Deprecated: Methods with the same name as their class will not be constructors in a future version of PHP; interface_custom_tag_widget has a deprecated constructor in /home/nasihat1/public_html/wp-content/themes/interface/inc/widgets/interface_widgets.php on line 130

Deprecated: Methods with the same name as their class will not be constructors in a future version of PHP; interface_service_widget has a deprecated constructor in /home/nasihat1/public_html/wp-content/themes/interface/inc/widgets/interface_widgets.php on line 200

Deprecated: Methods with the same name as their class will not be constructors in a future version of PHP; interface_promobox_widget has a deprecated constructor in /home/nasihat1/public_html/wp-content/themes/interface/inc/widgets/interface_widgets.php on line 309

Deprecated: Methods with the same name as their class will not be constructors in a future version of PHP; interface_recent_work_widget has a deprecated constructor in /home/nasihat1/public_html/wp-content/themes/interface/inc/widgets/interface_widgets.php on line 379

Deprecated: Methods with the same name as their class will not be constructors in a future version of PHP; interface_Widget_Testimonial has a deprecated constructor in /home/nasihat1/public_html/wp-content/themes/interface/inc/widgets/interface_widgets.php on line 527

Deprecated: Methods with the same name as their class will not be constructors in a future version of PHP; interface_featured_image_widget has a deprecated constructor in /home/nasihat1/public_html/wp-content/themes/interface/inc/widgets/interface_widgets.php on line 695
РЎЗА ТУТИШГА ФАЗИЛАТЛИ КУНЛАР – Nasihat.uz

РЎЗА ТУТИШГА ФАЗИЛАТЛИ КУНЛАР

РЎЗА ТУТИШГА ФАЗИЛАТЛИ КУНЛАР

РЎЗА ТУТИШГА ФАЗИЛАТЛИ КУНЛАР

Рўза ибодати энг улкан ибодатлардан бўлиб, бу ибодат туфайли банда ўзини ҳавойи нафсга қарши курашга ўргатиб боради. Ҳадиси шарифларда рўза тутувчиларга кўплаб хушхабарлар берилган:

عَنْ أَبِى سَعِيدٍ الْخُدْرِىِّ رَضِىَ اللهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ مَا مِنْ عَبْدٍ يَصُومُ يَوْمًا فِى سَبِيلِ اللَّهِ إِلاَّ بَاعَدَ اللَّهُ بِذَلِكَ الْيَوْمِ وَجْهَهُ عَنِ النَّارِ سَبْعِينَ خَرِيفًا . رَوَاهُ مُسْلِمُ

Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: қайси бир банда Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутадиган бўлса, албатта Аллоҳ ўша кун сабабли унинг юзини (яъни унинг бутун танасини) дўзахдан етмиш кузга (етмиш йиллик масофага) узоқлаштиради. Муслим ривоят қилган.

Шунинг учун соғлом мусулмон киши ўз танасининг ва аҳли оиласининг ҳақларига нуқсон етказмайдиган даражада кўпроқ нафл рўза тутиши мустаҳаб саналади. Шу маънода Ислом шариатида баъзи кунларнинг фазилатли экани баён қилиниб, уларда рўза тутишга тарғиб қилинган. Бундай кунларнинг асосийлари қуйидаги кунлардир:

1. Кечалари тўлин ой бўладиган кунлар (Аййамул бийз)да рўза тутиш. Ҳар бир қамарий ойларнинг ўн учинчи, ўн тўртинчи ва ўн бешинчи кунлари “Аййамул бийз” яъни, кечалари тўлин ой бўладиган кунлар ҳисобланади. Бу ҳақида машҳур саҳобий Абу Зар розияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энг кечалари ой тўлин бўладиган кунларнинг: ўн учинчи, ўн тўртинчи ва ўн бешинчи кунларнинг рўзаларини тутишга буюрганлар”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур кунларда рўза тутишга катта иштиёқ кўрсатганлар. Ҳатто Имом Насоий ва Тобаронийлар ривоят қилган ҳадисда

كَانَ لَا يُفْطِرُ أَيَّامَ الْبِيضِ فِي حَضَرٍ وَلَا سَفَرٍ

“У зот алайҳиссалом “бийз кунлари” муқимликда ҳам, сафарда ҳам оғизларини очмас эдилар”, дейилган.

2. Душанба ва пайшанба кунлари рўза тутиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам душанба ва пайшанба кунлари рўза тутганлар ва бошқаларни ҳам бу кунларда рўза тутишга ундаб шундай деганлар:

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ تُعْرَضُ الأَعْمَالُ يَوْمَ الاِثْنَيْنِ وَالْخَمِيسِ فَأُحِبُّ أَنْ يُعْرَضَ عَمَلِى وَأَنَا صَائِمٌ رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Душанба ва пайшанба кунлари амаллар (Фаришталар томонидан Аллоҳ таолога) кўрсатилади. Мен амалларим рўзадор ҳолимда кўрсатилишини яхши кўраман”. Термизий ривоят қилган.

3. Ашуро куни рўза тутиш. Ашуро куни деганда луғавий жиҳатдан “ўнинчи кун” маъносини англатади. Истилоҳда эса Муҳаррам ойининг ўнинчи куни ашуро куни ҳисобланади. Ашуро куни рўзасига тўққизинчи кунини ҳам қўшиб тутиш афзал саналади. Бу кундаги рўза ҳақида ҳам кўплаб ҳадислар келган. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ашуро куни рўзасини тутганлар ва бу куннинг рўзасини тутишга буюрганлар. Тўққизинчи кун ҳам рўза тутиш ҳақида “иншаалллоҳ келгуси йил тўққизинчи кун ҳам рўза тутамиз” деганлар. Аммо келгуси йил ушбу кун келгунича у зот алайҳиссалом вафот этганлар. Бошқа бир ҳадисда эса ашуро куни рўзаси нақадар савобли эканини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай баён қилганлар:

وَصِيَامُ يَوْمَ عَاشُورَاءَ أَحْتَسِبُ عَلَى اللهِ أَنْ يُكفِّرَ السَّنَةَ الَّتِي قَبْلَهُ

Ашуро куни рўзаси тутиш ўтган бир йилга каффорот бўлади, деб Аллоҳ таолодан умид қиламан. Муслим ривоят қилган.

4. Арафа куни рўза тутиш. Ҳаж амалларини адо этаётган ҳожилар арафа куни рўза тутмайдилар. Аммо улардан бошқа кишилар учун арафа кунида рўза тутиш ниҳоятда савобли амаллардан саналади. Шунинг учун имкон қадар бу кунда рўза тутишга ҳаракат қилиш лозим. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай хабар берганлар:

عَنْ أَبِي قَتَادَةَ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: صِيَامُ يَوْمِ عَرَفَةَ إِنِّي أَحْتَسِبُ عَلَى اللهِ أَنْ يُكَفِّرَ السَّنَةَ

الَّتِي بَعْدَهُ وَالسَّنَةَ وَالَّتِي قَبْلَهُ رَوَاهُ مُسْلِمُ

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Арафа куни рўза тутиш ўзидан кейинги бир йилга ва одинги бир йилга каффорот бўлади, деб Аллоҳ таолодан умид қиламан. Муслим ривоят қилган.

5. Шаввол ойида олти кун рўза тутиш. Рамазон ойидан сўнг Шаввол ойида ҳам олти кун рўза тутишга улкан ажр мукофотлар ваъда қилинган:

عَنْ أَبِى أَيُّوبَ الأَنْصَارِىِّ رضى الله عنه أَنَّهُ حَدَّثَهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ مَنْ صَامَ رَمَضَانَ ثُمَّ أَتْبَعَهُ سِتًّا مِنْ شَوَّالٍ كَانَ كَصِيَامِ الدَّهْرِ رَوَاهُ مُسْلِمُ

Абу Аййуб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини гапириб берган: “Кимки Рамазон рўзасини тутса, сўнгра Шавволдан олти (кун)ни эргаштирса, тўлиқ бир йил рўза тутгандек бўлади”. Муслим ривоят қилган.

Ушбу олти кун рўзани кетма-кет тутиш ҳам ёки бўлиб-бўлиб тутиш ҳам жоиз ҳисобланади.

6. Муҳаррам ва Шаъбон ойларида кўпроқ рўза тутишга ҳаракат қилиш. Бу ойлар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп рўза тутган ойлар ҳисобланади. Бунга Оиша розияллоҳу анҳонинг сўзлари ёрқин далилдир: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Шаъбон ойидан кўра кўпроқ (нафл) рўза тутганларини кўрмаганман”.

Муҳаррам ойида рўза тутиш ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай хабар берганлар:

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم « أَفْضَلُ الصِّيَامِ بَعْدَ شَهْرِ رَمَضَانَ شَهْرُ اللَّهِ الْمُحَرَّمُ رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Рамазон ойидан сўнг рўзаларнинг энг афзали Аллоҳнинг ойи Муҳаррам (рўзаси)дир”. Термизий ривоят қилган.

7. Зулҳижжа ойида тўққиз кун рўза тутиш. Зулҳижжа ойининг аввалги тўққиз кунида яъни, қурбон ҳайити кунигача рўза тутиш ҳам афзал рўзалардан ҳисобланади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазкур кунларда рўза тутишлари ривоят қилинган. Зулҳижжа ойининг аввалги тўққиз куни нафл рўза тутишдан ташқари имкон қадар такбир, таҳлил ва таҳмид айтиш ҳамда тавба қилиш сингари солиҳ амалларни кўпайтиришга тарғиб қилинган кунлар ҳисобланади. Ушбу кунларни гўзал амаллар билан ўтказиш бахтига Аллоҳ таоло барчаларимизни муваффақ қилсин.

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога салавот ва саломлар бўлсин!

Абдулқодир Абдур Раҳим