иккита масалада ихтилоф бор:

1. Дуо ёки шукрона нияти билан ўқиш мумкинлиги ҳақида;

2. Бир оятни тўлиқ қилмасдан ўқиш мумкинлиги ҳақида.

Яъни, ҳайз кўрган аёл бир ишга киришишда ўша ишни бошлаш нияти билан “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим” деса, ёки унга етган бирор неъматга шукрона сифатида “Алҳамду лиллаҳи Роббил оламин” деса, Қуръондан бир оят ўқиб юборган бўладими ёки Қуръон оятига ўхшаш калималар билан ишга киришган ва шукрона қилган бўладими? Ана шу саволга уламолар қилинган иш ниятга боғлиқ бўлади, агар Қуръон ўқиш нияти билан талаффуз қилган бўлса, ман қилинган ишни қилгани учун гуноҳкор бўлади, аммо ишга киришиш ё шукр қилиш маъносида талаффуз қилган бўлса, Қуръон ўқиган бўлмайди, балки Қуръон оятларига ўхшаш калималарни талаффуз қилган бўлади, деганлар. Аммо бу калималарни ҳам қисқа бўлишини шарт қилганлар. Яъни, “узун оятга ўхшаш калималар”ни талаффуз қилса, Қуръон ўқиётганга ўхшаб қолади. Шунинг учун узун оятларни дуо қилиш маъносида ҳам ўқиб бўлмайди.

Дуо маъносида бўлмаган оятларни тўлиқ ўқиш мумкин эмаслигида эса ихтилоф йўқдир.

Бир оятни тўлиқ қилмасдан ўқиш мумкинлиги ҳақида қуйидагича ихтилоф қилинган:

Кархий роҳматуллоҳи алайҳнинг наздларида: Қуръон деб қасд қилинса бир оятни тўлиқ қилиб ҳам, ярим қилиб ҳам ўқиш мумкин эмас. Чунки Қуръон ўқишдан ман қилиш ҳақидаги далил мутлақ ҳаммасини ўз ичига қамраб олади;

Таҳовий роҳматуллоҳи алайҳнинг наздларида: Бир оятнинг яримини ўқиш мумкин. Чунки ярим оят Қуръон ўқишдан ман қилиш ҳақидаги далилнинг ичига кирмайди.

Ушбу ихтилофга кўра Қуръон ўргатувчи аёл ҳайз кўриб қолса Имом Кархий роҳматуллоҳи алайҳнинг наздларида битта калимадан ортиқ талаффуз қилиши мумкин бўлмайди. Яъни, битта калимани талаффуз қилиш Қуръон ўқиш бўлмайди балки оят ичидаги калимага ўхшаш бир сўзни айтган ҳисобланади.

Имом Таҳовий роҳматуллоҳи алайҳнинг наздларида эса ярим-ярим оятдан бўлиб ўргатиши мумкин ҳисобланади. Яъни, бу иши билан у аёл Қуръон ўқиган бўлмайди балки бир оятнинг яримига ўхшаш сўзни айтган ҳисобланади.

Кўпчилик уламолар эҳтиётлироқ бўлгани учун Имом Кархий роҳматуллоҳи алайҳнинг қавлларини маъқуллаганлар.

4. Ҳайз кўрган аёлга тўлиқ бир оят ёзилган ёзувни ушлаш мумкин эмаслиги

Ёғочга ёзилганми, деворгами ёки бошқа бирор нарсага ёзилганми тўлиқ бир оят ёзилган нарсанинг оят ёзилган жойини ҳайз кўрган аёлнинг ушлаши мумкин бўлмайди. Агар бир оят тўлиқ ёзилмаган бўлса, уни ушлаш макруҳ бўлмайди. Масалан деворга тўлиқ бир оят ёзилган бўлса фақат ўша ёзувга қўлини теккизиши мумкин эмас, бошқа жойини эса ушлаши мумкин ҳисобланади. Аммо Қуръони карим китобининг ёзув ёзилган жойини ҳам, ёзув ёзилмаган чеккадаги бўш жойларини ҳам ушлаш мумкин бўлмайди.

Қуръони карим китобини фақатгина ундан алоҳида бўлган бирор нарса билангина ушлаш жоиз бўлади.

Ибн Обидин роҳматуллоҳи алайҳ бошқа китобларга қараганда оятлари кўп бўлгани учун тафсир китобларини ҳам бетаҳорат ушлаш макруҳ бўлади, деган.

Бурҳониддин Марғилоний роҳматуллоҳи алайҳ: “Аҳли илмларга шаръий китобларни енглари билан ушлаш макруҳ бўлмайди”, деган. Ушбу матнларни Абдулҳай Лакнавий роҳматуллоҳи алайҳ “ушбу гапда шаръий китобларни бетаҳорат ушлаш макруҳлигига ишора бор”, деб шарҳлаган.

Ҳайз кўрган аёл ва таҳоратсиз киши Қуръон оятларини ёзиши ҳам мумкин бўлмайди. Чунки ёзиш ҳам ушлашнинг бир тури ҳисобланади.

Ичида битта-иккита Қуръон оятлари бўлган китобни ичидаги оятга қўлни теккизмасдан ёзиш мумкинлиги ҳақида ихтилоф қилинган:

Имом Абу Юсуф роҳматуллоҳи алайҳнинг наздларида бундай китобни ўша оятга қўлни теккизмасдан ёзиш жоиз бўлади. Чунки қалам ёзувчидан алоҳида бўлган нарсадир.

Имом Муҳаммад роҳматуллоҳи алайҳнинг наздларида эса жоиз бўлмайди.

Баъзи уламолар ёзиш билан ушлашнинг ҳукми бир хилдир, деганлар. Яъни алоҳида нарса билан ушлаш жоиз, алоҳида бўлмаган нарса билан ушлаш макруҳдир. Шунга кўра қалам билан ёзиш макруҳ бўлмайди, аммо бармоғи билан ёзиш макруҳ бўлади, деган ҳукм келиб чиқади.

5. Ҳайз кўрган аёлга масжидга кириш мумкин эмаслиги

Ҳайз кўрган аёлга масжидга кириш ҳам, масжид орқали ўтиб ўтиб кетиш ҳам мумкин бўлмайди. Фақатгина кирмасликдан бошқа илож қолмаган вақтларда, масалан йиртқич ё ўғридан ҳимояланиш, ёки қаттиқ совуқдан сақланиш мақсадидагина кириш жоиз бўлади. Баъзи уламолар зарурат туфайли кириш пайтида ҳам таяммум қилиб кириши афзал бўлади, деганлар.

Ҳайз кўрган аёл қабрларни зиёрат қилиши жоиз ҳисобланади.

6. Ҳайз кўрган аёлга Каъбани тавоф қилиш мумкин эмаслиги

Ҳайз кўрган аёл Каъбани тавоф қилиши мумкин бўлмайди. Чунки тавоф ҳам масжид ҳудудида қилинади. Шунга кўра ҳаж қилаётган аёл ҳайз кўриб қолса тавофи ифоза қилиши мумкин бўлмайди. Тавофи ифоза эса ҳажнинг рукни бўлгани учун тавофи ифозани қила олмаган аёл ҳаж қилмаган бўлади. Шунинг учун ҳайздан покланиб ғусл қилганидан сўнг тавоф қилади. Аммо поклангунича ватанига қайтиши ва яна у ерга қайта бориш эҳтимоли камлиги зарурати туфайли ҳайзли ҳолатда тавофи ифозани адо этадиган бўлса, гуноҳкор бўлса ҳам ҳажи тўлиқ бўлган бўлади. Ҳайзли ҳолатда тавоф қилгани учун туя ёки қора мол сўйиши вожиб бўлиб қолади.

7. Ҳайз кўрган аёлга жинсий яқинлик қилиш мумкин эмаслиги

Ҳайз кўрган аёлнинг жинсий яқинлик қилиши ҳаром ҳисобланади. Агар икки тараф била туриб шу ишни қилсалар иккалалари ҳам гуноҳи кабира содир этган бўладилар. Аммо ҳайзли аёлни эри мажбурласа “зўравон”нинг ўзи гуноҳкор бўлади. Бироқ мажбурлаш деганда бирор аъзосига талофот етказиш ё қаттиқ уриш каби ишлар тушунилади. Яъни, бу даражага етиб бормаган қовоғини уйишию “хафа бўлиши” каби ишлар мажбурлаш ўрнига ўтмайди.

Гуноҳи кабирага олиб борадиган ишлардан ҳам сақланиш вожиблигига кўра ҳайз кўрган аёлнинг эри унинг киндигидан тиззасигача бўлган

жойларидан “фойдаланиши” мумкин бўлмайди. Ҳанафия мазҳабига кўра эр “ҳар қанча ўзига ишонган” бўлса ҳам мазкур жойлардан тўсадиган кийимсиз “фойдаланиш” мумкин бўлмайди. Шунинг учун уламолар эри ундан “фойдаланаётган” ҳайзли аёлнинг мазкур жойларида тана ҳароратини тўсадиган қалин кийим бўлиши лозим, деганлар. Аммо мазкур жойлардан бошқасидан фойдаланиши мутлақо мумкин ҳисобланади.

Демак ҳанафия мазҳабига кўра то ҳайз тугамагунича жинсий яқинлик қилиш ва мазкур жойлардан эрининг “фойдаланиши” мумкин бўлмайди. Фақатгина ҳанбалий мазҳабида бу масалада истисно бор холос.

Ҳайзи тугаган аёл, ҳайзи тугаши билан пок бўладими ё ғусл қилгандан кейингина унга поклик ҳукми собит бўладими? бу масаланинг жавоби қуйидаги учта кўринишнинг устига қурилган:

А) Ҳайзнинг тўлиқ ўн кунда тугаши (ғусл қилмаса ҳам, вақт тўлиқ ўтишининг ўзи билан поклик собит бўлади);

Б) Ўн кундан кам муддатда тўхташи (ҳайз тўхташи ва ғусл қилиш билан поклик собит бўлади);

В) Одатий вақтидан олдин тугаши (то одатий вақти ўтмагунча ғусл қилса ҳам поклик собит бўлмайди);

Ҳайзнинг тўлиқ ўн кунда тугаши

Агар ҳайз тўлиқ ўн кунда тугаса ғусл қилмасдан олдин ҳам жинсий яқинлик қилиш мутлақо мумкин ҳисобланади. Чунки ҳайз ўн кундан ортиқ бўлмагани сабабли ҳали ғусл қилмаган бўлса ҳам, унга поклик ҳукми жорий бўлган бўлади. Яъни бу аёлга ўн кун ўтиши билан поклик ҳукми собит бўлгани сабабли, ғусл қилса поклик вақтида ғусл қилган бўлади. Шунинг учун ғусл қилишидан олдин жинсий яқинлик қилса ҳам поклик вақтда яқинлик қилган бўлади. Аммо ғусл қилгандан кейин яқинлик қилиш мустаҳаб саналади.

Ўн кундан кам муддатда тўхташи

Агар ўн кундан кам муддатда ҳайз тугаса ўзининг одатида тугайдими ё одатидан ўтиб тугайдими барибир покланиши ғусл қилиш билан агар имкони бўлмаса таяммум қилиш билан бўлади. Яъни, то ғусл қилмагунича ёки унинг ўрнига ўтадиган таяммум қилмагунича жинсий яқинлик қилиш ҳалол бўлмайди. Ушбу масала фарз намозлардан бирининг қайси вақтида тугагани эътиборидан яна икки қисмга бўлинади:

А) Фарз намоздан бирининг охирги вақтидан аввал тугаши, (поклик ғусл қилиш билан собит бўлади).

Б) Фарз намоздан бирининг охирги вақтида тугаши, (поклик намоз зиммасига қарз бўлиб қолиши билан собит бўлади).

Фарз намоздан бирининг охирги вақтидан олдин ҳайз тугаган бўлса, поклик ҳукми ғусл қилиш билан агар унга имкони бўлмаса таяммум қилиш билан собит бўлади. Яъни, мазкур ғусл қилаётган вақти ҳам ҳайз вақтидан ҳисобланиб, ғусл қилгандан сўнгина унга поклик ҳукми собит бўлади ва жинсий яқинлик қилиши ҳалол бўлади.

Намознинг охирги вақтида тўхтаганда эса, поклик ҳукмининг собит бўлиши вақтга, яъни, ғусл қилиб намозга киришиш учун “Аллоҳу акбар”ни айтишга улгура оладиган миқдордаги вақтга боғлиқ бўлади. Агар ҳайз тугаган пайтда мазкур вақт топилса, шу вақт ўтиши билан у аёлнинг зиммасига ўша намозни ўқиш қарз бўлиб қолади. Шунга кўра ушбу вақт ўтиши билан унга поклик ҳукми собит бўлиб қолган бўлади. Поклик ҳукми собит бўлгандан кейин эса ғусл қилмасдан туриб ҳам жинсий яқинлик қилиш ҳалол бўлади.

Ушбу икки ҳукм ўртасидаги фарқни битта мисол билан тўлиқ тушуниб олиш мумкин бўлади. Масалан: беш кун ҳайз кўриш одати бор аёлнинг ушбу одати тўлиқ ўтгандан сўнг аср намози вақти кирган пайтда ҳайзи тугаса, унга ғусл қилиш билан поклик ҳукми собит бўлади. Яъни, бу аёлга “намоз зиммасига қарз бўлиб қолиш”нинг мутлақо алоқаси йўқдир. Чунки намознинг аввалги вақтида ҳайзи тугагани учун унинг покланиши ғусл қилиш билан бўлади.

Агар шу аёл аср вақти чиқиб кетаётган пайтда ҳайзи тугаса, унда қарайди агар ғусл қилиб “Аллоҳу акбар”ни айтишга улгурадиган вақт қолган бўлса, ғусл қилса ҳам, қилмаса ҳам шу вақтнинг чиқиб кетишининг ўзи билан унга поклик ҳукми собит бўлган бўлади. Яъни, мазкур вақт ўтиши билан намоз унинг зиммасига қарз бўлиб қолгани сабабли ғусл қилмасдан олдин ҳам унга жинсий яқинлик қилиш ҳалол бўлиб қолган бўлади. Чунки намоз ҳайздан пок аёлнинг зиммасига собит бўлган бўлади.

Ҳанафия мазҳабига кўра “Аллоҳу акбар”ни айтиб намозга кириш миқдоридаги вақт намознинг охирги вақти ҳисобланади. Моликия мазҳабига кўра эса бир ракат ўқийдиган миқдор намознинг охирги вақти ҳисобланади. Шунинг учун ҳанафия мазҳабига кўра ғусл қилиб “Аллоҳу акбар” дейиш миқдорича муддат илгари қони тўхтаган аёлнинг зиммасига ўша намозни ўқиш вожиб бўлиб қолади. Намоз вожиб бўлган аёл эса пок ҳукмида бўлади.

Одатий вақтидан олдин тугаши

Агар ҳайз одатдаги вақтидан олдин, уч кундан ортиқ вақтда тугаса, ғусл қилса ҳам то одатий вақти ўтмагунича жинсий яқинлик қилиш ҳалол бўлмайди. Масалан беш кун ҳайз кўриш одати бор аёл тўрт кунда қони тўхтаб

ғусл қилса ҳам то беш кун тўлиқ ўтмагунича унга жинсий яқинлик қилиш ҳалол бўлмайди.

8. Ҳайз тугаши билан ғусл қилиш лозим бўлади

Ҳайз қони тугаши билан ғусл қилиш вожиб бўлади. Агар сув топа олмаслик ёки сувдан фойдалана олмаслик сингари таяммум қилиши жоиз бўладиган бирор узри бўлса, то мазкур узр кетгунича таяммум қилиб туриши лозим бўлади. Мазкур узр кетиши билан ғусл қилиши вожиб бўлади. Ҳайздан покланиш учун ғусл қилиш ҳам жунубликдан покланиш сингари бўлиб, оғизни яхшилаб чайиш, бурунга сув тортиб яхшиб чайиш ва барча аъзоларга тўлиқ сув етказиш билан бўлади.

Аллоҳ таоло барча муслима опа-сингилларимизни динларининг талаби бўлган ҳукмларга амал қилиб яшаш бахтига муваффақ қилсин.

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин.

Абдулқодир Абдур Раҳим