Фарзанд тарбияси аҳамияти

Фарзанд тарбияси аҳамияти

Фарзанд тарбияси аҳамияти

   Инсон умр давомида ўзидан яхши ном қолдириш ва Охиратда юзи ёруғ бўлиши учун интилиб келади. Бунинг учун қўлидан келган барча ишни қилишга ҳаракат қилади. Инсон ҳаётлик даврида савобли ишларни қилиб олмаса Қиёмат куни юзи қора бўлиб қолади. Чунки инсон вафот этиши билан савобли ишлар амал дафтарига ёзилиши ҳам тўхтайди. Лекин ҳадисда айтилганидек, солиҳ фарзанднинг қилган дуоси ота-онасига бориб туради.

   Бу сўз бир қараганда ота-онага тасалли беради. Лекин айрим ота-оналарга тушкун кайфият “улашиши” ҳам ҳеч гап эмас. Чунки ўз фарзанди ота-онасини дуо қилишига кўзи етмайдиган инсонлар орамизда кўплаб топилади. Сабабини ўзлари ҳам билишади, оддий, ота-она фарзанди тарбияси эътиборсиз бўлиш.

   Инсон бу дунёда берилган кўп неъматлар имтиҳон ва синов учун бўлгани каби фарзанд неъмати ҳам имтиҳондир. Аллоҳ таоло айтади: “Сизларнинг мол-мулкларингиз ва фарзандларингиз фақат бир синовдир” (Тағобун сураси 15 оят). Кимдир бу синовдан муовфаққиятли ўтса, кимдир ундан йиқилади. Яъни инсон фарзандини чиройли тарбия қилса, савоб-гуноҳ, ҳалол-ҳаром ва яхши-ёмон каби амалларга риоя қилишни ўргатса Қиёмат кунида фарзанди ҳақида сўралганида Аллоҳ таолони рози қиладиган жавоб бериши умид қилинади. Фарзандига ҳалол-ҳаромни ўрганмаган, Аллоҳни танитмаган, Қуръонни ўқитмаган ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларини ўргатмаган кишининг савол-жавоби оғир бўлади. Қиёмат куни фарзанд ота-онаси Аллоҳни танитмаганини даъво қилади. Аллоҳнинг тоатида улғаймаган фарзанд ота-онасига душман бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Бу ҳақида Аллоҳ таоло: “Эй мўминлар! Албатта, хотинларингиз ва фарзандларингиздан сизлар учун душман (бўладиганлари) ҳам бордир. Бас, улардан эҳтиёт бўлингиз!…” (Мунофиқун сураси 9 оят).

   Хулоса қилиб айтганда, инсон фарзанд тарбиясига аҳамият қаратиши керак. Бу йўлда динимиз кўрсатмаларига амал қилиши биринчи навбатдаги дастури амал ҳисобланади. Шунингдек, фарзанд тарбиясида кўрсатма ва тавсияларга амал қилиш билан бирга Аллоҳ таолодан фарзандлари салоҳиятли бўлишини доим сўраб туришни ёддан чиқармаслик керак.

“Аҳмаджон қори” жоме масжиди имом хатиби

Эргашев Муҳаммадий