Ривоят

Ривоят

Ривоят

    Кекса ёшли бир отахон даштга чиқиб анор кўчатларини экаётган эдилар. Ўша ердан от минган шаҳзода ўтиб қолди. У отахонни ёшини сўраб деди:

   -Ёшингиз тўқсондан ошибди, бир оёғингиз тўрда, бир оёғингиз гўрда бўлса, жонингизни қийнаб нима қиласиз? Уйда тинчгина ўтирсангиз бўлмайдими?

    Отахон боғ қилишнинг савоблигини, Расулуллоҳ (с.а.в) қиёмат бошланган чоғда қўлингизда ниҳол тутиб турган бўлсангиз, экиб қўйишга урининг, деб марҳамат қилганларини тушунтириб ўтирмай, қисқагина қилиб: “Умидли дунё-да, шаҳзодам”, дедилар. Отахоннинг бу гапларини қуримсоқлик, дунёга тўймаслик деб англаган шаҳзода ўйламасдан деди:

    -Агар шу кўчатлар амал олиб, ҳосил берса-ю унинг мевасидан татиб кўриш сизга насиб этса менинг хотиним талоқ бўлсин!

 Отахон шаҳзоданинг енгилтаклигидан ранжисалар ҳам, индамай қолавердилар.

   Орадан йиллар ўтди. Дашт анорзорга айланди. Шаҳзоданинг отаси вафот этиб, тахтга ўтирди. Куз кунларининг бирида шоҳ шу анорзор ёнида ўта туриб, чанқоғини босмоқни иҳтиёр қилди, боғбонни чақириб, бир пиёла анор суви сўради.

Ажабки, даштга ниҳол экаётган отахонни танимади. Отахон ичкари кириб, анорни сиқиб, шарбатни шоҳга тутди. Шарбат шоҳга тахир туюлиб, бошқа анорни сиқишни буюрди.

Иккинчиси чучук туюлди. Кейингилари ҳам ёқмай ғазабланди-да:

“Ҳой чол, қанақа бефаросат одамсан, шарбатни аввал ўзинг татиб кўриб, кейин менга узатмайсанми?”, деди.

   -Узрлиман, шоҳим, мен татиб кўра олмайман, -дедилар отахон.

   -Нега?- деб ажабланди шоҳ.

   -Агар мен ҳатто бир томчисини татиб кўрсам ҳам, сизнинг хотинингиз талоқ бўлади.

Шунда шоҳ отахонни таниди, ёшлигида айтган гапини ҳам эслаб, отдан тушди. Умидсизлик билан яшаш нақадар ёмон эканлигидан узр сўради.

Банда баъзан орзу узунлигига банди бўлиб қолганини ўзи ҳам сезмайди. Бу ҳол ризққа қаноат қилмаслик деб баҳоланади.

“Виждон уйғонур” китобидан Хадичаи Кубро 2-курс талабаси Мамажонова Мадина тайёрлади.